- Жамият, Ислоҳот, Турфа олам   1 655

ТААССУРОТЛАР БИР ОЛАМ

Сурхон воҳасига ижодий сафар ҳақидаги хабар газетамизнинг ўтган сонида чоп этилгач, қадрдонлар, таниш-билишлар қўнғироқ қилиб, таассуротлар билан қизиқишяпти. Айтиш мумкинки, жанубий вилоятга сафаримиз ғоят самарали, сермазмун ўтди.

Сафар олдидан «Фарғона ҳақиқати» ва «Сурхон тонги» газеталарининг қўшма сонлари чоп этилди. Вилоя тимизда олиб борилаётган иқтисодий-ижтимоий ислоҳотлар, ўзгаришлар ҳақида икки соатли кўрсатув тайёрланиб, Сурхондарё вилоят телевидениеси орқали намойиш этилди.

Термиз темир йўл вокзалида фарғоналик журналистларни Ўзбекистон Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Сурхондарё вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Салоҳиддин Норқобулов, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими раиси Муҳиддин Абдураҳимов, «Сурхон тонги»-«Заря Сурхана» газеталари бош муҳаррири Райҳон Раҳимова бошлиқ бир гуруҳ ижодкорлар кутиб олдилар.

Сурхондарё вилоятида бугунги кунда 30 та газета ва 1 та журнал чоп этиляпти. Уларнинг бир марталик адади 100 минг нусхадан ошади. «Сурхон тонги» ва «Заря Сурхана» газеталари 13 мингдан зиёд, «Сариосиё» 5 минг, «Қумқўрғон садоси» 4 минг 500, «Бойсун» 4 минг 100 нусхада чоп этилаётганига ҳавас қилдик.

Фарғоналик журналистлар учун ҳозирланган «Accоn» меҳмонхонасига тездагина жойлашиб, вилоят «Матбуот уйи»га йўл олдик. Қайта реконструкциядан чиқарилган «Матбуот уйи»да ижодкорлар учун барча шароитлар муҳайё экан. Бу ерда «Сурхон тонги»-«Заря Сурхана» газеталари бирлашган таҳририяти, ҳудудий бошқарма, Ёзувчилар ва Журналистлар уюшмалари вилоят бўлимлари жойлашган. Шунингдек, бу бинода 8 та тармоқ ва хусусий газеталар фаолият кўрсатади. Шунингдек, бу ерда китоб дўкони, кутубхона ҳам ишлаб турибди.

Вилоят газеталари таҳририяти фаолияти билан танишдик. «Сурхон тонги» тарихи ҳақида. Вилоят газетаси 1932 йил 15 апрелдан «Қизил чегарачи» номи билан чиқа бошлаган. Кейинчалик «Илғор Сурхон учун», «Ленин байроғи» номи остида чоп этилган. 1991 йилдан «Сурхон тонги» номини олган.

Газета ўзининг шонли тарихига эга. Таҳририятда Шукур Холмирзаев, Абдулла Орипов, Эркин Аъзам, Усмон Азим, Сирожиддин Сайид, Мирзо Кенжабек сингари адабиётимиз намоёндалари талабалик йиллари амалиёт ўташган.

Юқорида айтиб ўтганимиздек, бу ердаги ижодкорлар учун яратилган шароитлар ҳавас қилгудек. Замонавий мебеллар, оргтехника, айтаверсак тугамайди.

– Тўрт қаватли бинонинг реконструкцияси, сизлар кўриб турган мебелp ва бошқа жиҳозлар таҳририят фойдасидан амалга оширилган, –дейди «Сурхон тонги»-«Заря Сурхана» газеталари бош муҳаррири Райҳон Раҳимова. –Яқинда таҳририятимизнинг ўз босмахонаси бўлади. Ҳиндистон компанияси билан шартнома имзолаб, маблағи ҳал бўлган. Мақтанишга йўйманглару босмахонамиз республикада ягона бўлади. Босмахона ҳам ўз маблағимиз ҳисобига барпо этиляпти.

«Матбуот уйи» мажлислар залида икки вилоят журналистлари ўз тажрибалари билан ўртоқлашдилар.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилоят бўлими раиси Муҳаммаджон Обидов Фарғона матбуоти, журналистларнинг хорижий сафарлари ҳақида гапириб берди.

Сурхондарё вилоят телерадиокомпанияси таркибидаги вилоят радиоси 76 йиллик тарихга эга бўлса, телевидение мустақиллик меваси, 1991 йилдан фаолият олиб боради.

Телерадиокомпания раҳбари Баҳриддин Мингбоев ўз жамосида олиб борилаётган ишлар ҳақида сўзлаб берди.

–Сўнгги йилларда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва вилоят ҳокимлиги кўмагида кўп ишлар қилинди, –дейди раис. –Янги типдаги телерадиотехника аппаратуралари сотиб олдик. 460 квадрат метрга тенг янги студия битиш арафасида. Наврўз байрами кўрсатувларини ана шу студияда тайёрлаш ниятидамиз.

Фарғоналик ва сурхонлик журналистлар «Халқ билан мулоқот» ток шоусида иштирок этишиб, бугунги долзарб масала– босма нашрлар тақдири ва унинг интернет билан рақобатдошлиги борасида ўз фикрлари билан ўртоқлашдилар.

Шу куни оқшомда фарғоналик қурувчилар томонидан қуриб битказилган санoат саройида Маннон Уйғур номли вилоят мусиқали драма театри ижодкорлари томонидан саҳналаштирилган, Усмон Азим қаламига мансуб «Алпомишнинг қайтиши» спектаклини томоша қилдик.

Сафаримизнинг биринчи куни ана шундай самарали ўтди.

 

Азимжон ХУДОЙҚУЛОВ.

(Давоми бор).