- Ёшлар, Қарор ва ижро   1 497

Аччиқ, аммо очиқ гап: ёшлар ташаббуслари қачон амалга ошади?

Бу борада маҳаллий ҳокимликлар томонидан ёшларнинг эзгу мақсадлари нега тўлиқ қўллаб-қувватланмади?!

Вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев тиғиз иш режасига қарамай, 2020 йилни ёшлар билан учрашувлар билан бошлади ва ҳудудларда бўлиб ўтган юзма-юз мулоқотларда йигит-қизлар юзлаб ташаббусларни илгари сурди. Вилоят раҳбари янги авлод вакилларининг эзгу мақсадларини қўллаб-қувватлади ҳамда рағбатлантирди.

шларга қувонч, ғайрат-шижоат бахш этган учрашувлардан сўнг тўрт ойдан кўпроқ вақт ўтиб, ҳоким ва ёшлар учрашуви доирасида белгиланган вазифалар ижроси нечоғли таъминлангани ижодий жамоамиз томонидан ўрганилди. Афсуски, аксарият ҳолларда халқимиз мақолида айтилганидек, алдагани бола яхши қабилида иш тутилган.

Шу ўринда айрим мисолларга тўхталиб ўтиш ўринли бўлар эди. Фурқат туманида ёшларнинг 10 ортиқ ташаббуси вилоят ҳокими томонидан мамнуният билан қабул қилиниб, бир ҳафта – ўн кун муддатда уларнинг ижросини таъминлаш бўйича вазифалар белгиланганди. Орадан тўрт ой ўтиб баъзи ташаббуслар ижроси юзасидан энди туман ҳокими қарори чиқди, лойиҳа тасдиқланди, холос.

Ёш спортчи Асрор Ўринов туман болалар ва ўсмирлар спорт мактабини газлаштириш масаласида вилоят ҳокимидан ёрдам сўраганди. Туман жисмоний тарбия ва спорт бўлими бошлиғи Валижон Эшонқуловнинг айтишича, спорт мактабини газлаштириш учун молия бўлими билан келишилган ҳолда 34 миллион сўмлик лойиҳа тасдиқланган. Лекин ҳалигача амалий ишдан дарак йўқ.

 Шоҳруҳ Қўчқоров гаровга етарли маблағи бўлмагани учун “Ёшлар меҳнат гузари” қуриш борасидаги ташаббусини рад этган бўлса, Тоҳир Ҳакимов қоп ишлаб чиқариш учун 500 миллион сўм имтиёзли кредит олиш истагида эди. Унга 6 сотихли иссиқхона қуриш учун кредитга 20 миллион сўм берилди. Шу ва шунга ўхшаш баъзи ташаббуслар кўзбўямачилик, ёлғондан бошқа нарса эмаслигини англаб олиш мумкин. Масалан, Тоҳир Ҳакимов 20 миллион сўм кредитни “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида олган. Унга ажратилган маблағ учрашувдан олдин аниқ бўлиб улгурган эмасмиди? Чунки учрашувда вилоят ҳокимига ишга жойлашишда амалий ёрдам сўраган ёшлардан бирининг учрашувдан бир кун олдин тумандаги мактаблардан бирига ёшлар етакчиси сифатида буйруғи чиқарилгани аниқланди.

 Буни қандай тушуниш керак: устомонликми ёки ўз-ўзини алдашнинг

янгича усулими!..

Риштон туманидаги учрашувда 10 та ташаббус билдирилган бўлиб, бу бўйича белгиланган вазифалар амалда деярли бажарилмаган.

Мисол учун, 4 нафар риштонлик ёшлар тадбиркорликни ривожлантириш учун кредит олишда кўмак сўраган. Тўрт ойда уларнинг 1 нафарига кредит берилган, холос. «Ёшлик» МФЙда яшовчи Ҳусниддин Набижонов тантаналар мажмуаси қурилишини якунига етказиш учун 500 миллион сўм кредит олиш истагида эди. Аммо 10 кун муддатда бу масалани ҳал этиши белгиланган “Микрокредитбанк”нинг Риштон туман бўлими раҳбари Рустам Зияев шунча муддат мобайнида ваъда беришдан нарига ўтмади.

Дилрабо Ўткирова туман марказида замонавий кутубхона қуриш таклифини билдирганди. Бунинг учун марказдаги собиқ кутубхонанинг эски биноси бузилди, лекин янгисини қуриш ҳали бошланмади.

