Хонобод ММТП ҳудудидаги “Хайрулло” фермер хўжалигида чигит экишга бағишланган вилоят семинари бўлиб ўтди.
Семинарда вилоят ҳокими Хайрулло Бозаров, вилоят сектор раҳбарлари, туман ҳокимлари, қишлоқ хўжалигига дахлдор масъуллар, туман корхона, ташкилот раҳбарлари, кластерлар, ОАВ вакиллари ва механизаторлар иштирок этдилар.
Йиғинда вилоят ҳокими бугунги тадбирнинг аҳамиятига тўхталиб, чигит экишда нималарга эътибор қаратиш кераклиги, қандай ишлар амалга оширилши ва чигит экиш мавсумида тузилган штабларнинг вазифаларини тушунтириб ўтди.
Жумладан:
Ҳар бир ҳуддуда туман штаби бўлиши кераклиги;
Туман штабларига кластернинг ишончли одамини бириктириш;
Ҳар бир туман 4 та сектор ҳудудида сектор штаблари бўлиши;
Ҳар бир сектор раҳбари ҳудудидаги штабни назорат қилиб боришлиги ҳамда чигит экиш тўлиқ якунлангач, вилоят ҳокимига кафолат хати ёзиб бериши кераклиги айтиб ўтилди.
Вилоят ҳокими томонидан айрим кластерларнинг фаолияти танқид қилинди.
– Бундай семинарларни кластерлар ташкиллаши керак, – деди Хайрулло Бозаров. – Фермер етиштирган пахтани кластер қабул қилади ва 10 чандон манфаат кўради.
Шунингдек чигитини экишга тайёрлаш шахобчалари ташкил этиш, техникаларга ёқилғи ва ўғитни кластер етказиб бериши кераклигини алоҳида таъкидлади. Чигитни тайёрлаш шахобчаларига энг зўр мутахассисларни танлаб олиниши уқтирилди.
Чўл ҳудудларида мавсумда механизаторлар учун вагон, иссиқ овқат ва бошқа шароитлар тўлиқ таъминланган бўлиши алоҳида айтилди.
– Ҳар бир ММТПда чигит экиш олдидан қонлик чиқариб, ишчи ва эҳтиёжмандларга тарқатилиб, дуо ўқилиб, фотиҳа қилинса Худо албатта баракасини беради, –деди вилоят ҳокими.
Семинарда вилоят ҳокими ўринбосари А.Турсунов ҳисобот бериб, вилоят бўйича жами 155 та чигит экиш отряди тузилганлиги, ҳар бир отрядга 15-20 тагача техника тўғри келишини айтди. Қишлоқ хўжалигига оид муаммо ва камчиликларга тўхталди.
Тадбир сўнгида бир гуруҳ уста деҳқон нуронийларга вилоят ҳокими совғалари топширилди.
Чигит ерга қадалиши олдидан қонлик чиқарилди. Иштирокчиларга ош тортилди. Қўш оши якунида юртимизга тинчлик, деҳқончиликларимизга барака тиланиб, дуо қилинди.