- Маънавият, Турфа олам, Қарор ва ижро   519

ФИДОЙИЛИК РАҒБАТГА МУНОСИБДИР

Ўзбекистон Республикаси халқ устаси, Фурқат туманидаги «Уста Юсуфжон наққош» хусусий корхонаси ёғоч ўймакор устаси Маҳаматали Юнусов сулоланинг муносиб вориси бўлиб, соҳада эллик йиллик тажрибага эга.

Ўтган йиллар мобайнида минглаб шогирдлар тайёрлаган ва айни пайтда ҳам юз нафар ёшларни ёнига олиб, сидқидилдан меҳнат килаётган маҳоратли устанинг самарали фаолияти таҳсинга сазовордир. Халк амалий санъати устасининг заргарона меҳнати маҳсули мамла­катимизнинг барча ҳудудларида, узоқ-яқин хориж давлатларида савлат тўкиб турибди, Ҳусусан, уста ва унинг шогирдлари томонидан Украина ва Хитой давлатларидаги Ўзбекистан Республикаси элчихонасида миллий ёғоч ўймакорлиги ишлари амалга оширилиб, халқимизнинг эзгу қадриятлари бутун дунёга кенг тарғиб этилишига катта ҳисса қўшишди.

Халқаро ҳунармандчилик фестивалига тайёр­гарлик ишлари доирасида уста ва унинг шогирд­лари Қўқон жоме мажмуаси, Ўрда майдонидаги асосий саҳнани миллий ёғоч ўймакорлиги намуналари билан безатиш ишларида асосий юмушларни бажармоқдалар. 2019 йил 16 август куни ўтказилган вилоят ҳокимлиги йиғилиши баёнига кўра, Маънавият ва маърифат маркази, «Ҳунарманд» уюшмаси, Ўзбекистон бадиий академияси вилоят бўлимлари ҳамда Маданият бошқармасининг таклифи маъқулланиб, Ўзбекистон Республикаси халқ устаси Маҳаматали Юнусов «Nexia-З» енгил автомашина  билан тақдирланди.

— Бундай эътибор ва рағбат барчамизни латиф шаҳримиздаги халқаро фестиваль ҳар томонлама муносиб ўтиши учун янада фаол ҳамда фидойи бўлишга ундайди, — дейди машҳур уста. — Ишонамизки, юртимизда илк бора ташкил этилаётган ҳунармандчилик фестивали ҳамюртларимиз ҳамда дунёнинг турли қитъаларидан ташриф буюрадиган меҳмонларга унутилмас таассуротлар туҳфа этади.

«Фарғона ҳақиқати» газетаси.