- Жамият, Маънавият, Қарор ва ижро   1 330

ФАОЛЛИК ЗАРУР!

Ҳар бир фан учун фан ойлиги бўлиб, октябрь – она тили ва адабиёт фани устозлари фан ойлигидир. Бу бежиз эмас, чунки 21-октябрь ўзбек тилига давлат тили берилган кун.

Унутилмас сана – она тилимизга Давлат тили мақоми берилганлигининг 31 йиллиги муносабати билан мактабларда ҳамкасб ўқитувчилар томонидан ўқувчиларга диктант ва иншолар ёздирилди, “Тил байрамлари” ташкил этилди. Шу билан бирга она тили ва адабиёт фани ўқитувчилари “Она тилим – ғурурим” мавзусида иншо ёздилар. Буларнинг ҳаммаси яхши, маънавият-маърифат тарғиботи ва миллий тарбияни ўстиришдек фойдали фаолият йўлида ғоят аҳамиятли, албатта.

 Ўтказилган тадбирларда қатнашиб, ёзма ишларни таҳлил этарканмиз, қуйидаги фикрларимизни ҳам айтиб ўтгимиз келди. Чунончи “Тил байрамлари”нинг, айниқса туман мусиқа ва санъат мактаби, 6-, 14- ҳамда бошқа бир нечта мактабларда бўлганларини талаб даражасидагидек, деб баҳолаш мумкин. “Она тилим – ғурурим” мавзусида иншо ёзиш топшириғи гарчанд барча ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчиларига берилган бўлса ҳам 30 фоиздан ошиқ ҳамкасбларимиз ёзган ижодий ишларини тақдим этдилар, холос. 

Яна бир мулоҳаза, маълумки Ёзёвондан Алишер Тошқулов, Ўктамхон Солиева, Дилшод Масобиров, Араббой Умаров каби китоблари чоп этилган, шеър ва мақолаларида она тилимиз таровати, халқлар дўстлиги улуғланган ўз шоирларимиз етишиб чиққан. Аммо уларнинг ижод намуналаридан тадбирлар ўтказишда фойдаланилмайди. Агар маҳаллий ижодкорларнинг шеърларидан кўпроқ фойдаланилса нур устига аъло нур бўларди-да.

 Хулоса шуки, она тилини тарғиб этиш, улуғлаш, болаларнинг уни ардоқлашга ўргатиш ўзбек тили ва адабиёти фани муаллимларининг биринчи галдаги вазифалари. Ушбу эзгу мақсад йўлида нафақат октябрь, балки йил давомида улар фаол бўлишимиз лозим. Зеро она тилини севган инсон юртини эъзозлаб, Ватанига содиқ фарзанд бўлиб улғаяди.

Ёдгорой ХОЛИҚОВА,

 туман халқ таълими бўлими услубчиси.