- Жамият, Турфа олам   1 012

БОРОДО СУЮҚЛИГИНИ ТАЙЁРЛАШ ҲАМДА УНИНГ МЕВАЛИ БОҒАЛАРДА ФИТОСАНИТАР ТОЗАЛИГИНИ ТАЪМИНЛШАДАГИ АФЗАЛЛИКЛАРИ

Бордо  суюқлиги  дунёда энг кенг ишлатиладиган фунгицид-бактерицидлардан биридир.  Ушбу ишчи эритма мевали боғларда учрайдиган  замбуруғли ва бактерияли касалликлардан химоя қилишда асосий восита бўлиб хизмат қилади. Унинг 3 %-ли эритмаси дарахтлар гуллаб барг ёзгунга қадар, 1 %-ли эритмаси эса барг ёзгандан сўнг  қўлланилади.     

10 л 3%-ли Бордо суюқлигининг ишчи эритмасини тайёрлаш усули. 1) Ёғоч (ёки эмалланган темир, сопол, пластмасса) челакка 2 л иссиқ сув солинади ва унда 0,3 кг мис сульфат (мис купороси) эритилади. Устига 5 л бўлгунига қадар совуқ сув қуйилади ва аралаштирилади, совитилади. 2) Ёғоч челакда 0,3 кг янги оҳак сўндирилади, яхшилаб аралаштирилади. Устига 5 л бўлгунига қадар совуқ сув қуйилади. Тайёрланган оҳак сути ҳажми 10 литрдан каттароқ ёғоч челак ёки бочкага тешиклари 1 мм дан катта бўлмаган элакдан сузилади, совитилади. 3) Сузиб олинган совиган оҳак сутига биринчи челакдаги совиган мис сульфат эритмаси, оз-оздан ва аста-секин, ёғоч курак билан аралаштириб туриб, қуйилади. Тайёр эритманинг ранги ҳаворанг-кўкимтир бўлади. 4) Тайёр эритманинг реакцияси сал ишқорли ёки нейтрал бўлиши керак: унга кўк лакмус қоғозини ботирса, у қизармаслиги, ёки оддий михни ботирса, у қизғиш мис гарди билан қопланмаслиги лозим. Лакмус қоғози қизарса, қизариш йўқолмагунича оҳак сути қўшиш керак.

      10 л 3%-ли Бордо суюқлигини тайёрлаш учун керак бўладиган моддалар ва асбоб-ускуна: мис сульфат, 0,3 кг; сўндирилмаган янги оҳак, 0,3 кг; ҳажми 5 литрдан каттароқ ёғоч (ёки сопол, пластмасса) челак ёки шиша идиш, 2 та; ҳажми 10 литрдан каттароқ ёғоч (ёки эмалланган темир, сопол, пластмасса) челак ёки бочка, 1 та; тешиклари 1 мм дан катта бўлмаган элак, 1 та; лакмус қоғози; ёғоч курак.

 Мутаносиб равишда, 10 л 1%-ли Бордо суюқлигини тайёрлаш учун 0,1 кг мис сульфат ва 0,1 кг сўндирилмаган янги оҳак олинади.

 Мис сульфат ва оҳак сутининг нисбати 1:1 бўлганида энг юқори самарага эришилади. Бордо суюқлигининг фунгицидлик ва бактерицидлик таъсири унинг таркибидаги мисга боғлиқ, оҳак эса препаратнинг ўсимликларга нисбатан фитотоксиклигини нейтраллаш ёки камайтириш учун хизмат қилади.

Бордо суюқлигинининг 3%-ли (баъзан 4%- ёки 5%-ли) эритмаси боғларда барча мевали дарахтлар тиним пайтида бўлганида (кузда барглар тўкилгандан кейин ва/ёки баҳорда куртаклар бўртишидан олдин, олмада калмаразга қарши куртаклар бўртиши пайтида ҳам), 1%-ли эритмаси эса ўсув даврида олма ва нокнинг калмараз, монилиоз, данакли мевали дарахтларнинг доғланишлари, токнинг сохта ун-шудринг, антракноз, цитрус экинларининг гоммоз ва антракноз касалликларига қарши пуркалади.

Бордо суюқлиги тайёрлашда ва ишлатишда қуйидагиларга эътибор қилиш лозим. 1) Бордо суюқлиги тайёрлаш учун эмалланмаган темир, алюминий ёки рухланган идиш ишлатиш мумкин эмас. 2) Мис сульфат эритмаси оҳак сутига (аксинча эмас!) аста-секин қуйилади, ҳар икки эритма совуқ ҳолда бўлиши лозим. 3) Препаратни тайёрланган куни ишлатиш лозим, уни сақлаш мумкин эмас. 4) Тайёр Бордо суюқлигини суюлтириш мумкин эмас (масалан, 1%-ли эритма тайёрлаш учун 3%-ли ёки 5%-ли эритмани суюлтириш эритма қатламларга бўлиниб кетишига ва чўкма ҳосил бўлишига олиб келади). 5) Дори пуркагичнинг бакига солингандан кейин унга бирорта сирт фаол суюқлиги қўшилса, препаратнинг самараси анча ошади. 6) Салқин ва сернам об-ҳавода ишлатилганида Бордо суюқлиги мевали дарахтлар баргларини куйдириши ҳамда олма ва бошқа мевалар қобиғида тўрсимон доғлар пайдо қилиши мумкин. Препаратнинг фитотоксик таъсирини камайтириш учун унинг таркибидаги оҳак миқдорини мисга нисбатан кўпайтириш лозим. 7) Бордо суюқлиги ва бошқа мис бирикмалари одатда профилактик мақсадда, касаллик пайдо бўлишидан олдин қўлланилади. 8) Ўсимликлар гуллашидан олдин Бордо суюқлиги ва бошқа мис бирикмаларини қўллашда ўсимликларни куйдириш хавфи катта бўлиши туфайли, бу даврда бошқа препаратларни қўллаган маъқул. 9) Бордо суюқлигини фосфорорганик пестицидларга қўшиб ишлатиш мумкин эмас.

Тиним давридаги дарахтларга Бордо суюқлиги ўрнига мис сульфатни, ёғоч, пластмасса (ёки эмалланган темир) идишда, сувда эритиб, 1%-ли эритмасини қўллаш мумкин.

Б.СИДДИҚОВ,

Ш.АБДУРАШИДОВ,

А.ЙЎЛДОШЕВ,

Д.ХОЖИБОЕВ,

Фарғона вилояти Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси агроном инспекторлари.