- Қарор ва ижро   1 528

ХАЛҚ БИЛАН ҲАҚ ОРАЛИҒИДА ёхуд журналист сўзининг қадри йўқми

Журналист Нилуфар Жабборовадан соҳамизнинг ўткир муаммолари таҳлили

…Эртасига газетада бу оиланинг муаммоси ёритилган катта фельетон эълон қилинди. Бир ҳафта ўтар-ўтмас ёш оиланинг ноқонуний тортиб олинган уйи эгаларига қайтарилди. Ўша пайтда менинг кўз олдимда онам эмас, халқ учун, ҳақ учун қўрқувни ҳам енга олган жасур бир аёл намоён бўлган эди. Мен шу жасур аёл қиёфасида ҳақиқий журналист қандай бўлиши кераклигини англаб улғайдим…

Кетма-кет ўтказилаётган тадбирларда масъуллар, «Биз чет эл тажрибасини ўрганиб, фикр аламашяпмиз», деб бонг уриш билан овора.
Хўш, чет элдан нимани ўргандик? Шароитимизга, аҳволимизга реалроқ қарашга ҳаракат қилмаймизми? Юртдошларимизни интернетга узвий боғлашга уринишимиздан аввал, кунлик нонини топиб ейиши муаммо бўлган, қўлида оддий телефон тугул, чекка-чекка қишлоқларда ҳафталаб чироқсиз яшаётган юртдошларимиз борлигини ҳам эсдан чиқармайлик…

Ҳар йили бир ижодкор сифатида 27 июнни ўзгача бир кайфиятда кутаман. Тўғрироғи яхшиликлардан, соҳамизга оид бирор бир бизни қувонтирадиган янгиликлардан мужда кутаман. Аммо ҳар йили «шу бўлар такрор» деганларидек, умидимизни синдириб кейинги йилга ўтаверамиз… «Ундай қилиш керак, бундай қилиш керак», маъносидаги назарий тадбирлар, йиғилишлар одамни бездириб юборади. Журналистларга ақли етса-етмаса берилаётган насиҳатлар эмас, ҳам руҳий, ҳам маънавий, ҳам иқтисодий мадад бўладиган қарорлар керак аслида.

Телеэкран орқали бир оғиз рост сўзни айтгани учун турли «ўйин»лар орқали ишдан бўшатилиб, йиллаб уйда ишсиз ўтирган журналистнинг аҳволини кўрганимда, ўзининг фидойилиги билан шогирдларига ўрнак бўлган устоз журналистни суднинг эшигигача олиб боришганида кўнглим оғринди. Ахир, улар бирор марта ўз манфаатини кўтариб чиқдими? Қачондир кимнидир танқид қилиб чиққан бўлса, шу жамият муаммоси, шу халқ дарди учун эди-ку бу! Қани шундай пайтларда журналист ҳимояси учун тайинли ишларни санай олсак…

«Оила даврасида» газетаси, 2019 йил 13 июнь, 24-сон