Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 24 август куни “Мулк ҳуқуқининг дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилиш, мулкий муносабатларга асоссиз аралашувга йўл қўймаслик, хусусий мулкнинг капиталлашув даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-198-сонли қонуни қабул қилинди.
Ушбу фармон билан хусусий мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқини бевосита ёки билвосита чеклашни назарда тутувчи, мулкий муносабатларда бозор иқтисодиёти тамойилларини тўлиқ жорий этишга тўсқинлик қилувчи қуйидаги тартиблар, талаблар ва чекловлар 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб бекор қилинди:
а) ер участкаларига бўлган ҳуқуқлардан фойдаланиш соҳасида:
ер участкаларига бўлган ҳуқуқнинг вужудга келиши учун асос бўлган ҳужжатларни, шу жумладан Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳужжатларини уларнинг ўзи ёки юқори турувчи орган ва мансабдор шахслар томонидан, хусусан прокурор протести асосида бекор қилиш йўли билан ер участкасига бўлган ҳуқуқни тугатиш, бундан ушбу ҳужжатларни суд томонидан бекор қилиш ёки ҳақиқий эмас деб топиш ҳолатлари мустасно;
ер участкасидан ихтиёрий воз кечилганда унга бўлган ҳуқуқнинг бекор қилинишини Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарори билан расмийлаштириш. Бунда, ер участкасидан ихтиёрий воз кечиш тўғрисида нотариал тасдиқланган ариза ушбу ер участкасига бўлган ҳуқуқларни бекор қилиш учун асос бўлиб ҳисобланади;
юридик шахс тугатилиши муносабати билан унинг ер участкасига (қишлоқ хўжалиги ерларидан ташқари) бўлган ҳуқуқларини бекор қилиш. Бунда, ушбу ҳуқуқлар юридик шахс муассисларига (иштирокчиларга), агар қонунчиликда, таъсис ҳужжатларида ёки муассислар ўртасидаги келишувга мувофиқ бошқача шартлар назарда тутилмаган бўлса, уларнинг юридик шахсдаги улушига (қўшилган ҳиссасига) мутаносиб равишда ўтказилади;
ер участкаларини жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйишда компенсация сифатида давлат мулкидаги бошқа кўчмас мулк объектини мулк қилиб бериш, бундан кўп квартирали уйларда жойлашган турар жой объектлари мустасно;
б) турар жойга бўлган мулкий ҳуқуқларни амалга ошириш соҳасида:
турар жойга нисбатан мулкий ҳуқуқларга ёки турар жой мулкдори билан қариндошлик алоқаларига эга бўлмаган шахсларни ушбу турар жойдан доимий рўйхатдан чиқариш учун уларнинг розилигини олиш, бундан тарафлар ўртасида бошқача келишув тузилган ҳолатлар мустасно;
суд томонидан турар жойга нисбатан инсофли эгалловчи деб топилган жисмоний шахсдан ушбу турар жойни унга нисбатан мулк ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб уч йил ўтгач натура шаклида талаб қилиб олиш;
в) жисмоний ва юридик шахсларга мулк ҳуқуқи билан тегишли бўлган бино ва иншоотлар, транспорт воситаларидан фойдаланиш соҳасида — мулкий ҳуқуқларнинг вужудга келиши учун асос бўлган маъмурий ҳужжатларни ушбу ҳужжатни қабул қилган ёки юқори турувчи маъмурий орган ва мансабдор шахслар томонидан, хусусан прокурор протести асосида бекор қилиш йўли билан ҳуқуқларни тугатиш, бундан ушбу ҳужжатларни суд томонидан бекор қилиш ёки ҳақиқий эмас деб топиш ҳолатлари мустасно;
г) корпоратив муносабатлар соҳасида:
давлат органлари томонидан давлат иштирокидаги корхоналар мол-мулкини тасарруф этиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ёки бошқа кўринишдаги маъмурий ҳужжатлар қабул қилиш амалиёти. Бунда, хўжалик жамиятининг устав фондидаги (капиталидаги) давлат улушига (акцияларига) эгалик қилувчи давлат органлари улушдор (акциядор) сифатида қарорлар қабул қилишни (овоз беришни) юқори турувчи давлат органи билан ёзма тарзда келишиб олиши мумкин;
юридик шахсларнинг устав фондидаги (капиталидаги) гаровга қўйилган улушларни (қўшилган ҳиссаларни) гаровга олувчининг розилигисиз тасарруф этиш амалиёти. Бунда, мазкур розилик олинмаганлиги таъсис ҳужжатларига киритилган ўзгартиришларни давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш учун асос бўлиб ҳисобланади, бундан қонунда назарда тутилган ҳоллар мустасно.
