Юртимизда Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган кенг қамровли тадбирлар ўтказиляпти. «Файзли дўстлар» мажмуасида туман ҳокимлиги ташаббуси билан «Уч авлод учрашуви» маданий-маърифий тадбири ташкилланди. Тадбирга Ёзёвон тумани тараққиётига ҳисса қўшган уста деҳқонлар, зиёлилар, собиқ раҳбарлар, ҳозирги кунда халқ хўжалигининг турли соҳаларида меҳнат қилаётган юртдошларимиз ҳамда эртанги кун эгалари бўлган ёшлар таклиф қилиндилар.
Тўкин байрам дастурхони атрофидан жой олган меҳмонларни туман ҳокими Дилшоджон Джалилов бошлиқ сектор раҳбарлари самимий табрикладилар.
Туман ҳокими Президентимиз бошчилигида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ёшларга яратилаётган шароитларга алоҳида тўхталди. Катта авлод вакилларига қилган ишлари учун миннатдорчилик изҳор қилинди. Ўрта авлод ишларига муваффақият тиланди. Ёшларга ишонч билдирилди.
Тадбир қатнашчиларига туман ҳокимлигининг қимматбаҳо совғалари топширилди.
Маданият бўлими бадиий ҳаваскорлари хизматда бўлишди.
Азимжон ХУДОЙҚУЛОВ.