- Қарор ва ижро   1 236

ҲУҚУҚ ВА ЭРКИНЛИКЛАРИ КАФОЛАТЛАРИ КУЧАЙТИРИЛДИ

Мамлакатимизда коронавирус пандемияси давом этаётган бир пайтда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан жиноят процессида фуқаролар ҳуқуқ ва эркинларини таъминлашга хизмат қиладиган жуда муҳим қонун имзоланди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2020 йил 14 майда имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига жиноят процессида иштирок этувчи фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилишни кучайтиришга қаратилган ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун билан амалдаги Жиноят-процессуал кодексига қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Натижада жиноят процессида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатлари кучайтирилди. Унга кўра, аввалгидек жиноят процессига жалб қилинган гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи процесснинг исталган пайтида ҳимоячи билан ҳоли учрашгандан кейин ундан воз кечиши мумкин. Бироқ аввалгидек бу ҳақида гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи, суриштирувчи ёки терговчи имзолайдиган баённома тузиш ёки суд мажлиси баённомасида қайд этишнинг ўзи кифоя қилмайди. Эндиликда суриштирувчи, терговчи ёки суд томонидан гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг ҳимоячидан воз кечиши ихтиёрий эканлигини тасдиқловчи видеоёзув баённомага илова қилиниши шарт қилиб белгиланди. Бунда ҳимоячидан воз кечилиши ихтиёрий эканлиги, ташқи тазйиқлар бўлмагани, ишда ҳимоячи иштироки таъминлангани каби ҳолатларни аниқ гувоҳи бўлиш мумкин бўлади.

Қонун билан Кодекснинг 91-моддасига ҳам тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Унга кўра, видеоёзув воситалари орқали қайд этилиши шарт бўлган процессуал ҳаракатлар доираси кенгайтирилди. Эндиликда ўта оғир жиноятлар бўйича ҳодиса содир бўлган жойни кўздан кечириш, ҳар қандай жиноятларда тинтув, кўрсатувларни ҳодиса содир бўлган жойда текшириш, тергов эксперименти, шахсни ушлаш, ҳимоячидан воз кечиш, шахсни ушлаш жараёнида ўтказиладиган шахсий тинтув ва олиб қўйиш каби процессуал ҳаракатлар ҳам видеоёзув воситалари орқали қайд этилиши шартлиги белгиланди. Кодекс қоидаларига кўра бундай ҳаракатлар видеоёзув орқали қайд этилмаслиги улар асосида тўпланган далилларнинг номақбул бўлишига олиб келади.

Навбатдаги ўзгартиш Кодекснинг 224-моддаси билан боғлиқ бўлиб, унда ушлаб туришнинг процессуал қоидаларига ҳалқаро майдонда “Миранда қоидалари” номи билан машҳур бўлган қоидаларни киритиш назарда тутилган. Унга кўра, шахс ушланганда ички ишлар органи ходими ўзини таништириши ва ушлаб турилган шахснинг талабига кўра ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатини кўрсатиши, гумон қилинувчига у жиноят содир этишда гумон қилиб ушланганлигини маълум қилиши, ушлаб турилган шахсга адвокатга ёки яқин қариндошига телефон қилиш ёки хабар бериш, ҳимоячига эга бўлиш, кўрсатувлар беришни рад этишга бўлган процессуал ҳуқуқларини тушунтириши, ушлаб турилган шахсга у бурган кўрсатувлардан жиноят ишига доир далиллар сифатида унинг ўзига қарши фойдаланилиши мумкинлигини билдириши, ушлаб турилган шахсдан яқин орадаги ички ишлар органига ёки ҳуқуқни муҳофаза қилиувчи бошқа органга бирга боришини талаб қилиши шартлиги белгиланди.

Акбаржон АБДУЖАЛИЛОВ,

жиноят ишлари бўйича Ёзёвон туман суди девонхона мудири.