- Жамият, Қарор ва ижро   985

ПЕНСИЯ ТАЪМИНОТИ СОДДАЛАШТИРИЛДИ

Фуқароларга давлат пенсияларини тайинлаш жараёнини соддалаштириш ҳамда пенсия ва нафақаларни етказиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида Президент қарори эълон қилинган.

Қарорда мамлакатимизда пенсионерларни ижтимоий кўллаб-қувватлашни янада кучайтириш, қариялар ва кекса ёшдагиларга ҳар томонлама ғамхўрлик қилиш, фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тизимини такомиллаштириш ва соҳада мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Бугунги кунда давлат пенсияларини тайинлашда 30 турдаги ҳужжат талаб этилади ҳамда уларни тақдим этишга масъул 14 дан ортиқ вазирлик ва ташкилотларда идоравий ахборот тизимлари, электрон ресурс ва маълумотлар базалари мавжуд эмаслиги қоғоз шаклида иш юритишдан воз кечиш ва ҳужжатларни йиғиш жараёнини рақамлаштиришга тўсқинлик қилиб келмоқда.

Давлат пенсияларини ҳисоблаш учун зарур маълумотлар электрон базасини шакллантириш, ушбу жараённи соддалаштириш, фуқароларнинг оворагарчиликларини бартараф этиш, пенсия ва нафақаларни етказиб бериш тизимини янада такомиллаштириш, шунингдек, мазкур йўналишда соғлом рақобат муҳити ва замонавий стандартларни жорий этиш мақсадида 2022 йил 1 июлдан бошлаб, давлат пенсияларини тайинлашда фуқаролардан меҳнат стажи, иш ҳақи, олий таълим муассасаларидаги ўқиш ҳамда ҳарбий хизмат даври тўғрисидаги ҳужжатларни талаб қилиш бекор қилинади. Бунда, пенсияга чиқиш ҳуқуқи пайдо бўлган чоғида ишламайдиган фуқароларга ўзларининг меҳнат дафтарчаларидаги меҳнат стажи тўғрисидаги маълумотларни Бандликка кўмаклашиш марказларига мурожаат қилиш орқали «Ягона меҳнат миллий тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплекси (кейинги ўринларда — ЯММТ ИДАК)га киритиш хизмати жорий этилади.

Давлат пенсияларини тайинлаш ЯММТ ИДАКга киритилган электрон маълумотлар асосида амалга оширилади. Бунда, меҳнат стажи, иш ҳақи, олий таълим муассасаларидаги ўқиш ҳамда ҳарбий хизмат даври тўғрисидаги ҳужжатлар Пенсия жамғармаси томонидан ЯММТ ИДАКдан фойдаланган ҳолда электрон маълумотлар алмашинуви асосида олинади.

Давлат пенсияларини тайинлаш учун фуқаролардан фақат паспорт ёки идентификация ID-картаси талаб этилади.

С.ҲУСАНОВ,

Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси туман бўлими бошлиғи.