- Маънавият   1 473

ОТАСИДАН  НЕГА ЎРНАК ОЛМАГАН?

Одатда улуғлар, подшоҳлар ҳақида ёзилганда кўп ҳолларда уларнинг камчиликлари хаспўшлаб кетилади. Аммо Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўз отасига таoриф берганида ҳаётда қандай бўлса, шундоқлигича ёзганлиги Бобур авлодлари ҳақидаги асарлардан маълум.

Бобурнинг ёзишича,  отаси Умар Шайх Мирзо паст бўйли, узун ва пахмоқ соқолли, юмалоқ юзли, семиз киши бўлган. Ейишичишда бетакаллуф эди. Шеoриятга қизиқмасди, аммо «Шоҳнома»ни қўлдан қўймай ўқирди. Шундан бўлса керак, адолатли ҳукмдор эди. Хитойдан Андижонга келаётган минг кишилик карвон кўчки остида қолиб одамлар ҳалок бўлганида, мол-мулкларни олдиртириб келиб, хазинага қўйдиради. Икки йил давомида  бу мулк эгалари ворисларини қидиртиради. Ниҳоят уларни топиб, омонатни уларга топширади. У саховатли, хушҳулқ  бўлиш билан бирга анчагина ёмон ҳислатлар соҳиби ҳам эди. Тахтга ўтирганидан кейин май ичишга берилган. Кейинчалик ичкиликни камайтирган. Ўйин-кулгига қаттиқ  киришганида кўзига ҳеч нарса кўринмасди.  Кўпинча нард ўйнарди.  Шунингдек, гоҳида қимор ҳам ўйнаб турган.  Мушти бақувват бўлиб,  ҳар қандай йигит ҳам зарбига дош бериши мушкул эди.Жиззакилиги туфайли кўп ҳолларда сулҳлар урушга, дўстлари душманга  айланган. У доимо ўз ҳудудини кенгайтиришга ҳаракат қилган. Умаршайхнинг бундай ҳаракатлари акаси— Самарқанд ҳукмдори Султон Аҳмад Мирзога ёқмасди. Шу боисдан  у 1494 йили ўз куёви Султон Маҳмуд билан иттифоқ тузиб, Андижон сари қўшин тортади. Аммо тақдир тақозоси билан тарих ғилдираги бошқача айланиб кетади.

Умаршайх каптар боқишни хуш кўрарди. Ахсикентдаги баланд жарлик устига каптархона қурдирганди.  1494 йили 9 июнь куни навбатдаги каптар учириш пайтида Умаршайх Мирзо жарликка қулаб, ҳалок бўлади.

Умаршайх Мирзодан етти хотин, уч ўғил ва беш қиз қолади.

Табиийки, отасидаги яхши-ёмон томонлар темурийзодалар ичида беназир инсон бўлган Заҳириддиннинг келажагига ҳам ўз таoсирини  кўрсатиб, аввало инсон сифатида, сўнгра шоҳ ва шоир сифатида  комилликка интилгани боис, асрлар оша дилларда ва тилларда яшаб келмоқда.

 

   Исҳоқжон КАРИМОВ.