- Иқтисодиёт, Туман янгиликлари, Қарор ва ижро   1 239

ЭКСПОРТЧИ  ФЕРМЕРЛАР  КЎПАЙМОҚДА

Юртимизга инвесторларни кўпроқ жалб қилиш, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш орқали мамлакат экспорт салоҳиятини ошириш давлатимиз раҳбарининг доимий диққат марказида турадиган энг долзарб вазифалардан бири. Шу боисдан фақат саноатда эмас, қишлоқ хўжалигида ҳам экспортбоп маҳсулотлар етиштиришга  асосий эътибор қаратиляпти.

—  Ёзёвонда шу кунгача хусусий корхоналар саноқли мамлакатларга маҳсулот экспорт қилишарди, — дейди туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Ш.Тожиҳакимов. – Экспорт ҳажми ҳам катта эмасди. Эндиликда қишлоқ хўжалик маҳсулотларини экспорт қилиш имкониятлари ҳам туғилди. Ёзёвонда  етиштирилган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари азалдан довруқ таратиб келган. Ҳозир бозорларимизда воҳадан келтирилган қовун-тарвузлар кўп учрайди. Энди уларни ўзимизда кўпроқ етиштириб, туманимиз  иқтисодиётини янада кўтариш вақти келди,

Бугунги кунда Ёзёвондаги 5 та фермер хўжалиги 2400 минг долларли мева-сабзавот маҳсулотларини Қозоғистон ва Қирғизистон мамлакатларига экспорт қилишди.  Масалан,  «Чўлигулистон» фермер хўжалиги 136000 долларли,  «Аллабой Алёр файз»  125000 долларли, «Қишлоқ хўжалик экспорт савдо» МЧЖ томонидан 1550 минг долларли маҳсулот экспорт қилинган.

Туманнинг экспорт салоҳиятини кўтариш учун имкониятлар катта. Бир пайтлар Ёзёвонда лимонад ишлаб чиқариларди. Унинг сифати яхшилигидан талаб катта бўлган. Масалан, Хонобод қишлоғининг 80 фоиз аҳолиси лимон етиштиради. Туманда лимон шарбати ишлаб чиқарадиган цех ташкил қилиб, бу харидоргир маҳсулотни четга экспорт қилиш мумкин.  Шунингдек, арзон гаровга четга чиқаётган мева-сабзавотларни ўзимизда қайта ишлашни йўлга қўйиб, валютага хорижга экспорт қилиш имконини яратиш зарур.

 Исҳоқжон  КАРИМОВ.