Цитрус инли куяси олигофаг ҳашарот бўлиб, цитрус ўсимликларига катта зарар келтиради. Цитрус инли куяси лимон ўсимлигининг хавфли кушандаси ҳисобланади. Шу билан бир қаторда у мандарин ва грейпфрут ўсимлигида ривожланиши аниқланган. Цитрус инли куясининг капалагининг қанотлари ёзилганда 4-5 мм узунликда бўлиб, қанотлари кулранг, ингичка, ўткир учли, олдинги жуфт қаноти иккита тўқ чизиқлар, ўртасида эса V шаклида белгиси ва тепа учида қора доғлари бор. Қанотининг ўрта олдинги четигача узун тўқ сариқ рангда туклари бор. Попуклари орқа қанотида ҳосил бўлади. Орқа оёқларининг болдир қисмида тепага қараган қора ўсимтаси бор.
Цитрус инли куясининг ривожланишига об-ҳавонинг аҳамияти жуда катта ўрин тутади. Цитрус инли куси июнь-июль ойларида лимонзорларда кўплаб учратиш мумкин. Улар лимон баргининг остки томонига жойлашиб кеч кузга қадар зарар келтиради.
Урғочилар тухумини куртакка ёки ўсимликларнинг ўсиш нуқтасига, баргларнинг тепа қисмига 200 тагача қўяди. Эмбрионал ривожланиши 10 кун давом этади. Личинкалар барг ичига кириб олиб 10-20 кун давомида ривожланади. Личинкалар ёш барглар орасида илон изи каби уялар ҳосил қилиб барг паренхимаси билан озиқланиши натижасида барг буришади ва қурийди. Одатда битта баргда битта уя бўлади, кучли зарарланганда 2 ёки 3 та ундан ортиқ ҳам бўлиши мумкин. Қаршиликларга учраши билан личинка бошқа баргга ўтади. Зараркунанда бир йилда 6-7 та баъзан 10 та авлод беради.
Мазкур зараркунандага қарши кураш чоралари ҳашарот тарқалган кўчатларга барча ёшдаги қуртларга қарши 10 литр сувга энтовант 15 гр, индоксамектин 30 гр, протект 25 гр, вертимек хамда бошқа турдаги системний таъсир этувчи моддаларни қўллаш тавсия этилади. Бундан ташқари, зарарланган майдонлардан ўсимлик қисмлари, қўчатлари, қолдиқларини зарарланмаган майдонларга олиб ўтмаслик зараркунанда тарқалишини олдини олиш муҳим рол тутади
Х.ХОЛМАТОВ,
М.ЮЛДАШЕВ,
А.РАҲМАТОВ,
Қўштепа тумани Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бўлими давлат инспектолари.