- Туман янгиликлари   86

МАҲАЛЛАНИ БИРЛАШТИРГАН КЎПРИК

Янги йил эшик қоқиб турган шу кунларда Тошҳовуз МФЙ ҳудудидан оқиб ўтувчи Ёзёвонсой устига қуриб битказилган пиёдалар кўприги фойдаланишга топширилди. ,, Қўқон йўл таъмир» МЧЖ қурувчилари томонидан бир миллиард бир юз миллион сўм маҳаллий бюджет маблағлари сарфланиб битказилган кўприкнинг Сойбўйи томонига 250 метр асфальт ҳам босилди.

Кўприк очилиши маросимида туман секторлари раҳбарлари, тегишли ташкилотлар мутасаддилари, нуронийлар, маҳалла аҳли, ёш спортчилар қатнашдилар. 

--Бу кўприк қурилиши билан бўлиниб қолган маҳалла бирлашди,--деди туман ҳокими Дилшоджон Джалилов.--Айниқса мактаб ўқувчилари учун қулай бўлди. Илгари серқатов, магистрал йўлни кесиб ўтиб мактабга қатновчи ўқувчиларнинг ота-оналарнинг кўнгли тўлди. Кўприк қурилишида қатнашган бунёдкорлар, уларга камарбаста бўлган маҳалла аҳли, нуроний отахонларга раҳмат. Шу кўприк қурилишида жамоатчилик назоратининг роли яққол кўринди. Турдали ота Алломовнинг хизматлари алоҳида. 

Кўприк бунёдкорларига, жамоатчи назоратчи Т. Алломовга миллий тўн кийдирилиб, совғалар тақдим қилинди. Отахонга Ўзбекистон Нуронийлар жамғармаси раисининг ташаккурномаси топширилди. Халқаро мусобақаларда совринли ўринларни қўлга киритган 34-мактабнинг ёш спортчиларига ҳам совғалар улашилди. 

Тадбирда сўзга чиққанлар яратиб берилган қулайлик учун миннатдорчилик билдиришди. 

Нуронийлар алвон лентани қирқиб, кўприкни очиб, ундан биринчи бўлиб ўтишди.  Ёшу қари хурсанд бўлишди. Отахонлар юртимизга тинчилик-омонлик, шундай хайрли ишлар устида турган Президентимиз бошлиқ раҳбарларимизни ишларига ривож тилаб, дуолар қилишди.

Ёзёвон тумани ҳокимлиги ахборот хизмати.