Йўлдошобод ҳудуди ХХ аср бошида тақир чўл бўлиб, бу ерга 1-бўлиб келиб, капа тиккан Муллажон аканинг (фамилиясини аниқлай олмадик) капа учун қоққан тол қозиқлари кейинчалик қўқариб кетиб, катта тол дарахтлари бўлган. 1924 йилда бу ерга Шермат Матмусаев оиласи билан кўчиб келиб, кейинчалик “Суғориш” маҳалласи ташкил топди.
1926 йилда Хонобод пахта пункти ташкил этилиб, 1927 йилдан пахта қабул қила бошлаган.
1928 йилда Тошҳовузда Мирза ячейка раҳбарлик қилган “Янги миллат” артели тузилди. Кўп ўтмай унинг номи “Йўқсил” деб ўзгартирилди.Исмоил Абдуллаев, Маматбобо Асқаров, Комил Мавлонов кабилар унинг 1-аъзолари бўлишган.
1928 йилда Қоратепа қишлоқ кенгаши йиғилишида Анзират Сойибназарова 1-бўлиб паранжи ташлаган.
Ёзёвонда 1-ёшлар ташкилоти 1928 йилда тузилган. Абдулла Аҳмедов, Мўйдин Абдураҳимов, Ҳожиқори Хўжакелдиев каби ёшлар унинг дастлабки аъзоларидан бўлишган.
1930 йил кузида Марғилондаги 6 ойлик таълим-тарбия мактаби муаллими Комилжон Умрзақов Хонободга келиб, қишлоқ гузарида ёзув-чизувдан хабари бор 13-14 нафар ўспиринларни тўплаб, имтиҳон қилган. Акрамжон Султонов билан Холматжон Мамадалиев имтиҳондан муваффақиятли ўтишиб, Марғилоннинг Хўжайгаз маҳалласида жойлашган махсус мактабда ўқиб, қишлоққа муаллим бўлиб қайтишган.
Хонободлик ака-ука Ҳожиқори ва Тоживой Хўжақуловлар Ёзёвонда 1-бўлиб трактор минганлардан. Улардан кейин Қорасоқолдан Раҳмон Мамажонов, Жўравой Рустамов Горчаково станциясидаги “Трактор коллоннаси”да ўқиб келишиб, “Фордзон” маркали тракторларни таъмирлай бошлашган. Бу ХХ асрнинг 20-йиллари адоғидаги воқеалар бўлиб, ўшанда Ёзёвон ҳудудида атиги 5 та трактор бор эди.
Қоратепа қишлоғидан чиққан 1-тракторчи Шавкат Абдураҳмонов 1930 йилдан бошлаб “Қизил қўшин” жамоа хўжалигида тракторчилик қила бошлаган.
1931 йилда Акрамжон Султонов Тошҳовузда бошланғич мактаб очди. Унга 26 нафар ўқувчилар жалб қилинган бўлиб, Маҳмуджон Умаров, Маматхўжа Ҳасановлар 1-ўқувчилардан бўлишган.
1932 йили Акрамжон Султонов Сойбўйидаги бошланғич мактабни қайта йўлга қўйиб, 29 нафар ўқувчилар таълим ола бошладилар. Улардан 3 нафари – Тиллохон Узақова, Соттиби Ҳокимова ва Шаҳри Рустамова қиз болалар эди. Булар Ёзёвон ҳудудидаги 1-ўқувчи қизлардир.
ХХ аср 30-йиллари бошида Шаҳрихонсойдан Ёзёвон томонга Зелинский деб ном олган ариқ қизилган. Унинг суви етиб келган жойларда “Чўлигулистон”, “Пахтачи”, Мупр”, “Иттифоқ” каби жамоа хўжаликлари тузилган.
Яна шу йилларда Ёзёвонга кўчиб келган Раҳматжон Эшончаев бу ҳудудда 1-бўлиб қурилишда бетон қоришмаларни ишлатишни жорий этган.
Тўхтахон Нишонова бошчилигидаги ёзёвонлик қизлар звеноси КФК қурилишида қатнашган. Улардан Робахон Ҳалилова, Тожихон Султонова, Назирахон Юсупова илғорлар сафида бўлишган. Қизлар ўзларига берилган 1 ойлик нормани 14 кунда 150 фоизга адо этишиб, уйларига қайтишган.
Ёзёвонда 1-МТС 1940 йилда ташкил қилинган бўлиб, 5 хонали турар жойи бўлган шаҳобча чуқурликда жойлашган эди. Ёмғир кўп ёғса, устахонани сув босиб, ишлаб бўлмай қоларди.
2-жаҳон уруши жанггоҳларида 600 нафардан зиёд ёзёвонликлар ҳалок бўлишган.
Пайсал қишлоғилик Мадраҳим Иброҳимов 2-жаҳон уруши фронтларида Ҳамза мукофоти
лауреати, ёзувчи Назир Сафаров билан бирга жанг қилган.
1953 йили Ёзёвонда 1-вулканизация шаҳобчаси очилган бўлиб, унинг 1-вулканизатори Сотволди Жамолхўжаев кейинчалик 3-даражали “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланган.
1956 йилда Ёзёвонда дастлабки болалар боғчаси иш бошлаган. Унинг 1-мудираси Белоруссияда туғилиб, туманимиз газетасининг 1-муҳаррири Иброҳим Ҳалиловга турмушга чиқиб, қалб амри билан Ёзёвонга келган Наталья Казимировская эди.
1958 йилдан бошлаб Ёзёвонда асфальт йўллар қурила бошланган.
1966 йилда ҳозирги Қатортол қишлоғида Фарғона қишлоқ хўжалик техникуми очилган.
1971 йилда водийнинг қоқ маркази ҳисобланадиган Фарғона-Наманган, Қўқон-Андижон йўллари кесишган чорраҳа яқинида 15-касб-ҳунар билим юрти очилган.
Москва ҳайвонот боғининг 1972 йилги водий бўйлаб гостроллари чоғида бўри қочиб кетиб, ёзёвонлик Раҳмонберди Раҳимов хонадонига кириб қолади. У қўшниси Мирзакарим Мирзараҳимов кўмагида бўрини 3 кун мобайнида сақлашади. Гостролчиларнинг ҳайвон ўргатувчиси Сергей Журавлев келиб, тилхат ва миннатдорчилик сўзлари ёзиб, бўрини олиб кетади.
1972 йилда Ёзёвонда 7 йиллик мусиқа мактаби очилди. Турсунбой Солиев унинг 1-ўқитувчиларидан бўлган.
1978 йил 3 январь куни Сарсонқумда Янгиобод қишлоғини қуриш учун 1-қозиқ қоқилган. 1-уйнинг соҳиби эса “Ферганаводстрой” трестига қарашли 2-ПМК прораби Иброҳимжон Хўжамов бўлган.
1981 йил август ойида туман матлубот жамияти сувсар боқадиган ёрдамчи хўжалик ташкил қилиб, 125 дона зотдор сувсарлар боқила бошланди.
1982 йил 2 март куни қайта ташкил этилган “Марказий Фарғона” газетасининг 1-(4009) сони чиқди. Унда Саид Аҳмад, Эркин Воҳидов, Охунжон Ҳакимов, Йўлдош Сулаймон каби машҳур ижодкорларнинг табриклари ва Ёзёвон ҳақидаги шеърлари берилган.
1985 йили сентябрь ойида Сувлиариқ қишлоғида илгари ғиштхумдон бўлган жойда ғишт заводи иш бошлаб, 1-пишиқ ғиштлар қишлоқда қурилаётган мактабга жўнатилган.