Шунингдек формон билан 2023 йил 1 январдан бошлаб Кадастр ва кўчмас мулкларни рўйхатдан ўтказиш интеграцион ахборот тизими (кейинги ўринларда — UZKAD тизими) кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестри ҳамда кўчмас мулк объектлари ҳақидаги маълумотлар юритиладиган, маълумотларининг ҳақиқийлиги ва ишончлилиги давлат томонидан кафолатланадиган ягона ахборот тизими этиб белгиланди.
Бундан ташқари, мазкур фармонда Адлия вазирлиги, Бош прокуратура, Олий суд, Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Савдо-саноат палатасининг мулк ҳуқуқи дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилиш, мулкий муносабатларга асоссиз аралашувни чеклаш мақсадида қуйидаги ҳуқуқий институтларни қонунчиликда ва юридик амалиётда қўллаш кўламини янада кенгайтириш тўғрисидаги таклифига розилик берилди:
а) фуқаролик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш усулларини, бунда:
инсофли эгалловчининг мулкий ҳуқуқлари ҳимоя қилинади, мулкдорнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашнинг молиявий механизмлари қўлланилади;
кредит таъминоти сифатида гаровга қўйилган мол-мулк белгиланган тартибда аукцион орқали сотилганда, кредиторнинг розилигига кўра, сотиб олувчига мулкнинг қийматини уч йилгача бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқи берилади;
б) маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортиш учун асос бўладиган хусусий мулк ҳуқуқини бузиш ҳолатлари рўйхатини, бунда, мансабдор шахслар ва хизматчиларнинг қонунда тўғридан-тўғри кўрсатилган ҳолатлардан ташқари қуйидаги ҳаракатлари хусусий мулк ҳуқуқини эркин амалга оширишга аралашиш ва дахлсизлигини бузиш деб ҳисобланади ҳамда уларга нисбатан жиноий жавобгарликка тортишгача бўлган чоралар қўлланилишига асос бўлади:
мулкка эркин эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва тасарруф этишни чеклаш, тақиқ қўйиш, мулкий ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни асоссиз рад этиш ёки бошқача ҳар қандай кўринишда мулкдор ёки унинг мулкий ҳуқуқларига таъсир ўтказиш;
мулкдорнинг хўжалик фаолиятига ёки мол-мулкдан фойдаланиш натижасида олинадиган ҳосил ва маҳсулотни реализация қилиш ҳамда даромадларни тасарруф этишга аралашиш;
хусусий мулк объекти ва у жойлашган ҳудудга, шу жумладан турар жой бўлмаган кўчмас мулк объектига мулкдорнинг рухсатисиз кириш, бу ҳақда учинчи шахсларга кўрсатма бериш;
мол-мулкни ва унга бўлган ҳуқуқни бошқа шахсга ўтказиш, фойдаланишга бериш ёки бошқача тарзда тасарруф этишга аралашиш, бу тўғрисида ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиш;
мулкдорга унинг ихтиёрига зид тарзда мол-мулки билан боғлиқ ижтимоий, иқтисодий ёки бошқа давлат ва жамоатчилик вазифаларини юклаш ёхуд номақбул шартларни қўйиш;
мол-мулкдан мулкдорнинг розилигисиз ва тегишли ҳақ тўламасдан фойдаланиш;
мол-мулкка эгалик қилиш ва ундан фойдаланишга оид маълумотларни сўраш ёки бундай маълумотларни мулкдорнинг рухсатисиз ишлатиш;
