- Жамият, Ислоҳот   1 389

КЎПГА КЕЛГАН “ТЎЙ”

Бутун дунёни ларзага солган коронавирус балоси афсуслар бўлсинки, юртимизга ҳам кириб келди. Бу бало учун бой ҳам, камбағал ҳам, мусулмон ҳам, христиан ҳам, эркак ҳам, аёл ҳам, саводли, саводсиз ҳам бир- танлаб ўтирмас экан. Ойнаи жаҳон орқали чет давлатларда коронавирус тарқаганини кўрганимда “У томонлар дунёнинг нариги томони-да, бизга етиб келмайди” дейишганида эътибор ҳам бермаган эдик. Коронавирус инфексиясининг чинакам балои азим эканига бугунги кунда тушуниб етмоқдамиз.

Мана бир неча ҳафтаки, уйдамиз. Кўпга келган “тўй” экан. Ҳамма бир ёқдан бош чиқариб коронавирус пандимиясига қарши курашмоқдамиз. Ойнаи жаҳонда жараёнларни кузатиб боряпмиз.

Бугунги кун қаҳрамонларига айланган тиббиёт ходимларининг жасоратлари ҳақида ёзгим келди. Бунга албатта, ҳаётий мисоллар сабаб бўлмоқда. Касбим ўқитувчи. Масофавий таълим бошланиб, тез-тез ўқувчиларим билан телефонда мулоқот қилиб турибман. Мен раҳбарлик қилаётган 10-“А” синф ўқувчилари ҳам вазиятни анча тушунган ҳолда телевизион дарсларни кузатиб, топшириқларни бажариб бормоқдалар. Аммо бир ўқувчим билан гаплашганимда ҳар гал ичим ачишиб, ҳавотирга тушаман. Отаси чет давлатда. Онаси эса туман юқумли касалликлар шифохонасида ҳамшира бўлиб ишлайди. Мана сал кам бир ойдирки, фарзандлари бағрига-уйига келмай, карантинда ўз вазифасини сидқидилдан адо этмоқда. Топшириқларни бериш ёки ҳол сўраш мақсадида телефон қиламан. Ўқувчим аксарият ҳолларда ё укалари учун овқат пишираётган, ё уй-рўзғор ишларини бажараётган, ё яна бир бошқа юмушлар билан банд бўлади. Нима дейишга ҳам ҳайрон қоласан, киши. Оилада тўнғич фарзанд эканлиги учун, ота-онаси уйда бўлмаса ҳам ўқувчим сифатли таълим олишга ҳаракат қилмоқда.

Бу кунлар ҳам, албатта ўтиб кетади. Аллоҳ юртимиздан, наинки юртимиздан – бутун дунёдан бу офатни нари қилсин. Келажак авлод бизнинг давомчиларимиз юртимизни янада гўзал ва жаннатмакон ўлкага айлантиришсин.

Муҳайёхон СОБИРОВА,

16-мактаб ўқитувчиси.