- Жамият, Турфа олам   1 769

БОР БЎЛСИН, ОҚИБАТ!

Бир йил илгари бир гуруҳ ёзёвонлик санъат шинавандалари Шаҳрисабзга мақом фестивалига боргандик. Ҳамроҳларимиздан бири Одилжон Исақов «Малик Бойматов пиёда юрган билан бутун Ўзбекистонни ошна-оғайнига тўлдириб ташлаган экан», деган гапни айтган эди. Бу бор гап. Фахрий журналист Малик Бойматов муборак Ҳаж зиёратидан қайтгач, узоқяқиндан ҳожи акани зиёрат қилишга қадрдонлари келишиб, уйда меҳмон бўлишди. Ўтган ҳафтада Тошкентдан Зуҳриддин Исомиддинов, Собиржон Иномов, Азамат Мақсудов каби курсдошлари қадр қилиб келишди. Журналистиканинг фидойилари бўлган бу инсонлар суҳбатидан биз ҳам баҳраманд бўлдик. З.Исомиддинов олим, С.Иномов 30 йил Пискент тумани газетасига муҳаррирлик қилган. А.Мақсудов – радиочи. Республика радиосида ишлаган.

Яқинда эса ҳожи аканинг яна бир қадрдони Сирдарёнинг Мирзаободидан Абдуллажон Одилов ўғли Беҳзоджон ва унинг оғайниси Бобуржон билан келишди. 2018 йил Абдуллажон ака хонадонига Шаҳрисабздан қайтишда тушиб, танишгандик. Табиатан одамоҳун, шинаванда экан, бу одам. Асли ота-боболари Бешариқдан бўлган. Ўтган асрнинг 30-йилларида чўлга бориб қолишган экан. Қишлоқ хўжалик ходими бўлиб, узоқ йиллар раҳбарлик лавозимларида ишлаган. Ўғли Беҳзоджон Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Ботаника институтида катта илмий ходим. Биология фанлари номзоди. Докторликни ёқлаш арафасида. Ўзбекистон ёш олимлар кенгаши раиси. Унинг дўсти Бобуржон «Эзгу ният» Ўзбекистон-Германия қўшма корхонасида менежер экан.

– Раҳматли Шароф ота Рашидовдан бошлаб республика раҳбарлари билан қўл бериб сўрашиш насб қилган, –дейди меҳмон суҳбатларидан бирида.

Меҳмонларни Усмоналихон Мўсаев бир пиёла чойга таклиф қилди. Бу табаррук хонадон. Не-не улуғ одамларнинг пой-қадамлари етган бу ерга.

Усмоналихон тақсир Абдуллажон ака ходадонида боғдорчилик борасида суҳбатлари қизиганди. Мезбон ўз боғида сара бодом калтагини берганди. Кейинчалик бу икки боғбон мевали кўчатлар борасида ҳам олди-берди қилганларидан хабаримиз бор.

Тўрадада хонадонига кириб борар эканмиз Усмоналихон аканинг набираларини одоби меҳмонлар билан бирга биз ҳам тан бердик. Улар «ассалому алайкум», дея салом бериб, икки қўллаб кўришишди-да!

Суҳбат қизиди. Мезбон ўз боғида етиштирган сарҳил узумлар, олма, нок, анор билан дастурхонни тўлдириб ташлади. Тошҳовузнинг бренди гулқанд меҳмонларга ёқди. Асални айтмай қўя қолайлик. Аҳмаджон ҳожи Исмоилов олиб келган лимон, малина шарбатини маза қилиб ичдик. Лимон шарбат меҳмонларга ёққанини яширишмади. Ҳожи ака ўз китобларидан меҳмонларга совға қилди.

Пешиндан сўнг меҳмон-у мезбонлар Усмоналихоннинг боғига ўтдик. Боғда «маузер» нокдан тортиб, олма, анор, ёнғоқ мевалари бисёр. Меҳмонларга анор ёққан кўринади, «кузда қаламчасидан оламиз», анор кўчатларига белги қўйишиб қўйди.

Меҳмонлар йўлга чиқишар экан, Сирдарёга таклиф қилишди. Борди-келди бўлса, оқибат узилмайди-да. Бор бўлсин, оқибат.

Азимжон ХУДОЙҚУЛОВ.