- Жамият, Маънавият, Турфа олам   1 752

“САФАР ҚИЛҒИЛ, АММО ВАТАН ИЧРА БЎЛ”

Ёмғирли Бухоро ортда қолди. Автобусимиз Навоий вилоятининг Карманаси орқали Самарқанд сари шитоб юрди. Соҳибқирон Амир Темур пойтахт қилган шаҳарга киришдан олдин Пайариқ туманидаги Хартанг қишлоғида жойлашган буюк бобомиз Имом Бухорий зиёратгоҳида тўхтадик. Ушбу табаррук жой Ислом динига эътиқод қилувчилар ва чет элдан келаётган сайёҳлар билан гавжум бўлишига гувоҳ бўлдик. Бу ердаги музейга мусулмон давлатлари раҳбарлари томонидан совға қилинган қатор экспонатларни кўрдик.

Зиёратгоҳдан чиқиб, Самарқанд томон кетар эканмиз, йўлнинг ўнг томонидаги қурилишларни кўриб, ҳайратландик. Кўп қаватли уйлар, маданий-маиший шахобчалар… Шаҳарга кириб, «Нодир Самарқанд» меҳмонхонасига жойлашдик.

Эрталаб, гуруҳимиз аъзолари саёҳатни Улуғбек расадхонаси ва музейидан бошладик. Жаҳон илм- фанига беқиёс ҳисса қўшган беназир аллома ва давлат арбоби Мирзо Улуғбек музейи 1964 йилда ташкил этилган. 2010 йилда музей тубдан янги қурилган бинода қайта ташкил этилди. Музейдаги экспонатлар кишини ўзига тортади. «Фарғона ҳақиқати» газетаси мухбири Мадаминжон Солижонов берилиб, экспонатларни томоша қилишини «Истиқбол йўли» газетаси  фотомухбири  Бахтиёр Рўзиохунов усталик билан кадрга муҳрлади. Расадхонанинг қояни ўйиб қилинган, чуқурликда мармардан ясалган иккита паралел ёй, меридиан радиуси 41 метрга тенг бўлган квадратнинг бир бўлагини кўришнинг ўзи завқли. Мирзо Улуғбек ҳайкали пойида суратларга тушдик. Бу суратлар аллақачон ижтимоий тармоқларда эoлон қилинди.

Самарқанд бўйлаб саёҳат қилар эканмиз Регистон ансамбли, Улуғбек, Шердор, Тиллақори мадрасалари, Шоҳи Зинда мажмуаси ва бошқа зиёратгоҳларда бўлдик.

Самарқандлик ҳамкасбларимиз бу ердалигимизни эшитиб, «Зарафшон» газетаси Бош муҳаррири ўринбосари Ғолибжон Ҳасанов бошчилигида меҳмонхонага келишибди. Эски қадрдонлар билан суҳбат қизиб кетди. Эсдалик учун суратга тушдик. Мезбонлар меҳмонларга «Зарафшон» газетаси тасвири туширилган бош кийим, футболка, блокнот ва бошқа совғалар улашишди. Самарқандда Фармон Тошев мактаби тезкор экан. Ярим соат ўтар-ўтмас «zarnews» веб сайтида икки вилоят журналистларининг учрашувлари ҳақида сурат ва мақола эълон қилинди. Ҳамкасбларга фарғоналикларнинг саломларини етказдик.

Рўйи замин сайқали Самарқанддан олам-олам таассуротлар билан пойтахтга йўл олдик.

Тошкентда Ҳазрати Имом (Ҳастиимом) мажмуасини бориб кўрдик.

Мажмуада Ўзбекистон мусулмонлари Диний бошқармаси, Ислом институти жойлашган. Бу ердаги кутубхонанинг алоҳида хонасида муқаддас китоб – Усмон Қуръони сақланади. Уни кўриб, тавоф қилдик. Шунингдек, Ислом цивилизация марказиниг қурилиши шитоб олиб борилаётган экан.

Навбатдаги манзил Оқ сарой. Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов қароргоҳи бўлган бу маскан бугун музейга айлантирилган. Ислом Каримовнинг 80 йиллигига бағишлаб ташкилланган  «Бутун оламни жо қилган юрак» кўргазмаси тақдимотида қатнашдик. Бу ерда Биринчи Президентга турли йилларда ҳайкалтарошлар томонидан ясалган ҳайкаллар, рассомлар томонидан чизилган суратлар, олган мукофотлари, хуллас 80 йиллик ҳаёти жо қилинганди.

Зиёрату саёҳатимиз якунига етиб, поезд вокзали томон йўл олар эканмиз, Буюк Алишер Навоийнинг «Сафар қилғил, аммо Ватан ичра бўл», сатрлари ёдга тушиб, тўғрилигига имон келтирдик.

Сафаримиз ташкилотчиси «Мухлислар нигоҳида» туризм агентлигининг ишбошилари Беҳзоджон ва Илҳомжон ўз ишларини кўнгилдагидек уддалашди. Миннатдормиз.

Азимжон ХУДОЙҚУЛОВ.

Фарғона-Бухоро-Самарқанд-Тошкент-Фарғона.