- Жамият, Ислоҳот, Маънавият, Туман янгиликлари, Қарор ва ижро   1 414

БАЙРАМ БАЙРАМГА УЛАНДИ

Давлатимиз раҳбарининг ўқитувчи мақоми ва нуфузини оширишни жамиятни ривожлантириш йўлидаги энг олий вазифа сифатида кўриб, бу борада амалга ошираётган ишлари таҳсинга лойиқ. Бу тадбирнинг нақадар тўғри эканини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди. Ҳозирги кунда бошқа соҳаларга ўтиб кетган минглаб ўқитувчиларнинг ўз касбларига қайтиши Президентимизнинг бу соҳага қаратаётган эътибори ва ғамхўрлиги намунасидир.

Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишлаб «Ниҳол» тўйхонасида ўтказилган байрам тадбирида туман ҳокими Й. Бойигитов устозларни қутлуғ айём билан  табриклар экан, мамлакатимиз раҳбарининг соҳа ходимларига қилаётган ғамхўрлиги хусусида тўхталди.  Туман ҳокими шу соҳада узоқ йиллар меҳнат қилиб фахрийлар қаторига қўшилаётган 13- ва 32-мактаб директорлари Ҳ. Ибрагимова ҳамда Ҳ. Раҳмоновага машаққатли ва шарафли меҳнат фаолиятлари учун миннатдорлик билдириб, мукофотлар топширди.

Тадбирда иштирок этган туман ҳокими ўринбосарлари М. Хатамов, З. Тешабоева, туман прокурори Б. Усмонов, ИИБ бошлиғи Ҳ.Тошпўлатов устозларни байрам билан табриклашди.

Туман халқ таълими бўлими мудири Ф. Йўлдашев байрам шодиёнасига туманимизнинг мамлакатда биринчи бўлиб пахта тайёрлаш шартномавий режаси бажаргани шодиёнаси қўшилганини айтиб, бу ишларнинг бошида турган туман ҳокими Й. Бойигитовга зарбоф тўн кийгазди.

Тўкин дастурхони ноз-неъматларга тўла тадбир қўшиқ ва рақсларга бой бўлди. Тадбир ниҳоясида илғор устозларга  совғалар топширилди.

     Исҳоқжон КАРИМОВ.

 Улуғбек УМАРОВ олган суратлар.