- Ёшлар, Жамият, Қарор ва ижро   1 143

ЁШЛАРГА ЭЪТИБОР – КЕЛАЖАККА ЭЪТИБОР

30 ёшгача бўлган ёшлар дунё аҳолисининг ярмидан кўпини ташкил қилади. Шижоатли ва кўзи ёниб турувчи изланувчан ёшларимиз Ўзбекистонда ҳам аҳоли сонининг ярмидан кўпига тўғри келади. Президентимиз Шавкат Миромонович ёшларни Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги, бебаҳо хазинаси сифатида юксак қадрлайди. Ёшлар бирлашса, катта куч бўлади. 2020 йил 30 июндаги Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикаси ёшлар ишлари агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги ПҚ-4768-сонли қарорига мувофиқ ёшлар агентлиги ташкил этилди. Бу ҳам бўлса, юртимизда ёшларга берилаётган юксак ишонч ва катта имконият деганидир. Ушбу қарорга асосан, агентлик ёшлар йўналишида фаолият кўрсатувчи нодавлат нотижорат ташкилотларига ўз фаолиятини йўлга қўйиш, амалга ошириш ва ривожлантиришда ҳар томонлама ташкилий ва амалий ёрдам кўрсатиши белгиланган. Бундан ташқари, «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшларни ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш мақсадида туман ва шаҳарларда «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилди. Бугун ёшларга барча эшиклар очиқ.

Мухтарам Президентимиз ташаббуслари билан фарзанди олий ўқув юртида шартнома асосида ўқиётган оилаларга имтиёзли таълим кредити бериш тартиби ишлаб чиқилиб, бунда кредитни ўқиш даври тугаб, ёшларимиз ишга жойлашганларидан сўнг қайтаришлари назарда тутилган. Бундан ташқари, Президентимиз вилоят ҳокимларига ҳар қайси туман ва шаҳардан 5 нафаргача ёшларни маданият ва санъат олийгоҳларида маҳаллий бюджет ҳисобидан ўқитилиб, келгусида уларни ўз ҳудудларида уй-жой ва иш билан таъминлаш тўғрисида топшириқлар берган. Масофани юрган инсон босиб ўтади. Бизга бугун юришга имкониятлар бисёр. Ҳар бир ташланган қадам ўзининг ортидан тажриба, билим ва моддий манфаатни яратади. Бирор ишни бошлаган вақтимизда ундан тезроқ натижа кутамиз. Сабр билан давом этсак, албатта натижаси бўлади. Фақат тўхтамаслик керак, шунда натижа албатта бўлади. Маҳатма Гандининг бир ажойиб гапи бор: «Инсон севган иши билан шуғулланса, у ишламайди, балки, дам олади» – дейди. Биз ўзимиз севган ишни танлашимиз керак. Шунда ўзимизга ҳам, жамиятга ҳам манфаатли бўлади. Бизнинг ортимизда Президентимиз, дуогўй халқимиз турибди. Бу кунларни кимлар орзу қилмаган. Биз бежиз бу замонда туғилмаганмиз. Ҳар биримиз бу ҳақиқатни чуқур англашимиз лозим. Зеро, Ўзбекистонимизнинг эртаси биз ёшларга боғлиқ. Президентимиз Ш.Мирзиёев айтганларидек – Ватанимиз сизлардан буюк ишларни кутаётганлигини ҳеч қачон ёдингиздан чиқарманг!

М.РАСУЛОВА,

Фарғона вилоят суди судья катта ёрдамчиси, Фарғона вилоят судлари ёшлар етакчиси.