Тарих зарварақларида ХIII аср кўчманчи мўғуллар босқинидан халқини мардонавор ҳимоя қилган хоразмшоҳ, даврлар мобайнида халқ халоскори сифатида ўчмас из қолдирган, буюк сиймо ўлароқ муҳрланган аждодимиз Жалолиддин Мангубердидир. Орадан тўққиз аср ўтган бўлишига қарамай, халқимиз орасида унинг қаҳрамонликларига бағишланган турли достону ривоятлар ҳозирги кунгача етиб келган бўлиб, ХХ-ХХI асрда ҳам Мангуберди ҳаётига бағишлаб ёзилган ва яратилаётган асарлар йўқ эмас.
Мана шундай ижод наъмуналаридан бири, шубҳасиз, икки эл дилбанди, истеъдодли шоир Мақсуд Шайхзоданинг «Жалолиддин Мангуберди» трагедиясидир. Асар ўтган асрнинг 50 йилларида яратилган бўлиб, ижодкор унда Жалолиддин образи орқали ватанпарварлик ва миллатпарварлик туйғулари ортида турган мотивларнинг нозик манзарасини тасвирлабгина қолмай, тарихий контекстда тасвирланган шахсий садоқат, ўз ватанига муҳаббат ва ўша даврдаги сиёсий нотинчликлар ўртасидаги мураккаб ўзаро боғлиқликни ёритиб беради. Жалолиддиннинг курашлари каттароқ ижтимоий муаммоларни акс эттиради.
Бу асарга қадар адабиётимизда «Абулфайзхон» сингари драмматик асарлар мавжуд бўлиб, мазкур асар ўзининг туғилиши ва шакли жиҳатидан Софокл давридаги қадимги Юнон мумтоз трагедияларидаги фазилатларни ўзида намоён етувчи дастлабки ўзбек драмаларидан биридир, дейиш мумкин. Биринчи пардадаги хос вазифасини ижро етувчи умумий яллалар, сипоҳлар ялласи, соқчилар қўшиғи, саҳнага, шунингдек, алоҳида- овоз персонажларининг олиб кирилиши, иккинчи пардада жарчилар ва масхарабозлардан фойдаланиш, халқ образини ифодаловчи персонажга мурожаат етилиши ва бошқалар шундай дейишга асос беради. Қадимги мумтоз юнон трагедияларидаги бу хусусиятлар, моҳият еътибори билан қараганда, ўзбек драматургиясида илк бор қўлланишидир.
Бундай хусусиятлар драматургиямиз жаҳон драматургиясидаги ранг-баранг, мураккаб шакл ва тузилишларни ўтган асрнинг ўрталаридаёқ ўзлаштириш салоҳиятига ега бўлган санъаткорларимиз бўлганини кўрсатади.
Драматик асарни шеърий шаклда ёзиш муаллифдан катта поетик маҳоратни талаб етади.
АСАР ЁЗИЛИШ ТАРИХИ
Адабиётшунос Наим Каримовнинг фикрларига кўра, ҳукумат вакиллари ёзувчи, шоирлардан айнан иккинчи жаҳон уруши йилларида халқининг руҳиятини кўтариш, ватанга бўлган муҳаббатини қўллаб-қувватловчи асарлар яратишга даъват этишган. Бунинг учун бевосита ўтмишдаги жасур, эл суйган, озодлик йўлида қўлига қилич олган тарихий сиймолардан фойдаланиш керак эди. Шайхзода давр учун янгилик бўлган трагедия йўналишида Жалолиддин Мангуберди тақдирини ёритишга киришади. У ҳақида аниқ маълумот берувчи – Насафийнг «Сийрат ас-султон Жалолиддин Мангуберди», Алоуддин Атомалик Жувайнийнинг « Тарихи Жаҳонкушойи Жувайний» тарихий асарлардан фойдаланади. Ўша пайтлари Республика раҳбари ҳисобланган Усмон Юсупов шоирни асарни тезроқ якунлаши учун аёли билан Фарғонанинг Водил қишлоғига юборади. Бу ернинг ижодга ундовчи сўлим табиати, ортиқча сиёсий ишлардан узоқлиги қўл келиб, драмматик асарни олти ойга қолмасдан якунлаб Тошкентга қайтади.
Асар 5 пардадан иборат бўлиб, драмматик асар талабига тўла мос келувчи трагедия эди. Дастлаб у жамоатчилик томонидан яхши кутиб олинган бўлишига қарамай, кейинчалик совет ҳукумати томонидан қораланувчи ижод наъмуналари қаторидан жой олади. Чунки ундаги ғоя бевосита мустамлака халқ кўзини очаётган эди. Асар 1945 йилда илк бор Ҳамза номидаги ўзбек давлат театрида саҳналаштирилади, кўп вақт ўтмай саҳнадан олиб ташланади. Ижодкорни ўтмиш шоҳларини улуғлаш, бекларини ёқлашда айбланади. Бунинг оқибатида ёзувчи ноҳақдан қамалади ҳам. Шундан кейин ёзувчи ҳаётлик чоғида асар бирор марта тўлиқ ҳолатда чоп этилмаган. Тўлиқ ҳолатда драмматург вафотидан 21 йил ўтгач босмадан чиқади .
