- Турфа олам   1 509

ЖУРНАЛИСТЛАР УМРА ЗИЁРАТИДА

Болалигимизда, ўтган асрнинг 60-70- йилларида қишлоғимизда Хожи тоға бўларди. У кишини ҳамма Хожи тоға деяр, исмини билмасдик.

— Дадам раҳматли, оналари билан хожига 1913 йилда кетиб, 14 йилда бориб келган эканлар, —дейди ўғиллари Эргашали ака. — Менга метрика олишда ҳам дадамнинг исмини билишмаганми, фамилиямни «Хожиев» деб ёзишган.

80-йилларга келиб, қорасоқоллик Абдулла хожи тоға оиласи билан Каъбани зиёрат қилиб келган. Бу ўша даврда ушалмас орзу эди.

Раҳматли Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Шайҳ хазратлари марҳамати билан Раҳмиддин хожи Тўхлиевнинг зиёратга бориши, кутиб олиниши Ёзёвонда катта воқеа бўлганди.

Мана, эндиликда бу борада йўллар кенг очилди. Рамазон ойининг ўзида 5,5 мингдан зиёд ўзбекистонликлар Умра зиёратларини адо этиб келишди. Улар орасида, биз — 11 нафар фарғоналик журналистлар борлигидан Яратганга беадад шукр айтамиз.

Журналистлар ижодий уюшмаси вилоят бўлими раиси Муҳаммаджон Обидов хамкасблар бошини қовуштириб, Ўзбекистоннинг барча вилоятларига, 3-4 та чет эл мамлакатларга ижодий сафарлар ташкил қилди. Қирғизистоннинг Иссиқкўлида журналистларни дам олиши анoанага айланди. Иссиқкўлда дам олаётганимизда «Устоз сиз туфайли дунёни кўряпмиз. Насиб қилса, журналистларни йиғиб, Умра зиёратига олиб борсангиз», дея таклифни айтганимизда, дуо қилинганди. Мана ўша дуолар ижобат бўлди.

Тошкент Халқаро аэропортида бизни кузатгани фарғоналиклар дўсти Ҳуршид Дўстмуҳаммаднинг чиқиши барчамизни тўлқинлантириб юборди. Қолаверса, Тошкентда тадбиркорлик қилаётган ёзёвонлик йигитлар Баҳромжон, Баҳодиржон, ҳарбий хизматчилар Иномжон, Бекзоджон ва бошқа кўпчилик кузатишди.

Умра зиёратига Муҳаммаджон Обидов бошчилигида «Водил ёғдуси», «Бешариқ тонги», «Янги Фарғона», «Қува ҳаёти», «Ойдин», «Қилич ва қалқон», «Фарғона ниҳол» газеталари бош муҳаррирлари Собиржон Дадахўжаев, Собиржон Темиров, Азизбек Эрматов, Зуҳрахон Алиева, Хатичахон Каримова, Насибахон  Хожиматова, Манзурахон Эркабоева, «Билимдон» журнали муассиси Баҳодиржон Ҳомидов, фахрий журналист Баҳодиржон Юнусалиев йўл олдик.

Биз ўтирган «Боинг-767» самолёти Жидда шаҳри Халқаро аэропортига қўнди. У ердан Мадинага йўл олдик. Мадинаи мунавварада биз жойлашган «Замзам-Пулман» меҳмонхонаси шундоқ масжидул Набавий рўпарасида эди. Пайғамбаримиз САВ равзаларини зиёрат қилиш, улуғ зот васият қилганларидек минбар ва равза оралиғида намоз ўқишдек бахтга муяссар бўлдик.

Беш вақт намоз ва  зиёратга чиқдик. Ҳадисларда мазкур масжиддаги ўқилган бир ракат намоз, 700 ракатнинг савобига тенглиги айтилади. Рамазон кунлари бўлгани учун таровеҳ намозларини ўқиш, ибодатларни ҳам шу ерда адо этиш насб қилди.

Мадина шаҳридаги «Қубо» масжиди, Уҳуд тоғи, саҳобалар дафн этилган Жаннатул Боъқий қабристони, Пайғамбаримиз бунёд этган ҳурмозорларни зиёрат қилдик.

Каъбатуллоҳ. Ота-боболаримизнинг орзуси бўлган бу гўшани зиёрат қилиш бизга такрор айтамиз муқаддас Рамазон кунларига тўғри келди. Байтуллоҳни зиёрат қилиб, Умра амалларини бажардик. Кейинги кунлари Худо раҳмати ота-оналаримиз, яқинларимизга умра бадалларини қилдик.

Қадр кечасини ҳамсафар ҳамкасблар ҳамжиҳатликда Каъбатуллоҳда қаршиладик.

Хайит намозини Каoба саҳнида ўқишимиз, бизга Яратганни мукофоти бўлди.

