- Жамият, Турфа олам   321

Арча зараркунандалари ва уларга қарши кураш чоралари

Арчага 20 турдан ортиқ зараркунанда ва хашоротлар зарар келтиради. Натижада арчалар қурийди ва ўзларининг мелиоратив ҳолатини йўқотадилар.  Уларнинг хаётий жараёнида  арчазорларга кенг тарқалган касалликларга занг, кўчатзорларда ўсиб чиққан ёш нихолларда фузариоз касаллиги киради.

Вергин арча унсимон қурти (Можжевельниковий червец) дастлаб илмий адабиёт  маълумотларида келтирилишича 1953 йилда Тожикистонда арчанинг зараркунандаси сифатида қайд этилган. Ўзбекистонда ушбу зараркунанда сўнгги 3-4 йилдан бери Сурхондарё вилоятидан бошлаб бошқа ҳудудларга тарқалиб бормоқда.

Бу зараркунанданинг личинка ва урғочилари арчанинг новдалари ва баргларини сўриб зарар етказади. Унсимон қуртлар –Psedocuccidae, тенг қанотлилар  тухумлилар –Нomoptera туркумига киарди. Унинг личинка ва урғочилари барча ер устки қисмлари билан озиқланади. Айниқса барглар кучли даражада зарарланади. Ушбу хавфли зараркунанданинг республика ҳудудларида тарқалишига кейинги  йилларда Сурхондарё вилоятида кенгт кўламда арча кўчатларини етиштиришда ва у ердан арча кўчатларини назорат қилмасликдан республиканинг барча ҳудудларига тарқалишига сабаб бўлди деб таъкидлаш мумкин.

Ушбу хашорот хаёти давомида дарахт танасидаги суюқликни сўриб озиқланиши ва ўзидан суюқлик чиқариши  натижасида дарахтни ўсиб ривожланиши учун зарур бўладиган фотосинтез жараёнини бузилиши, ҳамда дарахтнинг касалликларга чалиниши ва совуқ ҳароратга чидамлилиги пасайиб игна барглари қорайиб қуриш ҳолатлари кузатилди.

Унсимон қуртнинг катталиги 2-3 мм бўлиб ранги сарғиш, қизғиш, кулранг тусда бўлади. Етук самец (эркак) зотлари март ойи охирида, самка (урғочи зот)лари апрель бошларида чиқиши кузатилган. Уларнинг тухум қўйиши май ойи давомида ва июнь бошларигача давом этиб 209-425 та ўртача 280 тагача тухум қўяди. Иккинчи авлодининг личинкалари май ойи ўрталарида пайдо бўлиб, июнь ойининг ўрталаригача давом этади. Икки авлоднинг етук зотлари август ойида кузатилади. Кўпгина ҳолатларда шаҳар шароитида бу зараркунанданинг ривожланиши дала шароитидагига нисбатан 1 ой эртароқ бошланиши кузатилади.

Бу зараркунандага қарши кураш ишларида қуйидаги тадбирларни амалга ошириш зарур деб хисоблаймиз:

Ўрта Осиё унсимон қуртини ички карантин аҳамиятга молик зараркунанда сифатида рўйхатга олиши, зараркунанда тарқалган жойлар ва ҳудудлар аниқланиши ҳамда бу жойлардан арча кўчатларини бошқа жойларга юборилишини қаътиян таъқиқлаш;

Туман  қишлоқ хўжалиги бўлимининг ўрмончилик ташкилоти, ўсимликларни химоя қилиш марказлари, ҳудудлардаги  кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш бўлимлари хамда тумандаги  маиший ва хўжалик идоралари  томонидан тезкор равишда зараркунанда таркалган ҳудудларни аниқлаш ва унга қарши чораларини қўллаш;

Зараркунандага қарши курашда унинг тухумдан личинка очиб чиқиш даврида кимёвий препаратларни қўллаш юқори самара беришини  инобатга олиб кимёвий ишловларни шу даврларда бошлаш;

Зараркунанда билан жиддий шикастланиб қуриш ҳолатига келиб қолган дарахтларни кесиб унсимон қурт кенг тарқалмаслиги учун уларни ўша жойнинг ўзида  ёқиб йўқотиш шарт.

Зараркунанданинг табиий кушандаларини аниқлаш ва самарали энтомофаглари юзасидан илмий тадқиқот ишларини амалга ошириш. Қуриган дарахтларни тўлиқ олиб ташлаш;

Агротехник тадбирларни  ўз вақтида ва тўлиқ бажариш (фосфорли, азотли, микроэлементлар Мастер, Кропшелд, Вегрутлар билан озиқлантириш);

Кимёвий препаратлардан Би-58 (янги) 40% эм.к, Багира 20% эм.к ва Атилла 5% эм.к фойдаланиш.

Ушбу препаратларни зараркунандаларнинг пайдо бўлиши билан биринчи ишлов ўтказилади ва зараркунанда буткул йўқолгунча ҳар ўн беш кунда кимёвий ишловлар олиб борилиш керак.  

А.АБДАЗИЗОВ,

Ў.ҲАЙИТОВ,

Фарғона вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси Марғилон ҳамда Фарғона шаҳар инспекторлари.