Мақсуд Шайхзоданинг «Жалолиддин Мангуберди» трагедиясида ватанпарварлик, миллатпарварлик ғоялари асарга сингдирилган. Бу мавзуларнинг тарихий мазмуни бош қаҳрамоннинг кураши ва интилишларини ёритиб беради. Асарда миллатпарварлик ғояси қаҳрамонлар танлови ва тақдирини белгиловчи ҳаракатлантирувчи куч сифатида тасвирланган. Жалолиддин Мангуберди характерини таҳлил қилиш орқали унинг эътиқоди теранлиги, Ватанга меҳр-муҳаббат кўлами, уни халқпарвар тимсолига айлантирганини кўриш мумкин. Асар давомида валиаҳдликдан тушган бўлсада, юрт олдидаги бурчидан воз кечмайди. Мақсади кўплаб шоҳу мансабдорлар сингари қандайдир амал ёки бойлик эмаслигини исботлайди. Асосий курашни шоҳ қўшинларисиз, оз сонли ўз тарафдорлари билан бошлайди. Мангуберди ўз халқи озодлиги учун ҳамма нарсани қурбон қилишга тайёр, мард ва фидойи шахс сифатида тасвирланган. Асар охиридаги жанг ва онаси ўртасида қолган қийин танловда ватанини танлаши эса бунинг яққол мисолидир. Унинг бундай хатти-ҳаракатлари бошқа қаҳрамонларга ҳам ўрнак бўлади. Қолаверса, асардаги образлар ўз қадрияти ва анъаналари билан чуқур боғланиб, улардаги миллий ғурур ва садоқат туйғуларини кучайтиради. (Жалолиддин , Насафий, Темур Малик, Султонбегим, Элборс). Фожиа қаҳрамонлари ўз ватанига қаттиқ садоқатли, унинг озодлиги учун курашишга ва ўлимга тайёр бўлган шахслар сифатида тасвирланган. ( Т. Малик мисолида. Донишманд азобашаётган вақтда ҳам ватанга хиёнат қилмайди)
Муҳаммад Хоразмшоҳ образи мисолида ижодкор қўрқоқ тахт эгаларини атрофлича тавсифлайди. У аёнларининг гапини маъқуллаб, мўгул билан битим тузишга рози бўлган, урушга кеганда, саройда қўшин тўплашдан қўрқиб қочиб кетганлиги гавдаланган. Аслида, буларнинг барчаси тарихий фактлар эди. Ёзувчи бу образни ортиқча бўрттирмаган ҳам.
Асарда содиқлик ва ўзликни англаш ҳақидаги тушунчалар синовдан ўтказиладиган сиёсий ғалаёнлар ва жамиятдаги ўзгаришларнинг нотинч даврлари ҳақида ҳам сўз боради. Бу воқеалар Амир Бадриддин мисолида кўзга ташланади.
Асардаги она образига алоҳида тўхталиш лозим. Синчиклаб қаралса, она исмсиз, воқеалар ривожида бўлса, қабрсиз ҳолатдаги адабий портрети чизилган. Назаримда, бу саҳна орқали ижодкор ҳақиқий ватан ўглонининг онаизори ватан бўлганидек, аёлнинг қабри ҳам мана шу Ватандир, демоқчидай гўё.
Султонбегим – ҳақиқий ватанпарварлик руҳида тарбия топган образ. Жигари учун хиёнат қилган суюклиси – Бадриддиндан (аслини олганда, хиёнатни кечириш Жалолиддин синглисига ярашмасди ҳам), ватани учун ўз гўзаллигидан вос кечади. Бундай жасорат фақатгина юртга кучли меҳр-муҳаббат ва мустаҳкам эътиқод соҳибларидагина бўлади.
Хулоса қилиб айтганда, асарни тарихда тириклик даврида мўгулларни нафақат Ўрта Осиё, балки бутун шарқий Европага йўлатмаган, куч ва жасорат тимсоли Жалолиддин Мангубердининг хотирасига бағишланган адабий ҳайкал дейиш мумкин. Трагедия сўнггидаги монолог Жалолиддиннинг қайси давр бўлишидан қатъий назар, ватан ҳимоясига бел боғлаган издошларига чақириқдек янграйди :
Улуғвор ниятга кор қилмас ажал,
Ким юртидан ёвни қувса – мендурман ўшал .
Фотимахон ХОЛИҚОВА,
Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети 3-босқич талабаси.