- Ёшлар, Жамият, Ислоҳот   939

КАСБ-ҲУНАР МАКТАБЛАРИ ФАОЛИЯТИНИ БОШЛАДИ

Мактабда ўқиб юрган кезларимизда касб-ҳунар билим юртлари бўларди. Бу билим юртларига олий ўқув юртларига кириб ўқиш учун лаёқати бўлмаган ёки бирор ҳунарга қизиққан ўқувчилар мактабнинг 8-синфини битирганларидан кейин қабул қилинарди. Ушбу билим юртларида ўқувчилар уч маҳал иссиқ овқат, стипендия ва кийим-бош билан таъминланарди. Юртимиз мустақилликка эришганидан сўнг бу тизимни ривожлантирилиб, жаҳон стандартларига мослаш мақсадида коллежлар ташкил қилинди. Вақт олий ҳакам. Йиллар ўтиб коллежларнинг аксарият катта қисми ўзини оқламади. Натижада бир пайтлар турли соҳаларга мутахассислар етказиб берган тизимга қайтилди. Бугун туманимизда иккита касб-ҳунар мактаблари фаолият бошлади. Тўғрироғи, 14 сентябрдан мактабларда дарс ва машғулотлар бошланади.

 —Бу тизимда, янгича йўналишда иш бошлаш осон бўлмаслигини янгитдан ташкил бўлаётган жамоа аъзолари ҳис қилиб турибмиз, —дейди мактаб директори Шероз Мирзалиев. —Ҳозирча штат бирликлари тўлиқ бўлмасада, электргаз пайвандловчи, тракторчи-машинист, тикувчилик, қишлоқ хўжалиги машиналарини таъмирлаш чилангари каби йўналишлар бўйича 180 нафар ўқувчи қабул қилдик. Шунингдек, асосий фанлардан ҳам малакали устозлар ўқувчиларга дарс беришади. Муҳими, бошлаб олиш.

 Юқорида келтирганимиздек, илгариги билим юртларининг базаси қандай бўлса, ҳунар мактабларида ҳам шундай бўлади. Мактаблар тўлиқ комплектлаштирилиб олинганидан кейин 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб ўқувчилар уч маҳал иссиқ овқат, стипендия ва кийим –бош билан таъминланадилар.

Исҳоқжон КАРИМОВ.