- Жамият, Ислоҳот, Маънавият   1 674

ЁЗЁВОННИНГ КЎЗГУСИ

Ёзёвон Ўзбекистоннинг ёш, навқирон туманларидан. Унинг газетаси ҳам ўзи каби ёш. Ёш деймизу, 67 йилдан  буён Ёзёвоннинг ўзига хос ойнаси бўлиб хизмат қилиб келмоқда. Агар унинг 1953 йилнинг 9 июлидан бошлаб чиқиб келган барча сонлари тўпланса, туманнинг солномаси яратилган бўлур эди.

Дастлаб «Колхозчи» номи билан чиққан Ёзёвон туманининг илк газетасига устоз журналист Иброҳимжон Халилов имзо чеккан.

Иброҳимжон Халилов

Ўша оғир, машаққатли даврда, чекка бир қишлоқда газета чиқаришдек ғоят мушкул ишни фақат икки киши бажарганини эшитиб тасанно айтасан киши. Газетага Иброҳимжон Халиловга ёрдамчи бўлиб марғилонлик марҳум Ҳабибулло Мирзажонов масъул котиблик қилган. Газетанинг дастлабки сонлари 1,5 минг нусхада А-3 форматда икки саҳифада чиқарилган. Газетанинг 1-сони биринчи бетида туман партия қўмитасининг саркотиби Юсуфжон Исақовнинг мақоласи ҳамда газета таҳририятига келган табрик ва қутловлар жой олган.

      Газета ўшанда Марғилон шаҳар босмахонасида чоп этилган.

Транспорт деярли йўқ бўлган, йўллар нобоп, турмуш ночор бўлган ўша пайтда газета материалларини тайёрлаш ва Марғилонга бориб, чоп қилдириб келиш жуда қийин кечган, албатта. Газетани босмахонада бостиргандан кейин уни елкада кўтариб келиб Ёзёвонда почтага топшириларди. Бу ишларни ҳаммасини муҳаррир ўзи бажарарди.

      Газетанинг масъул ходимлари кам бўлишига қарамай у замон руҳига мос, туманнинг долзарб масалаларини тўлақонли ёритган. Жойлардан ранг-баранг материаллар, тезкор хабарлар кўп берилган. Чунки газетанинг жамоатчи мухбирлари сафи кенгайиб борган.

      1960 йилнинг январь ойидан март ойигача газетанинг 17 та сони «Марказий Фарғона» номи билан чиққан. Лекин Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитаси газетанинг номи ҳеч қандай сиёсий аҳамият касб этмайди, деб бу номни рад этади ва «Колхозчи» номига қайтаради.

      1962 йилда Ёзёвон, Охунбобоев, Тошлоқ, Фарғона, Қува, Қувасой туманлари бирлаштирилиб, Фарғона қишлоқ хўжалик территориал ишлаб чиқариш бирлашмаси ташкил этилади. Газета ҳам «Ленин йўли» номи билан Фарғона вилояти партия қўмитасининг органи бўлиб чиқа бошлайди. Таҳририят ходимлари сони 14 кишига етказилади. Бу даврда Қодиржон Юсупов —муҳаррир ўринбосари, Маматкарим Дадажонов —маданият бўлими мудири, Алижон Шукуров —масъул котиб, Юнусали Ҳусаинов —қишлоқ хўжалик бўлим мудири, Муродил Солиев —адабий ходим, Муталлиб Каримов, Анвар Мусаев —мусаҳҳиҳ, Неъмат Раҳмонов, кейинроқ Ғанижон Қосимов —фотомухбир, Ширин Алиева —хатлар бўлим мудири, котиба, Нигора Алимбоева —телетайпчи, Екатерина Сегенюк —ҳисобчи вазифаларини бажаришган. Газетанинг тиражи бу пайтда 6,4 минг нусхани ташкил этган.

      Иброҳимжон Халилов газетага 1968 йилгача муҳаррирлик қилди.

Ёзёвон тумани 1981 йилда қайта ташкил қилинди, Газета «Марказий Фарғона» номи билан чиқа бошлади. Газетага иқтидорли журналистлар Толибжон Турсунов, Исроилжон Иброҳимов, Абдумалик Фозиловлар бирин-кетин муҳаррирлик қилдилар.