Бағдод тумани ёшлари фаоллик кўрсатиб, Темурбек Баҳодиров туман марказида маданият уйи ташкил этиш, бир неча ёшлар 14 та тарихий объектларни таъмирлаш сингари 9 та таклифни вилоят раҳбари олдига кўндаланг қўйишган эди. Май ойининг ўртасига келиб ҳам бу борада мақтанишга арзийдиган бирор бир ишга киришилмади.

Туман марказий стадионини реконструкция қилишга 1,5 млрд. сўм маблағ сўраган бағдодлик ёшларга Шуҳрат Ғаниев вилоят бюджетидан

2 млрд. сўм ажратди. Аммо 15 кунлик муддат белгиланганига қарамай ҳалигача (12 май ҳолатига ) тендер ўтказилмади, қурилиш ишлари бошланмади.

Ёш олим Равшанбек Абдуллаев Қўқон хонлиги тарихини ўрганаётгани учун вилоят ҳокими мутасаддиларга магистр йигитга 50 млн. сўм ажратиш вазифасини топширганди. Аммо ёш тарихчи ҳалигача бу маблағни ололмади.

Бувайда туманида ёшларнинг 7 та ташаббуси доирасида маданият маркази, нуроний ва ёшлар боғини ташкил этиш каби эзгу мақсадлар белгиланди. Моҳичеҳра Иброҳимова бувайдалик марҳум шоир Аъзам Ўктам (пойтахтда яшаб ижод қилган машҳур ҳамюрт шоирни танимаслик ёки бефарқликми вазифалар ижроси бўйича тайёрланган расмий ҳужжатларга Ўктам Аъзам дея ёзилган…) уй-музейини ташкил этиш ғоясини илгари сурди. Туман ахборот-кутубхона маркази раҳбари Сайёра Абдураззоқованинг қайд этишича, жорий йилнинг октябрь ойида шоирнинг 60 йиллиги муносабати билан 9-умумтаълим мактабида уй-музейини очиш кўзда тутилмоқда.

Ўрганишлар жараёнида ЁзёвонУчкўприк сингари бошқа туманларда ҳам белгиланган вазифалар доирасида ижроси таъминланмаган, маҳаллий ҳокимлик идоралари, тижорат банклари мутасаддилари томонидан турли баҳоналар билан пайсалга солиб келинаётган ишлар кўп эканлигининг гувоҳи бўлдик. Учрашувларни ташкил этиш, аниқ таклиф ва ташаббусларни илгари суриш борасида ҳам камчиликлар бор. Айтайлик, вилоят ҳокими билан учрашувда ”Ёшлар меҳнат гузари” қуриш таклифини билдирган ёшларнинг ўзи меҳнат гузари ташкил этишдан мақсад нима ва у қандай фаолият кўрсатиши кераклиги ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмас. Катта миқдорда банк кредити олишни режалаштираётган йигит-қизларнинг истиқболли бизнес-режаси йўқ.

Таъкидлаш жоизки, вилоят ҳокими билан учрашувдан сўнг жуда кўп ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Бешариқ туманида тут плантацияси барпо этилди, мактаблар вилоят бюджети маблағлари ҳисобидан компьютер жамланмалари, спорт жиҳозлари билан таъминланди, ахборот-кутубхона марказлари китоб фонди яхшиланди, спорт тўгараклари ва ҳунар ўргатиш марказлари фаолияти йўлга қўйилди, ёшлар уйлари, маданий-маърифий иншоотлар қурилиши режалаштирилди. Буларнинг барчаси янги авлоднинг орзуларини рўёбга чиқариш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда ёшларни тадбиркорликка кенг жалб этишга хизмат қилади.

Бу каби самимий мулоқотлардан кўзланган мақсад ҳам шу аслида: келажагимиз ворисларининг дарду ташвишига қулоқ солиш, орзуларига қанот бахш этиш, ҳаётга ва яшашга бўлган муносабатини ўзгартириш орқали тадбиркорлик кўникмаларини шакллантиришга қаратилган.

Шу боис ёшларнинг эзгу ташаббусларини рўёбга чиқаришда маҳаллий ҳокимлик, мутасадди идораларининг лоқайдлиги, боқибеғамлигини асло кечириб бўлмайди…  

«Фарғона ҳақиқати» газетасидан олинди.