- Қарор ва ижро   9

Энди мансабдор шахс шахсан ёки вакили орқали маъмурий суднинг мажлисида иштирок этиши шарт

Мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантиришнинг асосий мақсадларидан бири маъмурий судларда мансабдор шахсларнинг қарорлари устидан берилган шикоятларни кўриб чиқиш тизимини такомиллаштириш орқали суд назоратини қўллаш соҳасини кенгайтириш ҳисобланади.

Ривожланган мамлакатларда айнан маъмурий судлар фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ижро органлари томонидан бузилишининг олдини олишда, уларни ғaйpиқoнyний қарорлар, ҳаракатлар (ҳаракатсизлик)дан ҳимоя қилишда муҳим ўрин эгаллайди.

Бу борада маъмурий судлар зиммасига шикоятларни кўриб чиқишда “фаол иштирок этиш” тамойили асосида низони тўғри ҳал қилиш учун далилларни мустақил йиғиш мажбурияти юклангани, суд қарори ижросини таъминламаган мансабдор шахсларга жарима қўллаш ваколати берилгани ҳам ушбу институт такомиллашиб бораётганлигидан далолат беради.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 30 январдаги
ПҚ-33-сонли “Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишнинг замонавий механизмларини жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан давлат органи мансабдор шахси ёки унинг вакили маъмурий суднинг мажлисида мажбурий иштирок этишини таъминлаш бўйича давлат органи қарори ёки унинг мансабдор шахси ҳаракати (ҳаракатсизлик) устидан берилган аризани маъмурий судларда кўришда мансабдор шахс ёки унинг вакили зарур тушунтиришлар бериш учун суд муҳокамасида иштирок этиши шартлиги кўрсатиб ўтилган.

Давлат органи мансабдор шахси ёки унинг вакили иштирок этиши зарур деб топилган ҳолларда маъмурий ишни кўриб чиқиш кейинга қолдирилади, унинг иштироки ишнинг ҳар томонлама, тўлиқ ва тўғри ҳал қилинишига тўсқинлик қилмаган тақдирда, иш давлат органи мансабдор шахси ёки унинг вакили иштирокисиз кўриб чиқилади.

Шунингдек, маъмурий судга низоларни ҳал этиш жараёнида судга ҳурматсизлик қилиниши ва суднинг хусусий ажрими бўйича чоралар кўрмасликка оид ҳуқуқбузарликлар аниқланганда, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни куриш ваколати берилди.

Давлат органи мансабдор шахси ёки унинг вакили суд мухокамасига келмаган ва унинг келмаганлиги суд томонидан узрли деб топилмаган тақдирда, мансабдор шахсга нисбатан суд жаримаси қўлланилишлиги белгилаб қўйилди.

С.А.ШОКИРОВ,

Фарғона вилоят маъмурий суди судьяси.