- Жамият, Маънавият, Турфа олам   1 532

БУХОРОЛИК САНЪАТКОРЛАР ҚИРҒИЗИСТОН ЧЕГАРАСИДА КОНЦЕРТ БЕРИШДИ

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўзининг нутқларида пойтахт санъаткорларини чекка ва олис қишлоқларга бориб, концерт дастури тақдим этишларини такрор-такрор таъкидлаганлар. Бухоролик санъаткорлар ана шу чақириққа жавобан узоқ масофани босиб ўтиб, Фарғонага келишди.

Фарғона вилояти марказидан 30-40 км. узоқда жойлашган, Қирғизстон Республикаси Баткен вилояти Қадамжой туманига чегарадош бўлган Фарғона туманининг Лоғон қишлоғига бухоролик санъаткорлар ташриф буюришди.

«Шокир ота» чойхонасида мингдан зиёд аҳолига, айниқса пахтакорларга концерт дастури ҳавола этилди. Бухоро вилояти маданият бошқармасининг бошлиғи Йўлдош Генжаев раҳбарлигида «Мардона» халқ фольклор ансамбили жамоаси ҳамда «Бухоро гўзаллари» рақс дастаси ҳонандаю созандалари, раққосалари қишлоқ аҳлига маданий-маърифий ҳордиқ улашишди. Халқ оғзаки термалари, лапарлари тўпланганлар дилига завқу шавқ бағишлади, бухороча рақслар нигоҳларни сехрлади.

Бухоролик яккахон хонандалар Жўрабек Хўшаев, Сохибжон Хотамов, Фаррухбек Исматовларнинг чиқишлари гулдурос қарсаклар билан қарши олинди.

Санъаткорлар бундай ижодий учрашув ва концерт дастурини туман маркази Водил ҳамда Чимён қишлоқларида ҳам намойиш этишни режалаштиришмоқда.

                                                        Собиржон ДАДАХЎЖАЕВ,

                                                         «Водил ёғдуси» газетаси Бош муҳаррири.