- Жамият, Маънавият   740

ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН – ИНСОН ҚАДРИ УЛУҒЛАНГАН ЮРТ

Мана икки кундирки маҳаллаларимизда “Янги Ўзбекистон – инсон қадри улуғланган юрт” шиори остида “Маънавият фестиваллари” давом этяпти.

Очиқ ҳаво қўйнида, соя-салқин жойда машҳур санъат ва маданият вакиллари билан дилдан суҳбатлашиб, ашула эшитиб, рақс тушишга нима етсин?

Президентимизнинг ташаббуслари билан вилоятга ташриф буюрган 300 га яқин маданият, санъат намояндалари, шоир ва ёзувчилар, маънавият тарғиботчилари вакиллари туманимиз аҳолиси билан учрашиб, дилдан суҳбат қуряптилар.

Бугун мана шундай тадбир Қатортол маданият марказида Қатортол ҳамда Ижодкор МФЙлари аҳоли вакиллари учун ташкилланди.

Марказ ҳовлиси соя-салқин, байрамона безатилган, одамларнинг хурсандчилиги чеҳрасида намоён бўлиб турибди.

Туман ҳокими Дилшоджон Джалилов бош ҳокимият вакиллари, туман прокурори Илҳомжон Ходжаев ва кенг жамоатчилик олқишлар билан меҳмонларни кутиб олдилар.

Туман ҳокими Д.Джалилов ўз сўзида Президентимизнинг ташаббуслари билан бўлаётган тадбирда иштирок этаётган барчага миннатдорчилик билдирди.

Тошкентдан ташриф буюрган навоийшунос олим, Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти директори Олимжон Давлатов юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар инсон қадри учун эканлигини мисоллар билан айтиб берди.

Байрам дастурида Муқимий номидаги мусиқали театр актёри Музаффар Ҳомидов, эстрада хонандалари Машҳурбек Муҳаммад, Жамшид Мирзо, Шоира Отабекова, Зуҳриддин ва Фотима Режеметовлар ва туман маданият бўлими ходимлари ўзларининг чиқишлари билан қатнашиб, аҳоли олқишларини олдилар. Янграган ашулаларга маза қилиб рақс тушдилар.

Кўнгилочар тадбирда одамлар мароқли ҳордиқ чиқардилар. Меҳмонлар ҳам кўрсатилган иззат-икром ва ҳурмат учун ёзёвонликларга раҳмат айтишди.

ЁЗЁВОН ТУМАНИ ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