- Ёшлар, Жамият, Ислоҳот, Маънавият, Қарор ва ижро   904

АВЛОДЛАР ЯНГИЛАНАВЕРАДИ

Хабарингиз бор Президентимизнинг “Ўзбекистон янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига биноан жорий йилнинг 1 апрель санасидан мактабларда ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи лавозими жорий этилди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси сифатида ўзим ўн йил ўқиган 26-мактабга шу вазифага ишга тайинлашди.

Мактабга кириб борарканман, бу масканнинг ўзига ҳос ҳиди, ифори, болаларнинг шўҳ-шодон овозларию, қўнғироқ жаранглари кўнглимда алланечук ширин ҳислар уйғотди. Алифбени пуҳта ўргатган муаллим Тошмамат Шерматов, биз ўқиган йилларда бу даргоҳда директорлик қилган. Ортиғали Мамажонов, Усмонали Содиқов, Абдуқаюм Абдуллаев каби устозларни ҳаёлимдан ўтказдим. Ғоят куюнчак тил ва адабиёт ўқитувчимиз Ҳамид Дададжонов, тарихчи домлаларим Мамарозиқ Эшматов, Умарали Болтабоев, биология фани ўқитувчиси Жамол ая Акчурина, рус тилидан сабоқ берган Фозил Эргашев, химия ўқитувчиси Тоҳиржон Каримов, физика домламиз Улуғбек Шерматов ва бошқа таълим-тарбия берган устозлар кўз олдимга келди. Уларнинг руҳи покларига дуолар қилдим. Ҳозир жисмоний тарбиядан дарс берган ўқитувчимиз Набижон Обиджонов ҳаёт, умри зиёда бўлсин!

Мактаб биз ўқиган чоғларда “Муқимий номидаги 8-мактаб”, деб номланарди. Бу мактабдан кўплаб эл таниган олиму ёзувчилар етишиб чиққан. Фарғона Давлат университетида кўп йиллар ишлаган Насриддин Зарибоев, фалсафа фанлари номзоди Фозил Эргашев, бир қанча китоблар муаллифи ёзувчи ва олим Тилаволди Жўраев шу мактабнинг собиқ ўқувчилари. Уларнинг руҳи шод бўлсин.

Физика-математика фанлари номзоди Асқарали Мадраҳимов ҳамон Фарғона Давлат университетида ишлаяпти. Шу университетда узоқ йиллар ишлаб, ҳозир нафақа гаштини сураётган Аҳмаджон Абдуллаев бир пайтларда шу мактабда ўқиган.

Собиқ “Ўзбекистон” жамоа хўжалиги раиси, Ўзбекистон Халқ депутати бўлган, Ўзбекистон мустақиллиги эълон қилинган сессияда қўл кўтариб, мустақилликни ёқлаган Раҳимахон Ражабова ҳам мактаб собиқ ўқувчисидир.

Бугун бу мактабда бир вақтлар бизга сабоқ берган устозларнинг фарзандлари Шуҳратжон Абдуллаев ва унинг синглиси Рашидахон, Улуғбек домланинг қизи Лолахон, Ботирали Мамажонов, Одинахон Дадажонова, Гўзал Шерматова, Гулбаҳор Низомова, Илҳомжон Оҳунжонов каби муаллимлар оталарининг устозлик мақомини давом эттиряптилар. Мактабда кўп йиллар директорлик қилган Акбарали Мадраҳимовнинг ўғли Мухторали Мадраҳимов бугун мактабни бошқаряпти. Акбарали домланинг келини Шарифахон ҳам шу мактабда устоз даражасида. Авлодлар янгиланаверар экан-да.

Мактабда ижодкорликка қизиққан, шеър ва ҳикоялар машқ қилаётган ўқувчилар анча экан. Улар билан ижод, ижодкорлик ҳақида дарслар ўтиш билан бирга бир нечаларини “Билимдон” журнали таҳририятига, Марғилон шаҳридаги Эркин Воҳидов номли ижод мактабига саёҳат қилдик.

Малик Бой МУҲАММАД.