Сойбўйи маҳалла фуқаролар йиғинидаги Шукрона, Сойбўйи-2, Толқудуқ, Файз кўчаларида 3449 нафар одам истиқомат қилади.
Шу кунларда ҳудудда амалга оширилаётган ободончилик ишлари билан танишиш мақсадида Сойбўйига борганимизда, раис Рустамжон Раҳимов ҳамда котиб Улуғбек Абдуллаевни Шукрона кўчасидаги хонадонларнинг биридан топдик.
—Ҳар йилгидек аҳолини ободончиликка, томорқаларни эртароқ деҳқончиликка тайёрлашга ундаяпмиз, —дея гап бошлади, раис. –Одамларимиз бир парча ерни бўш қолдирмайди. Деҳқончиликни аллақачон бошлаб юборганлар бор. 2018 йили 10 та оила «Ҳар бир оила–тадбиркор» дастури доирасида имтиёзли кредит олиб, иссиқхона қилишди. Тадбиркор Равшанжон Шерматов банкдан олган 25 миллион сўмга музқаймоқ дўкони очди. Икки киши ишли бўлди. Яна бир тадбиркор Давронжон Омонов ҳам 25 миллион кредит олиб, шаҳарча марказида автомашиналарга чехол, полик тикишни йўлга қўйди. Натижада уч киши бандлиги таъминланди.
Раис ва котиб ҳамроҳлигида Шукрона кўчасининг 79-уйида яшовчи Набижон Абдураҳмонов хонадонига кирдик. Салом-аликдан сўнг, тартибга келтирилган 8 сотихли томорқа эoтиборимизни тортди. Томорқа боққа айлантирилган. Олма, нок, гилос, анор, бодом сингари ёш кўчатлар ораси чопилган.
—Кўчатлар орасига ҳар йили картошка, помидор, карам экиб, мўл ҳосил оламиз. Егуликдан ортиғини сотамиз. Даромадимиз яхши. Бултур шу ердан икки тонна картошка олдик. Одатим, картошкани келгуси йилгача сақлайман. Картошка уруғи ишончли бўлгани учун кўпчилик мендан сўрайди. Оилада етти жонмиз. Томорқа бизни боқяпти –дейди, Набижон.
Файз кўчасининг 22-уйида истиқомат қилувчи Абдуғофир Сотволдиев уйига кирганимизда кайфиятимиз янада кўтарилди. Хонадон соҳиби беш йил аввал қилган 6х12 метр иссиқхонасидаги лимон даромадга кирибди.
–Ўтган йил октябрь ойида лимонимни сотиб олгани келишган олтиариқликлар токда турган «Ҳусайний», «Келин бармоқ» узумларини кўришиб, ҳайратланишган.
Боиси, токдаги узум ҳар бир қаричда бир бошдан солганди. Арзимаган ердан 1,5 тонна узум олиб, килосини уч минг сўмдан пулладим. Бундан ташқари, фарзандларим билан уч-тўрт гектар майдонда қовун-тарвуз етиштирамиз, –дея деҳқончилигидан ғурурланиб сўзлади, Абдуғофир.
Маълум бўлишича, йиғин ҳудудида 70 дан ортиқ хонадонда иссиқхона ташкил этилган. 53 нафар тадбиркорнинг ёғочни қайта ишлаш цехида 250 нафар ишчи иш билан банд.
Маҳаллада бўлиб, эртанги кун умиди билан яшаётган ҳамюртларимизнинг ғайрат билан ишга киришганининг гувоҳи бўлдик.
Бахтиёр ЖОЛЧУЕВ.
Суратда:Сойбўйи МФЙ даги Файз кўчасида яшовчи Мамлакатхон Раҳимова уйда 2 та иссиқхона ташкиллаб, 2,5 сотихдаги лимон кўчати ичига қалампир экди. 2 сотихда булғор қалампири ва помидор парваришланмоқда.