- Жамият, Қарор ва ижро   99

Ахборот технологиялардан фойдаланиб, содир этилган фирибгарлик ва ўғрилик жиноятлари

Дунёда бугунги кунда кибер таҳдидларнинг трансчегаравий хусусияти минтақавий ва халқаро даражада долзарблашиб бормоқда. Хусусан, ҳозирги кунда бир гуруҳ шахслар томонидан ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда содир этилаётган фирибгарлик ва ўғрилик жиноятларга қарши курашиш, кибержиноятларни тергов қилиш шунингдек ахборот маконида инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш масалалари муҳим масалалардан бири ҳисобланади. Бу каби жиноятларга қарши курашда, кўплаб давлатлар ўртасида ахборот технологиялардан фойдаланиб содир этилган жиноятларга қарши курашда ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда.
Президентимиз томонидан, “Иқтисодий жиноятчилик ҳамда кибермаконда ёки ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда содир этилаётган жиноятларни тергов қилиш бўйича фаолиятнинг методик таъминотини такомиллаштириш муҳимлиги алоҳида қайд этилди”.
Юртимизда киберхавфсизлик соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш мақсадида, Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 15 апрелдаги “Киберхавфсизлик тўғрисида”ги ЎРҚ-764-сон Қонуни қабул қилинди. Мазкур қонуннинг 3-моддасида, “Кибержиноятчилик — ахборотни эгаллаш, уни ўзгартириш, йўқ қилиш ёки ахборот тизимлари ва ресурсларини ишдан чиқариш мақсадида кибермаконда дастурий таъминот ва техник воситалардан фойдаланилган ҳолда амалга ошириладиган жиноятлар йиғиндиси” дея тушунча берилган ва мазкур қонунда кибержиноятларни олдини олиш ва уларга қарши кураш чора-тадбирлар белгиланган.
Мамлакатимизда сўнги йилларда барча соҳаларни жадал рақамлашиш ва электрон рқамли ҳужжатларни жорий этиш шароитида ахборот хавфсизлигига таҳдидлар салмоғи ортиб, кибержиноятларнинг янги кўринишдаги шакл ва усуллари кенгайиб бормоқда.
Мамлакатимизда расмий маълумотларга кўра 2023 йил 12 ойи давомида 88912 та жиноят содир этилган бўлиб, уларнинг 14,7 фоизи (13033 та) фирибгарлик, 10,9 фоизи (9734 та) ўғрилик жинояти ҳисобланади. Жумладан, бир гуруҳ шахслар томонидан содир этилаётган молия ва банк-кредит соҳасидаги кибержиноятлар, ахборот технологиялардан фойдаланиб содир этилаётган фирибгарлик ва ўғрилик жиноятлари сони кун сайин кўпайиб, улар давлат, жамият, юридик ва жисмоний шахсларнинг иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларига турли даражада зарар етказиш ёки зарар етказиш таҳдидини келтириб чиқармоқда. Айниқса, киберфирибгарларнинг ижтимоий тармоқлар орқали жиноий хатти-ҳаракатлари ва турли ёлғон хабарлар орқали, содда ва ишонувчан фуқароларни алдаб, уларни мулкларини талон-торож қилиш ҳолатлари кун сайин кўпайиб бормоқда. Бу эса, ички ишлар органларининг киберфирибгарлик ва киберўғрилик жиноятларини ўз вақтида аниқлаш, фош этиш ва тергов ҳаракатларини олиб бориш фаолиятини такомиллаштириш масаласи бугунги кунда долзарб масалалардан эканлигидан далолат беради.

Ҳозирги вақтда киберфирибгарлик ва киберўғрилик жиноятини содир этаётган шахслар ўзларининг жиноий хатти-ҳаракатларини яширишга алоҳида эътибор қаратиб, жиноятга тайёрганлик кўриш вақтида ва жиноят содир этиш вақтида ўзларининг номига очилган банк пластик карталардан фойдаланиб эмас, балки бошқа бегона фуқаролар (учинчи шахслар)нинг номига расмийлаштириб олинган “Uzkart” ёки “Xumo” банк пластик карталардан ёхуд “Кивикашилок” ҳамёнларидан ҳамда ўзга шахснинг номига расмийлаштирилган “Simkarta”лардан фойдаланган ҳолда киберфирибгарлик ёки киберўғрилик жиноятларини содир этиш усулидан кўпроқ фойдаланмоқда.
Ҳозирги кунда жаҳон интернет тармоғи орқали банк пластик карталаридан пул ечиб олиш ва пул ўтказмаларини амалга ошириш билан боғлиқ ҳолда содир этилаётган киберўғрилик жиноятининг киберфирибгарлик жиноятидан содир этилиш усулларига кўра фарқ қилади. Мазкур жиноятларнинг фарқли жиҳатларидан бири шундаки, киберўғрилик жиноятини содир этган шахслар жабрланувчининг банк пластик карталари ва уларнинг махфийлиги тўғрисидаги малумотларни жабрланувчи шахсларнинг ўзларидан ахборот тармоқлари орқали алдов йўли билан олади, сўнг мазкур пластик карталарнинг ичида мавжуд бўлган пул маблағларини яширин равишда талон-торож қилади.

