- Жамият   526

Конституция – давлат мавжудлигининг асосий белгиси

Конституция (лот. constitutio — тузилиш, тузук) сўзидан олинган бўлиб,  давлатнинг асосий қонуни ҳисобланади. Конституция давлат тузилишини, ҳокимият ва бошқарув органлари тизимини, уларнинг ваколати ҳамда шакллантирилиш тартиби, сайлов тизими, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда суд тизимини белгилаб беради. Конституция давлатчилик белгиси ҳисобланиб, барча қонунларнинг асоси ҳисобланади.

Давлатимиз мустақилликка эришган илк йилларидан Ўзбекистон Республикаси Конституциясини қабул қилиш масаласи асосий вазифалардан бири этиб белгиланди. Ниҳоят кўп изланишлар ва халқ муҳокамасидан сўнг 1992 йил 8 декабрда Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинди. Давлатимизнинг Асосий Қонуни бўлган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мустақиллик йилларида ҳаёт синовидан ўтиб, миллий давлатчилик ва унинг демократик тамойиллари асосида қурилган сиёсий ҳамда иқтисодий тизимни шакллантиришнинг ҳуқуқий пойдевори вазифасини ўтаб келмоқда.

Конституцияда белгилаб берилган қоида ва тамойиллар асосида мамлакатимизда қонунчилик тизими, давлат ва нодавлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари шакллантирилди.

Бундан ташқари, Бош қомусимизда давлатнинг асосий вазифалари, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини белгиловчи фундаментал қоидалар ўз ифодасини топган бўлиб, барча қонун ва қонуности ҳужжатлари Конституцияга мос бўлиши, айни вақтда зид бўлмаслиги лозим.

Масалан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг
38-моддасида, ҳар бир шахснинг меҳнат қилиш, 40-моддасида малакали тиббий хизматдан фойдаланиш, 41-моддасида билим олиш каби ҳуқуқлари белгиланган бўлиб, айнан ушбу нормалар асосида Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси, «Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги Қонуни, «Таълим тўғрисида»ги каби қонунлар қабул қилинган ва уларни қабул қилишда Конституциявий қоидалар дастуруламал бўлиб хизмат қилган.

Бугунги кунда жамият ҳаётининг сифат жиҳатидан ўзгариши натижасида турли хил ижтимоий муносабатлар юзага келиб бориши, мавжуд ижтимоий муносабатларнинг такомиллашиши муносабати билан амалдаги қонун ҳужжатлари қатори бош қомусимизга ҳам айрим қўшимчалар киритиш зарурияти юзага келиб бораётган бир вақтда муҳтарам Президентимиз томонидан Конституциявий ислоҳотларни амалга ошириш ташаббуси илгари сурилди ва Бош қомусимизни замон замон талабларига мос равишда такомиллаштириш борасида ишлар давом эттирилмоқда.

Зеро, Конституция ва қонунларнинг замон талабларига мос равишда жамият ҳаётининг барча жабҳаларини қамраб олиши адолат ва қонунийликни таъминлашнинг муҳим шарти ҳисобланади.

Дарҳақиқат, Конституция бу – ҳаётимизнинг гўзал ва обод бўлиши, давлат чегараларининг дахлсизлиги ва халқимизнинг нурафшон ҳаётининг таъминлаб берувчи Бош қомусимиздир.

Акбаржон АБДУЖАЛИЛОВ,

жиноят ишлари бўйича Ёзёвон туман судининг девонхона мудири.