- Ёшлар, Жамият, Маънавият, Туман янгиликлари   1 593

ИЖТИМОИЙ СОҲАДА ЎЗГАРИШЛАР

Яқинда Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Алишер Умаров бошчилигида халқ таълими, маданият, олий ва ўрта махсус, мактабгача таълим, соғлиқни сақлаш, молия вазирликлари ҳамда спорт қўмитаси ходимлари туманимиздаги ижтимоий соҳа объектлари моддий-техник базаси билан танишиш мақсадида келгуси уч йиллик дастурда мазкур соҳа объектларида қурилиш, капитал таoмирлаш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича корхона ва ташкилотларда бўлишди. Аввало, ишчи гуруҳ аъзолари вилоят инвестиция бошқармасида туманимиз ижтимоий соҳа раҳбарлари ва тегишли мутахассислар билан биргаликда келгуси уч йилликда ижтимоий соҳа объектларида бажарилиши лозим бўлган ишлар юзасидан таклифлар тайёрлашди.

Вазирнинг биринчи ўринбосари А.Умаров ҳамда вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи М.Турдиматов тумандаги 9-,12-,14-,34-,35-мактабларда бўлишиб, ободонлаштириш, таълим-тарбия, ўқитувчиларнинг дарсга тайёргарлиги, меъёрий ҳужжатлар, ўқитувчи ва ўқувчиларга яратилган шароитлар, кутубхоналар фаолияти, шунингдек, мактаблар моддий-техник базаси эҳтиёжлари билан танишиб, таклиф ва тавсияларини бердилар.

Дастлаб улар ижтимоий масалалар бўйича ҳоким ўринбосари М.Хатамов, туман прокурори Б.Усмонов ҳамроҳлигида янги ташкил этилган 35-мактабда бўлдилар. Ташриф давомида янги очилган кутубхонага 300 та бадиий ва методик адабиёт ҳамда волейбол, футбол, қўл тўпи, бадминтон спорт анжомлари совға қилишди.

Шунингдек, улар Иқтисодиёт ва маиший хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежида ҳам бўлишиб, 2019-2020 ўқув йилидан ушбу коллежни мактаб сифатида фаолият юритиши бўйича ўз таклифларини беришди. 1-мактаб фаолияти ҳам ўрганилиб, ўқувчиларга яратилган шароитлар билан танишишди. Ўқувчиларга спорт анжомлари топширилди.

Якунда туман ҳокимлигида сектор раҳбарлари, ижтимоий соҳа объектлари раҳбарлари, тегишли вазирлик ва идора раҳбарлари, ишчи гуруҳ аъзолари иштирокида ўтган йиғилишда ишчи гуруҳ раҳбари, Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари А.Умаров келгуси уч йиллик дастурда тумандаги ижтимоий-соҳа объектларида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар хусусида фикр юритди. Шундан сўнг ишчи гуруҳ аъзолари ва сектор раҳбарлари ижтимоий соҳа объектларини ривожлантириш бўйича фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Ф.ЙЎЛДОШЕВ,

туман ХТБ мудири.

Суратда: Вазирнинг

биринчи ўринбосари

А.Умаров 35-мактабда янги очилган кутубхонада.