- Жамият, Туман янгиликлари   1 711

БЎТҚАЧИЛИК МИРИШКОРЛАР

Бўтқачида асл миришкорлар кўплаб топилади. Қай бир хонадонга кирманг, томорқасида ғайрат билан ердан мўл ҳосил олиш тараддудида юрганларга гувоҳ бўласиз.

Тараққиёт маҳалла фуқаролар йиғини раиси Лутфулло Тошбоев ҳар учта хонадоннинг бирида иссиқхона борлигини тилга олди.

–Айниқса бу борада «Ҳар бир оила–тадбиркор» дастури бўйича берилган кредитлар туфайли аҳоли турмуш тарзини яхшилаш ҳаракатига тушишган. Катта шоҳ кўчасида яшовчи Ғайратжон Аҳмаджонов  иссиқхонасидаги лимон орасида бодринг, помидор етиштираётган бўлса, шу кўчада яшовчи Абдумутал Қорабоев иссиқхонада бодринг кўчатларини парваришлаяпти. Яна бир томорқачи Раҳмонали Зоҳидов помидор, карам, қалампир кўчатлари етиштириб, сотиш билан шуғулланади, –дейди раис.

Қишлоқда биринчилардан бўлиб, иссиқхона ташкил қилган Қаҳрамонжон Каримов хонадонида бўлдик.

—Томорқамиздаги учта иссиқхонани 15 йилда бирин-кетин қилганман. Иккитасида лимон етиштирилади. Карамнинг эртапишар «Нозоми», 10-15 кун фарқ қилувчи «Фарао» навли уруғидан кўчат етиштирдик. Қисқа фурсатда 30 мингта кўчатни сотиб бўлдик, —дейди у

Қаҳрамонжоннинг мақсади, учта эрта узум етиштирувчи токзор иссиқхонаси қилишдир. Ҳозирда у очиқ майдонга плёнка остига булғор қалампири экиш ҳаракатида юрибди. Ўғли Ҳумоюн ишдан келибоқ, дадаси ёнига ёрдамга ошиқади.

–Деҳқончиликни илк нишонасини қишлоқдаги ёши улуғларга илинаман –дея гапини давом эттириб. –Ёдимда, анча йил аввал пишиқчилик ҳосилидан Суярхон тўра дадага туҳфа этганман. Роса қувониб дуо қилганди. Ишонсангиз, ўша йили деҳқончиликларимга Аллоҳ баракасини берган.

Томорқадан мўл ҳосил олиб, оила бюджети бут бўлаётган Қаҳрамонжон Каримов оиласи ишбилармонлиги-ю, меҳнаткашлигига қойил қолдик. Бўтқачида эса бундай оилалар сони жуда кўп.

Бир сўз билан айтганда, Бўтқачида деҳқончиликлар авжида, янгиликлар ҳам шунга яраша.

Бахтиёр ЖОЛЧУЕВ.