- Жамият, Турфа олам   898

БОҚИМАНДАЛИККА ЎРГАНИБ ҚОЛМАЙЛИК!

Пандемия даври кимнинг ким эканлигини кўрсатиш орқали барчамиз учун сабоқ бўлди. “Уйда қолинг!” шиори остида ўтирган пайтларимизда давлатимиз ўз фуқароларини ташлаб қўймади. Корхона, ташкилот, ўқув юртларида ишлайдиганлар ойлик маошларини олиб турдилар. Ишлаб чиқаришдагиларга ҳам барча шарт-шароитлар яратиб берилди. Ногирони бор, кам таъминланган, меҳнат қилиш имкони бўлмаган оилаларга моддий ёрдамлар берилди. Маҳаллалар тавсияси билан  “темир дафтар”га кирганларга ҳайитлик, моддий ёрдам пули, мана энди 16 ёшга тўлмаган болалари учун 500 минг сўмдан пул бериляпти. Бунақа ғамхўрлик  яна қайси мамлакатда бор!

Бир танишим ҳунари орқали яхши пул топарди. Аёли ўқимишли бўлса-да, ишлатмасди. Пандемия бошланган даврда ўзи ҳам уйда ўтириб қолди. Маҳаллага чиқиб юриб ёрдам пули олди.  Кейин яна пул олишга ҳаракат қилди. Карантин юмшатилса ҳам ишга чиқмади. Нега ишга чиқмаётганини сўрасам, ҳозирча болалар пулига яшаб туришганини айтди.”Яна шунақа ҳолат давом этиб турса, давлатимиз бой, оч қўймас, ҳар ҳолда рўзғоримиз юриб турибди-ку”, деди бепарвогина.

Қўшни маҳаллада 70 ёшлардаги бир аёл бор. Бир дона ўғли косибчилик билан кун кўради. Аёли ишламайди, уч нафар фарзанди бор. Аёл келинини ёнига олиб, кўрпа-тўшак қовиб, у-бу нарса тикиб рўзғорни бут қилишга ҳаракат қилишади. Пандемия даврида ўғлининг ҳам, ўзларининг ҳам ишлари унча юришмай қолди. Одамлар маҳаллага чиқиб, “темир дафтар”га ёзилишни маслаҳат беришди. Лекин аёл ҳам, ўғли ҳам кўнишмади. Борига қаноат қилиб яшашга ўрганиб қолганликларини айтишди.

Хизмат тақозоси билан маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш туман бўлимида ярим соат бўлдим. Эҳ-ҳе, шу вақт ичида бўлимга ўндан зиёд оиладан қўнғироқ бўлди. Барча қўнғироқларда мақсад битта: қандай қилиб бўлса ҳам “темир дафтар”га ёзилиб, пул олиш. Бири эри билан ажрашган, озгина алимент олармиш, бирининг эри ногирон, пенсияси ёйиш-ичишдан ортмаяпти эмиш. Бирининг қўшниси яхши яшаса ҳам “темир дафтар”да эмишу, мен ундан яхши яшамайману нега мени ўша дафтарга қўшишмайди, деган иддао. Қўнғироқлар шунчалик кўпки, оғримайдиган  бошни ҳам оғритади. Ўйлаб кўрсангиз, дилингизда бу ёрдамлар одамларни боқимандаликка ўргатиб қўймаяптимикан, деган савол туғилиши табиий.

Сиз нима дейсиз?.      

И. КАРИМОВ.