Банк пластик карталаридан пул ўтказмалари билан боғлиқ содир этилаётган киберфирибгарлик жиноятлари эса, ахборот технологиялари тармоқлари орқали жабрланувчи шахсларнинг алдов ёки ишончини суистемол қилиш йўли уларнинг банк пластик карталарида мавжуд бўлган пул маблағларини ўзлари фойдаланиб келаётган банк пластик карталарига пул маблағларини ўтказдириб олиш орқали, уларнинг пул маблағларини таълон торож қилади. Масалан, Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи Р. ва К.лар жиноят содир этиш мақсадида, “Телеграм” ижтимоий тармоғида “Ишга марҳамат” номли гуруҳ очиб, ўзларининг аккаунти (шахси ва телефон рақами кўрсатилмаган)ни ошкора қилмаган ҳолда, ушбу тармоқдаги гуруҳда қуйидаги сўзлар билан содда ва ишонувчан жабрланувчиларнинг алдаб, уларнинг ишончига кирган. Хусусан, ушбу “Ишга марҳамат” телеграм гуруҳида “Бизда 10 та иш ўрни бор, тез ишга жойлашиш мақсади бўлган шаҳслар учун марҳамат, ойлик маоши 7.000.000 сўмдан 10.000.000 сўмгача, тез ишга жойлашиш имконияти мавжуд, ҳозирда бешта иш ўрни қолди” деб соҳта ташкилот расмларини ташлаб, фуқароларни алдаб ёзади, мазкур гуруҳга қўшилган содда ва ишонувчан ишга муҳтож жабрланувчи шахслар ишга жойлашиб олиш мақсадида, мазкур телеграмм ижтимоий гуруҳига “Мен ишга жойлашмоқчиман, нима қилишим керак? деб ёзади, шунда жиноят содир этаётган шахслар “Паспортингизни электрон нусхасини бизга ташлаб беринг, деб ёзади”, жабрланувчи шахс мазкур гуруҳга паспорти нусхасини ташлайди, шундан сўнг жиноят содир этаётган шахс яна “Сиз ишга қабул қилиндингиз, табриклаймиз!!! ва энди бизда учун уч кунлик ўқишимиз мавжуд, сиз фақат ўқиш учун тўлов (650.000 сўм) тўлашингиз лозим бўлади”, деб ёзади, шунда жабрланувчи яна “Ҳўп қайси карта рақамига пул ташлай” деб сўраб ёзади, шунда жиноятчи бировдан сотиб олган ва бировнинг номига очилган, ундан ўзи ҳозирги кунда фойдаланиб келаётган банк пластик картаси рақамини ёзади ва ушбу рақамга пул ташланг” деб ёзади, шунда содда ва ишонувчан жабрланувчи ушбу банк пластик картасига айтилган пул суммасини ташлайди, сўнг жиноятчи, жиноий хатти-ҳаракатларини давом эттириб, ушбу гуруҳга “Сиз “Онлайн” шаклида ўқишга қабул қилиндингиз, бизда ўқишга қабул қилинган вақтдан бошлаб ишга қабул қилинган ҳисобланади, сизга ойлик маоши ёзила бошлади, энди сизнинг номингизга янги пластик карта очайликми ёки ўз номингизда очилган банк пластик картаси мавжудми”, деб ёзиб сўраганида, унга жавобан жабрланувчиларнинг аксарияти “Мени номимда банк пластик картам мавжуд, уни расмга олиб сизга ташламоқдаман” деб ёзади ва “Узкарт” ёки “Хумо” банк пластик картасини расмга олиб гуруҳга ташлайди. Шундан сўнг, жиноят содир этаётган шахс гуруҳга “Сиз ишга жойлашдингиз, табриклаймиз!!!, Сизга ойлик маоши тушадиган банк пластик картангизни тармоққа улаш учун, ҳозир сизнинг телефонингизга “СМС” код боради, мазкур кодни бизга айтиб ёки ёзиб юборинг деб ёзади”, шунда жабрланувчи махсус кодни ёзиб беради. Сўнг жиноят содир этаётган шахс ўзининг телефон алоқа воситасидан “Килик” ёки “Пайми” тармоғи орқали жабрланувчининг банк пластик картасини рақами ва кодини киритиш орқали жабрланувчининг банк пластик картасини ўзига боғлаб, уланиб олади ва мазкур картанинг ичида бўлган пул маблағларини яширин равишда талон-торож қилади.
Мазкур банк пластик карталаридан фойдаланиб содир этилаётган киберфирибгарлик ва киберўғрилик жиноятларни кун сайин ортиб боришининг асосий сабаби, жиноят содир этаётган шахслар билан бир қаторда содда ва ишонувчан жабрланувчиларнинг бепарволиги ҳам сабаб бўлмоқда.

У.АБДУВОҲИДОВ,

туман ИИБ ҳузуридаги ТГ бошлиғи, майор.

Қ.ҚОДИРЖОНОВ,

туман ИИБ ҳузуридаги ТГ суриштирувчиси, лейтенант.