Вилоят ҳокими ташаббуси билан 11-12 март кунлари Фарғона шаҳрида «Келажакни терроризмсиз қурамиз!» шиори остида халқаро ёшлар фестивали ўтказилди.
11 март эрта тонгида Улуғнор туманидан Ёзёвонга кириб келиш чегарасида вилоят ҳокимлиги, вилоят ташкилотлари масъуллари, туман ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси, халқ таълими, тиббиёт, маданият, спорт, ободонлаштириш бўлимлари мутассадилари, жамоат ташкилотлари вакиллари иштирокида Наманган вилоят ҳокимлиги котибият мудири Анваржон Тўйчиев бошлиқ ёшлар делегациясини карнай-сурнайлар садоси остида, нон-туз билан тантанали кутиб олинди.
Намангалик ёшлар замонавий автобусга ўтиришиб, йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари кузатувида Фарғона шаҳри томон йўл олдилар.
Худди шундай тожикистонлик ёшлар Бешариқнинг «Андархон», Баткен вилояти вакиллари «Водил», ўшликлар Андижондаги «Дўстлик» чегара постида кутиб олинди.
Халқаро ёшлар фестивалининг очилиш маросими вилоят Тадбиркорлар марказида бўлиб ўтди.
Фестивал доирасида «Марказий Осиё минтақасида экстремизм ва терроризмга қарши курашишнинг долзарб масалалари» мавзусида семинар, «Биз келажакни биргаликда бунёд этамиз» шиори остида ёшлар кўргазмалари ўтказилди.
«Истиқлол» ўйингоҳида 20 мингдан ошиқ фестивал иштирокчилари учун концерт дастури намойиш қилинди.
Тожикистоннинг, Сўғд, Қирғизистоннинг Ўш, Жалолобод, Баткен, Ўзбекистоннинг Фарғона, Андижон, Наманган вилоятлари ёшлари қатнашган халқаро фестивал иштирокчилари учун унутилмас бўлиб қолди.
Азимжон ХУДОЙҚУЛОВ.
Улуғбек УМАРОВ
олган сурат.