Мамлакатимизда ёшларга бўлган эътиборни янада кучайтириш, уларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, ёшларда ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш, юртимиз ёшлари ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини ошириш масалаларига урғу берилганлиги, турли зиддиятлар кучайиб бораётган бугунги дунё манзараларида ёшларимизнинг маънавий иммунитетини кучайтириш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш ҳар қачонгидан ҳам долзарброқ эканини замоннинг ўзи кўрсатиб турибди. Шу боис мухтарам Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ёзёвон туман 1-сон касб-ҳунар мактабида ҳам ушбу ислоҳотлар замирида ҳозирда 3 та йўналишда автомобилларни таъмирлаш чилангари, автомобил электр жиҳозлари хизмат кўрсатиш чилангари, қурилиш машиналари оператори мутахассисликлари бўйича 220 нафар ўқувчилар таҳсил олмоқда. Ўқувчиларнинг малакали мутахассис бўлиб, касб-ҳунар олишлари учун барча шароитлар яратилган. Президентимиз томонидан жорий этилган 5 ташаббуснинг 1-йўналиши: ёшларни мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини оширишга, истеъдодини юзага чиқариш бўйича касб-ҳунар мактабига 4-дона дутор, 4-дона рубоб, 4-дона доира асбоблари берилди. Бу созлар ёшларни истеъдодини намойиш этишга хизмат қилади. Шу билан бирга ёшларни маънавиятини юксалтириш улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича тизимли ишларни ташкил этиш бўйича давлатимиз томонидан ўн миллион сўмлик бадиий китоблар берилди. Ахборот-кутубхона марказига қабул қилинган китоблар китобхонларнинг қизиқишларини оширишга хизмат қилади. Китобхонларга қулайлик яратиш ва рақамли ахборот хизматини йўлга қўйиш учун ахборот-кутубхона марказида “Электрон кутубхона” хизмати ҳам жорий этилди.
Келгусида ёшларимизни профессионал таълим тизимида замонавий касб-ҳунарга ўқитишни йўлга қўйиш мақсадида 1-сон касб-ҳунар мактабига 5 та йўналишда автомобилларни таъмирлаш чилангари, автомобил электр жиҳозларига хизмат кўрсатиш чилангари, пайвандловчи (электропайвандлаш ишлари), тикувчи, якка тартибдаги тикувчи мутахассисликлари бўйича 180 нафар ўқувчилар қабул қилиниши режалаштирилмоқда.
М.ОТАЖОНОВ,
Ёзёвон туман 1-сон касб-ҳунар мактаби директори.