- Жамият, Туман янгиликлари   922

ТАЖРИБА ҚИЛИШГА ҲАҚҚИМИЗ ЙЎҚ, синовдан ўтган дори воситаларидан фойдаланишимиз керак

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров тумандаги фермерлар билан учрашди.

“Ҳамкор намуна” фермер хўжалиги дала шийпонида тумандаги фермерлар томонидан қишлоқ хўжалиги бўйича амалга оширилган ишлари таҳлил қилинди.

Йиғилишда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров бош туман ҳокими Дилшоджон Джалилов, туман сектор раҳбарлари, вилоят, туман қишлоқ хўжалигига дахлдор масъуллар ҳамда фермерлар иштирок этдилар.

Вилоят раҳбари сўзи аввалида дунёдаги бўлаётган беқарор вазиятга тўхталиб, бундан тўғри ҳулоса қилиш кераклигини йиғилганларга таъкидлади.

Вилоят қишлоқ хўжалик бошқармаси бошлиғи Абдуқаҳҳор Қодиров ишчи гуруҳ туман фермер хўжаликлари томонидан экилган пахта майдонларини ўрганиш натижаларини батафсил маълум қилди.

Туман бўйича пахта майдонларининг 61 фоизи яхши, 27,5 фоизи ўрта, 11,5 фоизи қолоқ. Шунингдек, “Фозил Жасур Бахти”, “Фар Отабек—2020”, “Кенжа Акрам Худоёр”, “Мирзабой”, “Азамжон”, “Фар Аббосхон—2002”, “Файзли Янгибўстон”, “Карим ота” ва бир қатор фермерларнинг пахта майдонларида кўсак қурти ва беда қандаласи зараркунандалари кўчатларга зиён етказгани ва хўжалик раҳбарлари томонидан агротехник ишлар вақтида амалга оширилмаганини гапирди.

– Пахта кўчатларидаги касалликни кўрсаккина унга қарши иш олиб боришимиз энг катта хатоимиз, – деди вилоят ҳокими. – Профилактикани вақтида қилсак натижа яхши бўлади, ҳосилни ушлаб қоламиз. – Зараркунандаларга қарши курашишимизда ҳам тажриба қилишга ҳаққимиз йўқ, синовдан ўтган дори воситаларидан фойдаланишимиз керак.

Вилоят ҳокими Х.Бозоров йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш учун фермер хўжалиги раҳбарларини огоҳлантириб, бир ҳафта муддат бериб, назоратини масъулларга юклади.

Шунингдек вилоят раҳбари томонидан ер сотиш масаласига ҳам алоҳида урғу берилиб, бундай ишлар бўлмаслиги кераклигини уқтирилди.

Раҳматилло ШОДМОНОВ.