- Ислоҳот, Маънавият, Турфа олам   1 465

ТААССУРОТЛАР БИР ОЛАМ

(Давоми. Боши ўтган сонда).

Тақдир тақозоси билан юртимизнинг энг жанубий шаҳри— Термизда кўп бўлганман. Дастлаб бундан 30 йиллар олдин «Ленин учқуни» газетасида ишлаётганимда совет қўшинлари Афғонистонни тарк этаётганида Ҳайратон кўпригида жангчиларни кутиб олиш маросимида бир гуруҳ журналистлар билан бирга қатнашгандим. Кейинчалик жиянлар ҳарбий хизматдалигида Термизда бўлдик. Сўнги бор 2010 йилда ўғлимиз Камолиддинни армияга кўргани боргандик.

Юқоридагиларни ёзишдан мақсад, ўша пайтларни бугунги кун билан солиштириш. Совет пайтида Термиз «берк» шаҳар эди. Фақат махсус рухсатнома билангина шаҳарга кириларди. Ўша йиллари фуқародан ҳарбийлар кўп бўларди. У кунларни қўя турайлик, бугунги Термиз 10 йил аввалгидан кескин ўзгариб кетибди.

Сафаримизнинг иккинчи куни эрталаб ат-Термизий ҳазратларининг зиёратгоҳига отландик. Йўл-йўлакай улкан қурилиш, бунёдкорлик ишларини кўриб, завқланади, киши. Кўп қаватли турар-жойлар, маданий-маиший шохобчалар, жоме масжиди қурилишида иш қизғин.

Мана, зиёратгоҳдамиз. Тўлиқ исми Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Ҳасан ибн Ҳаким ат-Термизий IX асрда яшаган. У ёшлик чоғларида ўз юртида таниқли олимлардан таoлим олган. Кейинчалик Балҳ, Нишопур, Бағдод, Макка ва Мадина шаҳарларида илмини бойитиб, ўша даврнинг йирик олимлари билан баҳс-мунозараларда иштирок этган.

Буюк бобокалонимиз Термизий қаламига мансуб 400 дан ортиқ асарлар мавжудлиги маoлум. Лекин улардан 60 га яқинигина бизга етиб келган. Термизийнинг етти асари Муҳаммад (С.А.В) хадисларига бағишланган. Илм-фанда машҳур бўлган Термизийнинг замондошлари ал-Ҳаким, деб улуғлашган.

Ал-Ҳаким ат-Термизий меoморий мажмуаси шундоқ Афғонистон чегарасида, Амударё қирғоғида жойлашган. Мажмуа 2016-2017 йилларда янгиланган. Ҳозирда обод ва кўркам бу гўша, нафақат юртдошларимизнинг, дунё мусулмонларининг зиёратгоҳига айланган. Биз ҳам буюк бобомиз қабрини зиёрат қилдик. Қуръон тиловат қилинди.

Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими раиси М.Абдураҳимов Термиз ота тарихининг билимдони экан. Ҳикояларидан кўп нарсаларни билиб олдик.

Зиёратгоҳдан руҳимиз енгил, куч-қувват олиб чиқдик.

Навбатдаги манзил– Афғонистон фуқароларини ўқитиш таoлим марказига йўл олдик.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 10 сентябрда Остонада Ислом ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасида Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Ашраф Ғани билан музокаралар ўтказиб, Афғон фуқароларини ўқитиш марказини ташкил этишга келишдилар. Мазкур келишувга асосан ҳукуматимизнинг 2017 йил 13 ноябрдаги қарорига асосан мазкур таoлим маркази ташкилланди.

Марказ биноси собиқ Янгиариқ касб-ҳунар коллежига қарашли бўлиб, 2005 йилда қурилган. Умумий ер майдони 6,5 гектар. Ўқув бинолари 3,5 гектар майдонни эгаллайди. У ерда 750 ўринли ўқув биноси, 100 ўринли ошхона, 50 ўринли талабалар ётоқхонаси ва спорт ўйингоҳлари мавжуд.

Бино марказга ўтгач, биринчи босқичда 13225 миллион сўмлик қайта реконструкция ишлари амалга оширилди. 100 ўринли ошхона, 30 ўринлидан 9 та ўқув хонаси, 150 ўринли фаоллар зали, 42 ўринли маoрузалар хонаси, 18 ўринли информатика, 24 ўринли физика-химия, 20 ўринли лингафон хоналари, 60 ўринли кутубхона ҳамда 100 ўринли ётоқхона ташкил этилди.

Мазкур марказ раҳбари Ойбек Рўзиевнинг шижоати ва ҳаракатига у билан бир марта суҳбат қурган инсон тан беради. Марказ фаолияти ва келгуси режалар ҳақида биз меҳмонларга жон-у дилдан сўзлаб берди.

Фаоллар залида афғонистонлик талабалар билан учрашув бўлди. Марказда айни пайтда 122 талаба таҳсил оляпти. Уларнинг 13 нафари қизлардир. 96 нафар талаба ўзбек тили ва адабиёти бакалавр таoлим йўналишида ўқишаркан. Улар Тошкент Давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ва Термиз Давлат университети про-
фессор-ўқитувчиларидан сабоқ олишади. 26 нафар талаба ер усти транспорти тузилмалари ва уларнинг эксплуатацияси йўналишида ўқишяти.

