- Жамият, Туман янгиликлари, Қарор ва ижро   1 456

АРМОНИ ЙЎҚ ШИФОКОР

Туманимиз  соғлиқни сақлаш тизимида ўз  меҳнати билан одамлар тилига тушган шифокорлар ҳақида гап кетганда Ҳомиджон Саримсоқов номини ҳурмат билан тилга олишади. У ўзининг 42 йиллик меҳнат фаолияти давомида нафақат билими, балки одамийлиги билан беморлар дардига шифо бўлиб келмоқда. Ана шу фазилатлар ўз рўёбини бериб, Президентимизнинг фармони билан «Меҳнат шуҳрати» ордени билан мукофотланди.

— Ўрта Осиё медицина педиатрия институтини битириб 1977 йили Ёзёвонда иш бошлаганман, — дейди қаҳрамонимиз. —Шунга ҳам мана қирқ икки йил бўлибди. Шу давр ичида қанчалаб беморлар дардига дармон бўла олган бўлсам ўзимни бахтиёр инсон деб биламан. Меҳнатларимни қадрлаб, юксак унвонга тавсия қилган жамоадошларимдан, касбим тақазоси билан қийинчиликларга учраган пайтларимда менга тиргак бўлган, фарзандларимизнинг эл-юртимизга фойдаси тегадиган инсон бўлиб етишишида фидойи бўлган турмуш ўртоғимдан миннатдорман.

Саримсақовлар хонадонида ўсиб-улғайган уч қиз, бир ўғил ҳам олий маълумотли. Қизлари ўқитувчилик касбини танлаган бўлса, ўғли Тошмуҳаммад ота касбининг давомчиси сифатида ёзёвонликларнинг  меҳрини қозониб бораётган шифокор.

1981 йили Ҳомиджон Саримсоқов юқумли касалликлар шифохонасида ишлаётганида у ҳақида мақола ёзгандим. Ўшанда орзуларига эришганми, армони борми-йўқлиги ҳақида сўрагандим. Бугун ўша саволга шукроналик жавобини олдим.

— Ўзимни армони йўқ инсонлардан, деб биламан. Сабаби, Қорасоқолда обрў-эътибор топган оила фарзандиман. Орзуимдаги касб эгаси бўлиб,  озми-кўпми халқ корига яраяпман. Фидойи турмуш ўртоғим, намунали фарзандларим бор. Жўрабой Буваев, Мухторали Мирзақулов, Жўрабой Эминов каби устозларим борлигидан фахрланаман.

 Исҳоқжон КАРИМОВ.