(Воқеий ҳикоя)
“Ўзимдаги яхши фазилатлар учун китобдан миннатдорман”. Машҳур ёзувчи айтган ушбу ҳикматни Машҳура дугоналари Оқила ва Саида билан ўзлари учун ҳаётда шиор этиб яшашга аҳд қилгандилар. Шу билан бирга уйларида оилавий кутубхона яратишни ҳам.
Ёзги таътил чоғи икки ойдан ошиқ вақт кўришмаган синфдошлар яна учрашишди. Салом-аликдан сўнг Машҳура завқланиб гапирди:
–Мендан янгилик шуки, 110 дона китоб йиғиб, уйимизда оилавий кутубхона ташкил қилдим. Улардан қўшниларимизга ҳам беряпман ва каттаю кичик ёшдагиларнинг китобга меҳрлари ўзгача эканлигига амин бўлдим. Ҳа, “Ўзбек халқ мақоллари” китобида “Билимни бошқаларга ҳам улашиш –эзгуликдир”, деб бежиз айтилмаган экан.
–Янги-янги китоблар мутолаа қилиш билан бирга мен ҳам 150 тага яқин китоб тўплаб, жавонимни тўлдириб қўйдим. Энди худди сенга ўхшаб уларни сўраганларга бериб турсам бўларкан. –Бу халқимиз мақолида айтилганидек аввало эзгулик, қолаверса китоб ва китобхонликни тарғибот этишдек савобли иш-а, Машҳура, –дея сўзлади Оқила.
–Хўп, фикрларинг маъқул бўлди. Биз китоб ўқиб қалбимизда яхши фазилат уйғотишга аҳд ҳам қилгандик. Шу ҳақда ҳам сўзлачи, –деди шу гапларга жавобан Машҳура.
–Аввало сабрли бўлишга ўргандим. Ўзбек мақолларидан энг кўп айтиладиганларидан бири бору “Сабрнинг таги сариқ олтин”дир. Шу нақлга амал қилиб яшаш лозимлигига яна бир бора амин бўлдим. Одам тартиб-интизомли турмуш кечиришга одатланиши ҳам зарур экан, –деб жаавоб берди Оқила.
Шу пайт Саида ҳам суҳбатга қўшилиб, ҳаяжон билан қуйидаги сўзларни айтди:
–Мен қариндошларимиздан ўқиб бўлган ва фойдаланишмаётган китобларини совға қилишларини сўрадим. Натижа кутилганимдан ҳам зиёда бўлиб, ҳозир оилавий кутубхонамиздаги китоблар 200 тага етди. Энди улардан 20 донасини мактабимиз кутубхонасига тақдим қилишни режалаштириб қўйдим.
–Во, режанг жудаям зўр бўлибди. Ахир ўн йил бизни ўзига чорлаган даргоҳга, беминнат билим берган устозларимизга, қадрдон маҳалладош мактабдошларимизга, ўзимиздан кичик ўқувчи укаларимизга муносиб туҳфа берган бўласан, Ақлингга қойил, –дедилар унга дугоналари.
–Яна бир айтадиган гапим. Мен китоб ўқирканман инсон меҳнаткашлик ва фидойилик фазилатларини ўзида тарбиялаши лозимлигини англадим. Ахир буюк шоир бобомиз, она тилимиз асосчиси Алишер Навоий ўзининг “Мажолисун Нафоис” асарида 400дан ортиқ ёшу қари замондош, Ватандош шоирларнинг исм-шарифларини келтириб ўтиш билан бирга уларнинг туркий, форсий ҳамда араб тилларида ёзилган асарларига ҳам тўхталиб ўтганлар. Демак меҳнатсевар, жонкуяр одам улуғликка етишишини шу мисолдан ҳам билиб олиш мумкин, –дея қўшимча қилди Оқила.
Суҳбатлари якунида Машҳура “Президентимиз ташаббуси билан навқирон авлод ўртасида китобхонлик кенг тарғиб этилаётгани, “Ёш китобхон” танловлари мунтазам равишда ўтказилаётгани ниҳоятда фойдалидир.. Ахир китоб дарҳақиқат инсондаги энг олийжаноб хислат, фазилатларни камол топтираркан ва айниқса биз каби ёшларга яқин дўст бўларкан ” деган фикрни кўнглидан ўтказаркан дилидагини тилига чиқарди.
–Дугонажонлар, келажакда комил инсон бўлишни истаган ҳар бир йигит-қиз китобга ошноликни ният айлаши лозим.Унга меҳр қўяйлик ва бошқаларга ҳам ўргатайлик. Буни тенгдошларимизга, кичик укаларимизу оммага бундан буён доимо ташвиқот этамиз-а, келишдикми? Шунингдек, дўстларнинг яхшироғи китоб экан-а, тўғрими?!
Ушбу мулоҳазага жавобан Оқила ва Саида ҳам “Келишдик, тўғри, тўғри”, деб хитоб қилдилар.
Кейин дугона улуғ шоир Рудакий қаламига мансуб қисқа-ю, оламжаҳон маънога эга шеърни фахр билан, тантанавор оҳангда ифодали қилиб айтишди:
Китобдан яхшироқ дўст йўқ жаҳонда,
Ғамхўринг бўлгай у ҳар вақт, замонда.