Қишлоқ хўжалиги вазирлиги биносида Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегияси мазмун-моҳиятига бағишланган учрашув бўлиб ўтди, деб хабар беради kun.uz сайти.
Унда Қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Ходжаев норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида жойлаштирилган стратегия лойиҳаси бўйича маълумот берди, шунингдек, ОАВ ходимларининг саволларига жавоб қайтарди.
Ҳужжат билан қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари, амалга ошириш меҳнизмлари, асосий мақсадли кўрсаткичлар, шунингдек, амалга ошириш кўрсаткичлари белгилаб берилган.
Унга кўра, 2020-2030 йилларда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш Стратегияси соҳани ривожлантиришнинг 9 та устувор йўналишини ўз ичига олган:
- Аҳолининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш;
- Қулай агробизнес муҳитини ва қўшилган қиймат занжирини яратиш;
- Соҳа бошқарувида давлат иштирокини камайтириш ва инвестицион жозибадорликни ошириш;
- Табиий ресурслардан оқилона фойдаланишни таъминлаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш;
- Давлат бошқарувининг замонавий тизимларини ривожлантирш;
- Тармоқни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган давлат харажатларини босқичма-босқич диверсификация қилиш;
- Қишлоқ хўжалиги илм-фан, таълим, ахборот ва маслаҳат хизматлари тизимини ривожлантириш;
- Қишлоқ ҳудудларини ривожлантириш;
- Тармоқ статистикаси ва маълумотлар йиғишнинг шаффоф тизимларини ишлаб чиқиш.
Шунингдек, Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш стратегиясини амалга ошириш бўйича 112 банддан иборат «Йўл харитаси ҳам ишлаб чиқилган.
Тадбирда вазирлик ва Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан фермерларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари етарли даражада ҳимоя қилинмаётгани, фермер хўжалиги ерлари жуда кўп ҳолатда қонуний асоссиз тугатиб юборилаётгани, бу эса йиллар давомида деҳқонларда мавжуд қонунларга нисбатан ишончсизлик пайдо қилиб, ерга эгалик ҳуқуқи шаклланишига тўсиқ бўлиб келаётгани, шунингдек, вазирлик томонидан уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича янги тизим ишлаб чиқилиши кераклиги борасида мурожаат қилинган.
«Бу масала мени ҳам энг кўп ўйлантирадиган, қийнайдиган муаммо. Биз стратегияга ҳам бу масалани киритдик, яъни, қишлоқ хўжалиги субъектларининг ҳуқуқларини шаффоф қилиб, тугатиш шартларини қайта кўриб чиққан ҳолда, тугатилишини ҳам фақатгина суд орқали амалга ошириш кўзда тутиляпти.
Сиз тўғри айтдингиз, агар мажбурий тугатиб юборишлар шу кетишда давом этса, мавжуд қонунларга бошқа фермерларнинг, умуман, ҳеч кимнинг ишончи қолмайди.
Биз ерга эгалик муносабатларини тўғри йўлга қўёлмасак, режа қилаётган жамики ислоҳотларимиз режалигича қолаверади.
Фермерда ерга нисбатан меҳр уйғотишнинг ягона йўли ҳам, унда ерга нисбатан ҳақиқий эгалик туйғусини шакллантириш. Агар биз мана шу ниятимизга эриша олсак, деҳқон ерга ўғитниям тўлиқ киритади, унумдорлигиниям оширади, янги технологияларни ҳам жорий қилади.
Албатта, вазирлик ва фермерларимизнинг кенгаши ҳам бунинг учун ҳаракат қилмоқда, лекин назаримда, бизда фермерларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган фермер-омбудсманга эҳтиёж бор. Худди Бизнес-омбудсман каби.
Фермер ўз ҳуқуқларини омбудсман орқали ҳам ҳимоя қилсин», дея Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Ходжаевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.