Бу ерда кўплаб зиёратгоҳларда, жумладан Одам Ато ва Момо Ҳаво учрашган Арофат тоғида, Қуръон илк нозил бўлган  Нур тоғи, Мино, Муздалифа, Жаморот – Шайтонга тош отадиган жой ва бошқа Ҳаж маконларини зиёрат қилдик. Ватандош ўзбеклар билан учрашиб, суҳбатлашдик.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилоят бўлими Саудия Арабистони Подшоҳлиги ОАВлари билан ҳам тўғридан–тўғри ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйди.

Жидда шаҳрида, Ўзбекистоннинг Саудиядаги Бош консулхонасида таниқли журналистлар ҳамда газеталар бош муҳаррирлари билан учрашдик. Ўзаро тажриба алмашув ва ҳамкорлик мавзусидаги мулоқотлар чоғида ҳозирги глобаллашув шароитида ОАВнинг ўрни, журналист шахси, холислик мезонлари каби муҳим масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилоят бўлими раиси Муҳаммаджон Обидов журналистик фаолиятини тартибга солувчи Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Саудия ОАВлари билан ахборот алмашув, ўзаро икки мамлакат газеталари таҳририятларидан амалиёт ўташни ташкил қилиш ва бошқа мавзуларда маoлумот берди ҳамда таклифлар киритди.

“Анба” газетаси таҳририят мудири Абдулла Мазрук ал-Янбавий Ўзбекистонда сўнгги йилларда рўй бераётган ислоҳотлардан ЎзАнинг араб тилидаги саҳифаси орқали қисман танишлиги, аммо бу сайт 27 мамлакат ҳудудидаги араб оламининг эҳтиёжини қондира олмаслигини айтиб, келгусида уни кенгайтириш, ахборотлар ранг-баранглигига эoтибор қаратиш лозимлигини таклиф этди.

“Ал-Билад” газетаси муҳаррири Холид ибн Мирдах ал–Миррий Саудия ОАВларида сифат ўзгариши рўй бераётгани, Саудия жамиятидаги очилиш айниқса газеталарда баҳс-мунозараларга сабаб бўлаётгани ҳақида ахборот берди.

– Энди аёллар машина ҳайдаши, ёшлар қизиқишига кўра клублар ташкил этиши ва унда тадбирлар уюштириши, матбуотда таҳлил, танқид, таклифлар баён қилиш кундалик ҳаётий воқеликка айланди, – дейди Макка телевидениесининг мамлакатда машҳур тележурналистларидан бири Мансур Низомиддин. –Афсуски, Саудия Арабистони ОАВларининг Ўзбекистонда мухбирлари ҳозирча йўқ ва юртингиз ҳақида жуда оз биламиз.

Мунозара шу ерга келганида Муҳаммаджон Обидов Ўзбекистонда ҳам Саудия Арабистони ҳақида холис, тезкор ахборот ўрни ҳамон бўшлиги, мавжудлари эса Ғарб, Россия ва Америка ОАВларининг хабарлари бўлиб, уларда баъзида бир ёқламалик кузатилишини таoкидлаб, таклиф киритди:

– Икки мамлакат халқларининг бир-бирлари ҳақидаги ахборот билан таoминлашда муаммо мавжуд экан, келинглар, унинг ечими томон биринчи қадамни қўяйлик. Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилояти бўлими 4 нафар Саудиялик газета, телевидение ва интернет журналистини бир ҳафтага Ўзбекистонга, Фарғонага таклиф этади. Бунда уларнинг Ўзбекистонда бўлиш харажатларини зиммамизга оламиз. Ўзбекистонни ўз кўзингиз билан кўринг ва қалбан ҳис этинг. Шундан кейингина бу кўҳна диёр билан ўз халқингизни таништиринг. Келгусида эса шундай шарт ва шароитларда фарғоналик журналистлар Саудияга ҳам келадилар, – деди Муҳаммаджон Обидов.

Учрашув ҳақидаги суратли репортаж эртасигаёқ Саудия газеталарида эълон қилинди. (Суратда).

Зиёратдан қайтгач, кўплаб юртдошларимиз Саудия Арабистони Подшоҳлигидан устоз Муҳаммаджон Обидов томонидан тайёрланиб, «Ўзбекистон» телеканали орқали ҳар куни намойиш этилган репортажларни эoтироф этишди.

—Телевидениеда Муҳаммаджон Обидовни овозини соғинган эканмиз. 1992 йилларда Каъбатуллоҳдан шундай кўрсатувлар тайёрланганди, дейишди.

Табаррук жойлар – Пайғамбаримиз равзалари ва минбар орасида, Каъбанинг олтин дарбозалари қаршисида, Иброҳим Ҳалилуллоҳ пойида дуолар қилдик: илоҳим юртимизга тинчлик, халқимизга омонлик, касб-коримизга, деҳқончиликларимизга барака, барча ёру-дўст қадрдонларга соғлик-саломатлик, омад берсин, деб. Азиз жойлар дуоси ижобат бўлади. Худо хоҳласа.

 

Азимжон ХУДОЙҚУЛОВ,

Фарғона-Тошкент-Жидда-Мадина-Макка-Тошкент-Фарғона.

2019 йил, 25 май-5 июнғ.