- Жамият   1 010

БЕТАКРОР ИНСОН ЭДИ

2020 йилнинг 16 сентябрь куни саҳар соат 5 да Ёзёвон аҳли оғир жудоликка учради. Забардаст уламо республика дин аҳиллари ичида маълум ва машҳур бўлган, кўп илм аҳилларининг устози Ёзёвон жомъе масжиди имом хатиби ноиби Муҳаммадали ҳожи домла Узоқов 63 ёшда оламдан ўтдилар.

Жудолик ҳақидаги хабар жуда тез тарқалиб ҳаммани бирдай йиғлатди. Домла уни таниган барчага бирдай азиз ва ҳурматли эдилар. У киши инсон сифатида шундай самимий эдиларки, бундай сифатни Аллоҳ ҳаммага насиб этавермайди.

Шу кунларда нашрдан чиққан “Уста Маҳмуджон домла” тариҳий рисоласида домла ҳақида шундай ажойиб нарса ёзилган “Мана 25 йил – чорак асрдан бери Муҳаммадали ҳожи домла Ёзёвон жомъе масжиди минбаридан туриб туман аҳлига дину-диёнатдан таълим бермоқдалар.

Домлани 7 ёшдан 100 ёшгача бўлган барча ҳурмат ва эҳтиром қилади. Бунинг сири нимада? У ҳамма билан бир ҳил ҳурмат ила муомала қилади. Баъзи дин арбобларида сезилиб турадиган кибрдан асар ҳам йўқ. Баъзилар билан бир даврада ўтирсангиз, ўзингизни ноқулай ҳис қиласиз. Домла билан бирга ўтирсангиз, ҳудди қадрдон дўстингиз билан ўтиргандай мазза қиласиз.

Домланинг маърузалари доим долзарб мавзуларни қамраб олган бўлади. Нутқи равон, ҳамма диққат билан тинглайди. Шунинг учун жомъе масжиди қавми йилдан йилга ортиб бормоқда.

Жума кунлари жой етишмайди. Ҳар йили бир янги айвон қурилади. Қўшни вилоят ва туманлардан ҳар жума намозида домла маърузаларини тинглагани кўплаб мўмин мусилмонлар ташриф буюрадилар.

Яна домланинг ҳаммага ибрат бўладиган ажойиб фазилатлари, доим Марказий Осиёда яшаётган барча ёши улуғ табаррук илм аҳилларини бориб, зиёрат қиладилар, дуоларини оладилар. Шунинг учун бўлса керак, Ёзёвонга кўп илм аҳиллари ташриф буюриб Муҳаммадали ҳожи домлани зиёрат қилишиб, дуоларини олиб кетадилар”

Республикани қаерига борманг, дин аҳиллари ёзёвонлик эканимизни билишгач Муҳаммадали ҳожи домла юрибдиларми, деб сўрашади.

Муҳаммадали ҳожи домла ана шундай табаррук, бетакрор инсон эдилар. Аллоҳ домлани хизматларига яраша мукофотласин. Омин.

“Марказий Фарғона” газетаси таҳририяти.