Учрашувда Муҳаммаджон Обидов Афғонистонга қилган ижодий сафари, Мавлоно Лутфий ва Алишер Навоий қабрларининг тикланишида иштироки ҳақида сўзлаб берди. Алишер Ҳакимий, Абдулло Баширий, Муҳаммад Азимий каби талабаларнинг шеoрлари, Абдулқодир Ғанининг «Дилҳирож» куйининг чалгани ҳеч кимни беэoтибор қолдирмади.

Шу куни марказда Наврўз байрамига сумалак солишган экан. Сумалакларни биринчи бўлиб, фарғоналик журналистлар таoтидик.

Бир олам таассуротларга бой сурхон сафаримиз ниҳоялаб, «Термиз-Тошкент» поездида пойтахтга йўл олдик.

Тошкент темир йўл вокзалида тадбиркор юртдошимиз Баҳромжон Аҳмедов фарғоналик ижодкорларни кутиб олиб, совғалар тарқатди. Делегациямиз ёши улуғлари тадбиркорнинг ишларига ривож тилаб дуо қилишди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан ташкил этилган Журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида бўлиб, тўғриси биноларнинг безатилгани ва дизайнига қойил қолдик. Проректор Алишер Матёқубов олий даргоҳда олиб борилаётган ишлар билан бирма-бир таништирди. Эoтиборимизни аудиторияда таoлим олаётган 7-10 кишилик гуруҳлар тортди. Чунки биз бир потокда 80-90 талаба ўқиганмиз-да!

Фарғоналиклар университет кутубхонасига 100 дан ортиқ китоблар, музейига сураткаш мухбирларимиз узоқ йиллар ишлатган эски фотоаппаратларини топширдик. Бу даргоҳдан кўнглимиз тўлиб, ҳавас билан чиқдик.

Хабарларингиз бор, газетамизнинг биринчи сонида газеталарнинг бу йилги тиражи ҳақидаги маoлумотларни бергандик. Тиражи 2018 йилга нисбатан ошган икки газетанинг бири «Ишонч»дир. «Ишонч» газетаси таҳририятида бўлиб, бу бежиз эмаслигига амин бўлдик. Газетанинг веб-сайти ишлаб турибди. «Ишонч»да муҳаррирлар учрашуви бўлди, десак муболаға бўлмайди.

Фарғоналиклар билан учрашувга «Ишонч» бош муҳаррири Ҳусан Эрматов «Ўзбекистон овози», «Қишлоқ ҳаёти», «Оила даврасида», «Нуроний» газеталари бош муҳаррирлари Сафар Остонов, Чори Латипов, Ҳусниддин Бердиев, Олимжон Ўсаровни ҳам таклиф қилганди.

Учрашув мастер класс, тажриба алмашиш, асосийси фойдали бўлди. Меҳмону мезбон муҳаррирлар сўз қудрати, газеталар адади, танқидий-таҳлилий мақола, қўйингки журналистикани бугуни ҳақида гапирдилар.

Мулоқот якунида «Ишонч» газетасида бир йил давомида чоп этилган энг сара материаллар жамланган «Бир йилга бир назар» китобини совға сифатида олдик.

Ўзбекистон – кенг қурилишлар майдонига айланган, бугун. «Tоshkent city»да бўлганимизда, бунга яна бир гувоҳ бўлдик. 80 гектар майдонда кўкка бўй чўзаётган қурилишлар киши ахлини олади. Дастлаб, «Hiltоn» меҳмонхонаси ва конгресс хол қурилаётган 5-ҳудудда бўлдик. Баландлиги 92 метр бўлган 21 қаватли меҳмонхона беш юлдузли бўлади. Конгресс холда эса бир пайтда 2 минг киши сиғадиган катта зал, унинг атрофида 15 та кичик заллар қуриляпти.

—Қурувчиларимиз орасида водийликлар ҳам бор, –дейди техника хавфсизлиги муҳандиси Илҳомжон Тиллашайхов. –Улар ҳунарда чет элликлардан қолишмайди. Шароитлар яратилган. Иссиқ жой, иш ҳақи вақтида.

Турар-жойлар қурилишидаги мукаммаликни кўриб, тан бердик.

–Ҳар бир уйнинг тагига 585 тадан 14 метрли чуқурликда темир бетон қозиқ(свак)лар қоқиляпти, –дейди прораб Александр Ксон. – Уй мустаҳкам бўлади, зилзилага бардошлилиги ортади.

5-7 қаватли уйларнинг ертўласида машиналар учун жойлар қилиняпти экан.

«Tоshkent city»ни пойтахтлик ҳамкасбларимиздан олдин кириб кўрдик. Кўрганларимизни Сиз азиз муштарийларга илиндик.

Азимжон ХУДОЙҚУЛОВ.

Фарғона-Термиз-Тошкент-Фарғона.

(Тамом).