- Жамият, Турфа олам   512

БИОЛОГИК КУРАШДА ФЕРОМОН ТУТҚИЧЛАРНИНГ АҲАМИЯТИ

Экспорт-импорт жараёнларида ҳар бир давлат ўз ўсимлик дунёсини ташқи хавфлардан ҳимоя қилишга ҳаракат қилади.  Чунки қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан мамлакат ҳудудига кириб қолган карантин ва бошқа зарарли организм ўша мамлакатнинг қишлоқ хўжалиги экинларига жиддий зиён етказиши мумкин. Бу, албатта, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти асосий ўринда турувчи мамлакатларда унинг иқтисодиётига катта путур келтириши эҳтимолдан ҳоли эмас. Шунинг учун ҳам ҳар бир давлат, бугунги кунда ўз ҳудудига олиб кирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сифатига, унинг зараркунандалардан ҳолилига, бир сўз билан айтганда, фитосанитар ҳолатига алоҳида аҳамият қаратмоқда.

Бу борада “Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги” тизими экспортбоп сифатли қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштиришда зараркунанда ҳашаротларни пайдо бўлишини вақтида аниқлаб, самарали кураш чораларини амалга ошириш тадбирларини олиб боради. Мазкур вазифани амалга оширишда зараркунандаларни феромон тутқичлар ёрдамида кўпайиши ва тарқалишини назорат қилиш йўлга қўйилган. Феромон тутқичлар ҳам зараркунандаларга қарши биологик кураш усулларидан бири дейиш мумкин. Феромон тутқичлар ёрдамида тутилган ўсимликлар карантинидаги ва бошқа зараркунанда ҳашаротларнинг баҳорда ривожланиш муддати ва зичлиги даражаси аниқланади. Зараркунандаларга қарши кураш муддатлари тўғри белгиланади.

Ҳудудларда ўсимликлар карантини давлат инспекторлари томонидан феромон тутқичлар тегишли мевали боғлар ва иссиқхоналарга ўрнатилиб, мавсум давомида назорат қилинади. Феромон тутқич маълумотларидан мавсумда ҳашаротларнинг нечта авлод бериб ривожланиши, ривожланиш босқичларининг муддатлари ва ривожланишининг фенологик жадвалини тузишда ҳам фойдаланилади.

Фенологик жадвал ҳар бир ҳудуд учун иқлим шароитидан ва зараркунандаларнинг ривожланишидан келиб чиқиб алоҳида тузилади, ҳамда қарши кураш муддатлари белгиланади. Феромон тутқичга тушган зараркунанда ҳашаротларнинг зичлигига қараб қайси ҳимоя усули қайси муддатда қўллаш кераклиги аниқланади. Биологик, кимёвий ва бошқа кураш усулларининг энг самарали муддатлари аниқланади. Бу эса, ўз вақтида зараркунандаларга қарши кураш олиб бориш ҳисобига зарарни олдини олиш ва ортиқча ишловларга чек қўйиш имконини беради.

Феромон тутқичлар қўлланиш мақсади ва экин турига қараб турли миқдорда ўрнатилади. Феромон тутқич айнан зараркунанданинг учиш баландлигида жойлаштирилади. Иккинчи томондан, тутқичларнинг юқорида жойланиши унинг ичида ҳавонинг яхши айланишини таъминлайди. Оқибатида ферамон ҳидининг яхши тарқалишига имконият яратилади.

Феромон тутқичларни ҳар бир вилоят, шаҳар ёки туман шароитига боғлиқ ҳолда, заракунандаларнинг биринчи авлоди ривожлана бошлаши олдидан ўрнатиш талаб этилади.

А.АБДАЗИЗОВ, 

Ў.ҲАЙИТОВ,

Фарғона вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси Марғилон ва Фарғона шаҳар давлат инспекторлари.