- Қарор ва ижро   1 389

ФАРЗАНДИНГИЗДАН МЕҲРИНГИЗНИ ДАРИҒ ТУТМАНГ! Вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлаш бурч

Фарзанд – бу ота-онанинг қувончи, бахти, ҳаёт давомчиси. У нафақат оила учун, балки жамият ва Ватан учун юксак маънавиятли, мустақил ва эркин фикрлайдиган, ҳар томонлама соғлом ва баркамол авлод-юртимизнинг келажаги учун куч ҳамдир.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 64-моддасида, ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбур эканликлари қайд этилган.

Оила қонунчилигида ҳам болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг тарбияси учун ота-онанинг масъулиятини оширувчи ва жавобгарлигини белгиловчи нормалар кўрсатилган.

Ота-онанинг вояга етмаган фарзандларига тўлайдиган алимент миқдорини аниқлаш ва уларни ундиришга оид қоидалари шу жумласидандир.

Алимент сўзи – лотинча сўз бўлиб, қарамоғидаги, боқимидаги маъносини билдириб, шахснинг бошқа шахсга мажбуран ёки ихтиёрий равишда тўлайдиган нафақасидир. Алимент тўлаш мажбуриятлари асосан никоҳ, қариндошлик, ота-она, фарзандлик, фарзандликка олиш, болаларни тарбияга олиш натижасида келиб чиқади.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 96,97-моддаларига мувофиқ, ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериши шарт. Вояга етмаган болаларига алимент тўлаш ва уларга таъминот беришда ота-онанинг мажбуриятлари тенгдир, алимент ота-онанинг бири томонидан иккинчисига, яъни вояга етмаган бола тарбияси билан шуғулланаётган ота ёки онага берилади.

Алимент ота-онадан алимент келишуви тузиш орқали ихтиёрий, суд буйруғи ёки суднинг ҳал қилув қарори асосида мажбурий ундирилади.

Алиментни суд тартибида ундириш асослари Оила кодексининг 136-моддасида белгиланган бўлиб, алимент олиш ҳуқуқига эга бўлган шахс, алимент талаб қилиш ҳуқуқи вужудга келганидан сўнг қанча муддат ўтганидан қатъий назар, хоҳлаган вақтда алимент ундириш тўғрисидаги талаб билан судга мурожаат қилишга ҳақлидир.

Илгари моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаганлик учун фақат Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 122-моддасига асосан жиноий жавобгарликка тортилган бўлса, ҳозирда юртимизда олиб борилаётган суд-ҳуқуқ тизимида жазолар либераллаштирилиб, Ўзбекистон Республикасининг             2018 йил 9 январдаги ЎРҚ-459-сонли қонунига кўра, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига 474-модда билан тўлдирилиб, биринчи маротаба бу ҳаракатни содир этган шахс маъмурий жавобгарликка тортилиши, Жиноят кодексининг 122-моддаси янги таҳрирда баён қилиниб, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилса, жиноий жавобгарликка тортилиши белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 474-моддасига асосан моддий ёрдамга мухтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарори ёки суд буйруғига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб, икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик15 сутка маъмурий қамоқ ёки маъмурий қамоқ қўлланилиши мумкин бўлмаган шахсларга энг кам иш ҳақининг йигирма баравари миқдорида жарима солишга, ЖКнинг 122-моддасига асосан икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш, ўша қилмиш хавфли рецидивист томонидан содир этилган бўлса, икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилишга, шунингдек фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан Оила кодексининг 79-моддасига асосан ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилишга сабаб бўлади.

Юқоридаги қонунларда, ишни кўриш жараёнида алимент мажбуриятлари бўйича қарздорлик ихтиёрий равишда тўланган бўлса, жавобгарликдан озод қилиниши ҳам назарда тутилган.

           Ота-она доимо ўз фарзанди тимсолида эзгу орзу-ниятлар юзага чиқишини тасаввур қилади. Одобли, билимдон, ақлли, соғлом, меҳрибон ҳамда меҳнатсевар фарзанд нафақат ота-онасининг, балки бутун жамият ва халқнинг бойлигидир. Фарзандларимизни ҳар томонлама соғлом ва баркамол этиб тарбиялашимиз, уларнинг камолга етиши, соғлом ҳаёти ва ёруғ келажагини таъминлашимиз барчамизнинг бурчимиз эканлигини зинҳор ёддан чиқармаслигимиз лозим.

Турғунали МИРЗАЕВ,

жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят судининг судьяси.

Бегзод ҲАЙДАРОВ,

жиноят ишлари бўйича Ёзёвон туман судининг раиси.