- Жамият, Туман янгиликлари, Қарор ва ижро   821

«ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН» МАССИВИДА БУГУН

Президентимиз сайловолди учрашувларида жумладан, Ёзёвонда ҳам 5-7 қаватли уйлар қурилиб, замонавий шаҳарча бунёд этилиши таъкидлаб ўтганди. Массивда 2 та мактаб, 3 та боғча биноси, маданият саройи, поликлиника, савдо иншоотлари, парк каби ўнлаб объектлар қурилиши белгиланганди.
Дарҳақиқат бугунги кунда объектларда қурилиш ишлари кетяпти. Жорий йил охиригача 30 та уй фойдаланишга топширилиши керак эди. Бугунги кунда улардан 8 таси тўлиқ фойдаланишга топширилиши кутиляпти. Қолган 22 тасининг тақдири билан қизиқиб, бу бўйича масъул туман ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш коммуникациялари ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Дилмурод Бекмирзаевга мурожаат қилдик.
-Ҳақиқатан ҳам йил охирига 30 та уй фойдаланишга топширилиши керак эди. Хабарингиз бор эронлик инвестор шу ерлик Шуҳратжон Сотволдиев билан ҳамкорликда қўшма корхона очганди. Лекин инвесторнинг маблағ масаласидаги муаммоси сабаб, белгиланган режаларда ҳозирча ўзгаришлар бўлиб турибди. Ҳозирда инвестор Туркия ва Германия банклари билан музокара олиб боряпти. Маблағ бўлиши билан ишга киришиш ҳаракатида. Ҳозирча Учкўприкдан иккита ва ўзимиздаги қурилиш фирмалари иш олиб боришмоқда.
Массивдаги қурилиш объектида бўлиб, ишлар билан танишдик. Қодирали Турғунов раҳбарлигидаги «Водий файз» инвест» қурилиш корхонаси 5 қаватли уйнинг ташқи фасадида ишни якунлаш арафасида.

-23 нафар ишчимиз бор,- дейди иш юритувчи Собиржон Ҳакимов.-Бинони декабрь ойида топшириш ҳаракатидамиз. Шароитлар етарли, биринчи бўлишга интиляпмиз.
-Биз Учкўприкданмиз,- дейди «103-ХМКК» МЧЖ иш юритувчиси Маҳмуджон Турғунов.-Ҳозир кунлар қисқа, шунинг учун ётиб ишлаймиз. Иш ва озиқ-овқатда муаммо йўқ. Йигитлар жадал ишлашяпти. Декабрь ойида объектни топшириш учун интиляпмиз.

Массивдаги турли объектларда ҳам ишлар жадал кетаётганига гувоҳ бўлдик. Қурувчилар қиш ойларида ҳам ишни тўхтатмаслик учун пухта режа асосида меҳнат қилишяпти.

Исағали КАРИМОВ.