- Жамият, Турфа олам   1 101

ЗАРАРКУНАНДАЛАРГА ҚАРШИ КУРАШИШНИНГ АЙНИ ПАЛЛАСИ

Космосга қовун учирган, “халқ академиги” номига сазовор бўлган Абдасхон ота Алигавҳаров Фарғоналик эди. У томонидан 70 турдан ортиқ қовун навлари яратилган бўлиб, улар ўзига хос таъми билан машҳурликка эришган. 1981 йилда космосга — космонавтлар Анатолий Березевой ва Валентин Лебедевга ўзи парваришлаган қовунларни жўнатган. Лекин ҳозир сўз бошқа мавзуда, “халқ академиги”нинг набираси, ўз вазифасини сидқидилдан бажараётган Алигавҳархон Абдазизов ҳақида. У вилоят ўсимликлар карантини давлат инспекцияси Қўштепа тумани агроном-инспектори. Қолганини инспекторнинг ўзи айтиб беради.

Мен вилоят ўсимликлар карантини давлат инспекцияси Қўштепа тумани агроном-инспектори бўлиб ишлайман. Ҳозирда тумандаги жами 25 минг гектар майдонга яқин ерлардаги боғлар, узумзорлар, иссиқхоналар, қишлоқ хўжалиги ерлари, аҳоли таморқасидаги ўсимликлар оламига зиён етказиши мумкин бўлган карантин организмларга қарши назорат ишлари олиб бораман. Нафақат туманимиз, балки вилоятимиз фитосанитар ҳолатининг барқарорлигини таъминлаш менинг вазифам. 

Бугунги кунда республикасмизда ўнта ички карантин организм рўйхатга олинган бўлиб, улардан етитаси вилоятимиз ҳудудида қайд этилган. Ҳозирда барча мевали боғлар ҳосилига, дарахтларга жиддий зиён етказувчи барча турдаги зарарли хашоратлар уйғонмоқда. Айни кунларда уларга қарши кураш чоралари кўрилмаса, кейин курашишнинг имкони бўлмайди. Буни боғбонларга, ер эгаларига тушунтиришмиз лозим.

Шуни инобатга олган ҳолда туманимиз ҳудудидаги боғларнинг фитосанитар ҳолати барқарорлигини таъминлаш учун барча фермер хўжаликлари, боғбонлар умумлашган қарши кураш тадбирларини  амалга оширишлари шартлиги бўйича уларга атрофлича тушунчалар бермоқдаман. Айниқса, кейинги йилларда зарарли ҳашоратларга қарши кимёвий кураш усули кенг қўлланилмоқда, аммо бунинг натижасида табиатдаги мувозанат бузилиб, зараркунандалар билан бирга тупроқ унумдорлиги ва ўсимликларнинг ҳосилдорлиги, мева-сабзавотларнинг экологик тоза бўлишида муҳим бўлган фойдали ҳашоратлар ҳам нобуд бўлмоқда. Мева-сабзавотларнинг фитосанитар тозалиги пасаймоқда. Шунинг  учун ҳам зарарли организмларга қарши курашда биологик кураш усулларидан фойдаланиш мақсадга мувофиқдир. Бу борада ҳам назорат ишлари давомида ер эгаларига маълумотлар бериб бормоқдаман.

Масалан, мевали боғларга карантин зарарли организмларнинг уйғониш, учиш даврларини, ривожланишини прогноз қилиш мақсадида ўрнатилиши керак бўлган феромон тутқичларни вақтида ва кўпроқ қўйиш ҳам уларга қарши биологик курашда ёрдам беради.  Яъни бунда таклиф этилгандек икки гектарга битта эмас, бир гектарга тўрттадан ўнтагача феромон тутқичлар қўйиш самарали бўлади. Шунда зараркунандаларнинг нафақат тарқалишини назорат қилиш мумкин, балки уларга қарши биологик тарзда курашилган ва ҳозирда зарарли организмлар билан бирга уйғонаётган олтинкўз, хонқизи, трихограмма каби фойдали ҳашаротларни ҳам сақлаб қолган бўламиз. Лекин бир нарсани унутмаслик лозимки, бундай тадбирларнинг фақат бир неча боғларда амалга оширилиши самарасиздир. Сабаби қўшни ҳудудлардаги мевали боғларда ривожланишда давом этаётган организмлар  зарарсизлантирилган боғларга учиб ўтиб зиён етказишда давом этиши мумкин. Шунинг учун ҳам, фитосанитар тоза ва мўл ҳосил олиш учун бундай тадбирларни боғбонларимиз умумлашган тарзда олиб боришлари лозим.

Бунинг учун эса ҳозирда боғбонларимизга етарлича шароитлар яратилиб келинмоқда. Хусусан, жойлардаги ўсимликлар клиникаларида зараркунанданинг турига қараб ўн етти турдан ортиқ хилдаги феромон тутқичлар мавжуд.

Алигавҳархон АБДАЗИЗОВ,

вилоят Ўсимликлар карантини

давлат инспекцияси агроном-инспектори.