- Жамият, Иқтисодиёт   1 514

ЮРТГА БАРАКА КИРИТАЁТГАНЛАР

Мактабда ўқиб юрган чоғларимизда устозларимиз «Меҳнатнинг таги роҳат, ҳалол меҳнат қилган барака топади», деб машҳур одамларни мисол келтиришарди.  Бугун меҳнат қилиб барака топаётганлар ҳар қадамда топилади. Уларнинг меҳнати нафақат оиласига, балки жамиятга, юртга ҳам самара келтирмоқда.

Биз туман Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томорқа бўлими бошлиғи Абдуваҳоб Тўхлиев билан хонободлик миришкор деҳқонлар хонадонларида бўлдик.

—Туманда цитрус мевалар етиштириш, селекция ишларида Худо раҳмати Юсуф ота Жўраев фарзандларининг ўзига хос мактаби бор, ҳозир бунга ўзингиз гувоҳ бўласиз,—деди ҳамроҳим манзилга етиб борганимизда. Бизни қарши олган Ҳикматилло Жўраев укаси,  Дилшоджон хонадонига бошлади. Хонадон остонасидаёқ  сўритокларда кўзни қувонтирадиган даражада чиройли ишлов берилиб, шиғил ҳосил осилиб ётган узумзорни кўриб, беихтиёр «Отангга балли!» деб юборасиз.

—Бу узумни кўрган Президент маслаҳатчиси Умаржон Исмоилов: «Олтиариқдаги узумзорни хонадонингизга олиб келиб қўйибсиз-ку», деб Дилшоднинг елкасига уриб қўйганди, иссиқхонадаги цитрус мевалар ва помидорнинг авжини кўриб эса қойил қолганини яширмаганди,—деди Ҳикматилло бизни иссиқхоналар томон бошлар экан.

— Манави 2 сотиҳ жойда тўрт минг туп лимон кўчати етиштириляпти. Анави 5 сотиҳли иссиқхонада помидорнинг 4 хил нави пишяпти. Бир туп помидор кўчати 17 килограммгача ҳосил беради.

4 сотиҳли иссиқхонада апелpсин, мандарин, лимон етиштирилади. Ғуж-ғуж ҳосилни кўриб ақл шошади.  Ҳовлидаги писта дарахти, Япониядан олиб келинган олманинг «фужи» нави бизни бефарқ қолдирмади.

—Дилшоджон туманда «Ифода» фирмасининг шаҳобчаси очиб, яхши иш қилди,— дейди Абдуваҳоб Тўхлиев. — Биостимуляторлар  химикатлардан анча афзалдир.  Улар деҳқонга катта фойда келтиради.

Ҳикматиллодан ҳозир нималар билан бандлигини сўраймиз.

—Анча йилдан буён  лимоннинг янги навини яратиш ҳаракатида эдим. Уринишлар натижасида  янги навни яратдим. У серҳосил, иссиқ ва совуққа чидамли. Фақат қуруқ, сизот сувлар яқин бўлмаган ерларда яхши авж олади.

Ҳикматилло бизни яна бир миришкор —Акбарали Каримов хонадонига бошлади. Дарвозадан кираверишга «Лимончилик ва асаларичилик ўқув маркази» деган ёзувга кўзимиз тушди.

—Биз ҳақиқатан ўқув маркази ташкил қилганмиз,—деди бизни қарши олган Акбарали. —Ҳар икки соҳада 10 нафар шогирд бор. Улар бу ерда лимончилик ва асаларичиликнинг миридан-сиригача  ўрганишиб, жойларда амал қўллаб кўришади. Масалан лимон кўчатларини Қўқон ҳудудидаги туманлар хонадонларига олиб бориб экиб бериш билан бирга парваришига ёрдам берамиз. Бу жараёнда шогирдларим кўп нарса ўрганишади. Асаларичилик соҳасида ҳам шу тажрибани қўллаймиз. Жойларда асаларининг фойдаси ҳақида аҳолига тушунтириб, бу неoматнинг хонадонларга кириб боришига кўмаклашамиз.

Хонадондаги 15 сотиҳ ерда лимонзор барпо қилинган. Кўчатларда гул ҳам, мева ҳам ўшанча.

—Лимон, ўрик, олма дарахтларидаги мевага эoтибор берган бўлсаларинг, ҳар бирида мева шиғиллаб ётибди. Бу асаларининг фойдаси. Кузатишларим натижаси шуки, асалари чанглатиш орқали мевали дарахтлар ҳосилдорлигини 30 фоизга ошираркан.

—Хонободнинг 90 фоиз хонадони ҳовлисида иссиқхоналарда лимон етиштирилади,—дейди Ҳикматилло. — Лимон ва бошқа меваларни қайта ишлайдиган мини завод қилишни ният қилиб, уриниб ҳам кўрганман, аммо амалга ошмади. Шуни амалга ошириш керак. Бу туманимиз экспорт салоҳиятини оширади.

Бу кўпчиликнинг дилидаги ният.  Биз миришкор деҳқонлар хонадонларидан қайтар эканмиз, улар каби иқтидор эгаларига янада қулай шароитлар яратиб бериш орқали туманимиз шаoнини юқори кўтариш мумкинлиги ҳақида фикрлашиб келдик.

Исҳоқжон КАРИМОВ.