Толибжон Турсунов
Исроилжон Иброҳимов
Абдумалик Фозилов

      Ана шу йилларда газета ижодий жамоасида Абдуваҳоб Абдубаннопов, Анваржон Мусаев, Абдураҳим Мадраҳимов, Шуҳратбек Бобобеков, Баҳодир Зиёдқўзиев, Абдуваҳоб Қирғизов, Умаржон Исмоилов, Мақсуджон Акбаров, Алишер Тошқулов, Исҳоқжон Каримов, Одилжон Жалолов, Қодирали Аҳмадалиев каби қаламкашлар меҳнат қилдилар. Уларнинг саъи-ҳаракатлари билан газетанинг туман ижтимоий турмушидаги тутган роли ошди, у бир неча бор республика ижодий танловларида ғолиб бўлиб, фахрли ўринларни қўлга киритди.

      1987 йилда Ёзёвон тумани Охунбобоев туманига қўшиб юборилди.

      Ҳозир чиқаётган «Марказий Фарғона» 1990 йил 1 январдан фаолият бошлади. Газетага иқтидорли журналист Умаржон Исмоилов муҳаррир этиб тайинланди.

Умаржон Исмоилов

Тез фурсатда газета яна ўз ўрни ва қиёфасига эга бўлди. Шу йилиёқ газетамиз республика танловларидан тўрттасида ғолиб бўлди.

      Ижодий жамоа ўтиш давридаги жиддий оғирчиликларни —маблағ топиш, замонга мос ижодий руҳ, газетанинг ўзига хос йўлини излаш масъулиятини оқилона йўл билан енгиб ўтди.

      Илгарилари Ёзёвонда журналист касбини эгаллаган одам бўлмагани учун таҳририятда бошқа туманлардан кадрлар олиб келиниб ишлатилган. 1990 йилдан кейинги даврда эса «Марказий Фарғона» бир туркум янги, мустақиллик даври журналистларини тарбиялади; Исҳоқжон Каримов, Одилжон Жалолов, Бўрибой Омонзода, Қодирали Аҳмадалиев каби «Марказий Фарғона»нинг ижод «қозони»да қайнаган журналистлар кейинроқ бир қанча кўзга кўринган газета-журналларга муҳаррирлик қилдилар.

      Республикада биринчи бўлиб, 1992 йилдан дам олиш, таржима, адабий-бадиий илова —«Ҳамроҳ» газетасини ҳам «Марказий Фарғона»чилар кашф этди.

      Сўнг 1994 йилдан бошлаб «Марказий Фарғона+» тижорат-дам олиш иловасини чиқа бошлади. Бу газета ҳам мунтазам ҳафтада 10-12 минг нусхада чиқиб турди ва вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида ўз ўқувчиларига эга бўлди. Шуни қувонч билан таъкидлаш керакки, газетамиз бир неча мартта Олий Мажлис ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди грантига эга бўлди.

Бугунги кунда газетанинг ўз веб-сайти, телеграм канали(обуначиси 3300 дан зиёд) ҳамда фейсбук саҳифаси ишлаб турибди.

      Кўпгина жойларда маблағ етишмаслиги туфайли ходимлар сонини қисқартириш, газетанинг чиқишини камайтириш жараёни бораётганлигига қарамай, «Марказий Фарғона»да барқарор иқлим, ижодий жўшқинлик, ишга бўлган мўътадил кайфият сақланиб турибди.

      Газетамиз бундан кейин ҳам туман раҳбарияти олиб бораётган тўғри йўлнинг ташвиқотчиси, Ёзёвон тарихининг зарварақлари, ҳамюртларимизнинг севимли нашри бўлиб қолаверади.

      «Марказий Фарғона» газетасига Ёзёвон туман ҳокимлиги муассисдир. Газетамизда жамият учун муҳим аҳамият касб этган, туманимиздаги ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий, ҳуқуқий-маънавий соҳалардаги ислоҳотларни боришини, санoат ва спорт, таълим, тадбиркорлик, фермерликни ривожлантиришга йўналтирилган дастурларнинг амалдаги ижроси ёритиб борилмоқда.

Азимжон ХУДОЙҚУЛОВ,

Бош муҳаррир.