мулк ва мулкий ҳуқуқлардан суд қарорисиз маҳрум этиш ёки мулкдорга улардан воз кечишга қаратилган ҳар қандай жисмоний, руҳий ёки бошқа шаклдаги мажбурлов чоралар қўллаш, тазйиқ ўтказиш ёхуд мол-мулкни тасарруф этишга доир асоссиз талабларни қўйиш;
в) қилмишнинг жиноийлигини истисно қиладиган ҳолатларни, шу жумладан унинг зарурий мудофаа турини, бунда:
мулкдор ёки унинг вакили ўз мулкини ҳар қандай тажовуздан ҳуқуқни бузишга мутаносиб равишда ва ҳуқуқ бузилишининг олдини олиш учун зарур ҳаракатлар доирасида, шу жумладан зарурий мудофаа ҳолатида ўзи ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга бўлади;
кўчар мулк ўзбошимчалик билан олиб қўйилганда мулкдор таъқиб қилиш орқали уни қайтариб олиши, кўчмас мулкка нисбатан эса унга ўзбошимчалик билан кирган ёки эгаллаб олган шахсни чиқариб юбориш орқали эгалигини тиклаши мумкин бўлади;
мулкни ўзбошимчалик билан эгаллаш ёки унга кириш ёхуд мулк дахлсизлигини бошқача тарзда бузиш қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш учун асос бўлади;
г) гумон қилинувчи, айбланувчининг мулкий ҳуқуқларига нисбатан «Хабеас корпус» институтини, бунда, суриштирувчи ва терговчининг мол-мулкни хатлаш билан боғлиқ қарорларини кўриб чиқиш учун судга киритиш назарда тутилади;
д) давлат органлари, жисмоний ва юридик шахсларнинг судга мурожаат қилиш ҳуқуқларини давлат божи орқали тартибга солиш тизимини, бунда:
давлат органлари ва ташкилотлари судларда давлат божини тўлашдан озод қилинган ҳолатларни қисқартириб, уларнинг жисмоний ва юридик шахсларнинг мулкий ҳуқуқларини чеклаш, маҳрум қилиш ёки бошқа ҳар қандай кўринишда таъсир қилишга қаратилган даъволари, аризалари ва шикоятлари учун умумий асосларда давлат божи тўланиши, давлат божини тўлаш бўйича маблағлар бюджет ташкилотларининг харажатлар сметаларига киритилиши, ушбу маблағлардан оқилона ва асосли фойдаланилаётганлигини назорат қилиш назарда тутилади;
фуқаролик судларида мол-мулкни ўзганинг ноқонуний эгалигидан талаб қилиб олиш тўғрисидаги даъволар юзасидан даъвогарлар (давлат органлари ва ташкилотлари бундан мустасно) давлат божини тўлашдан озод қилинади, бунда даъвогарнинг даъво талабларини қаноатлантириш тўлиқ ёки қисман рад этилган тақдирда, ундан талабларнинг қаноатлантирилиши рад этилган миқдорига мутаносиб равишда давлат божи ундириш назарда тутилади;
иқтисодий судларда мол-мулкка бўлган мулк ҳуқуқи тўғрисидаги даъволар юзасидан регрессив (даъво қиймати ошишига қараб давлат божи ставкаси пропорционал равишда тушиб боради) давлат божи ставкаларини қўллаш жорий этилади.
Шунингдек фармон билан мулк ҳуқуқининг дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилиш, мулкий муносабатларга асоссиз аралашувга йўл қўймаслик, хусусий мулкнинг капиталлашув даражасини ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури ҳам тасдиқланди.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, ушбу фармонда ва дастурда белгиланган вазифалар мамлакатимизда мулкдорлар ҳуқуқларини ишочли ҳимоя қилишга хизмат қилади.
И. ТУРСУНОВ,
Фарғона вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судьяси.