- Туман янгиликлари, Қарор ва ижро   963

Туман ҳокимининг қарори

ИЖТИМОИЙ МУҲОФАЗАГА МУҲТОЖ ВА ИШ ТОПИШДА ҚИЙНАЛАЁТГАН ШАХСЛАРНИ ИШГА ЖОЙЛАШТИРИШ УЧУН ИШ ЎРИНЛАРИНИ БАНД ҚИЛИБ ҚЎЙИШ ТЎҒРИСИДА

Ўзбекистон Республикаси “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги Қонунининг 17-моддасига (Ўзбекистон Республикаси  Қонун ҳужжатлари тўплами, 2013 й., 41-сон, 543-модда; 2014 й., 4-сон, 45-модда), ҳамда “Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги (Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2013 й., 18-сон, 233-модда, 41-сон, 543-модда) Қонунига шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 24-майдаги ПҚ-3001-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2017 й., 22-сон, 420-модда 37-сон, 982-модда,) ва Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 декабрдаги “Ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шароитларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ва захирага қўйиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 965-сонли қарорига (Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2017 й.,3-сон, 24-модда) асосан, туман ҳудудида аҳолини иш билан таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсатини амалга ошириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шароитларда рақобатлашишга қодир бўлмаган шахсларни 2021 йилда ишга жойлаштириш учун иш жойларини энг кам миқдорини ажратиш, кўшимча иш жойлари яратиш ҳамда уларни муҳофаза қилиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси “Махаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонуннинг (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси 1993 йил, 9-сон, 320-модда)  6, 25-моддаларига асосан;

Қ А Р О Р    Қ И Л А М А Н

1. Туман худудида жойлашган мулкчилик шаклидан қаътий назар ишчилар сони йигирма нафардан кўпни ташкил этадиган ташкилот ва корхоналарда ишловчилар сонига нисбатан, ўн тўрт ёшгача ва ногирон болалари бўлган ёлғиз ва кўп болали ота-оналар учун 21 та, умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини тамомлаган ёшлар, шунингдек, олий таълим муассасаларининг давлат грантлари бўйича таълим олган битирувчилари учун  80 та, сафарбарлик чақируви захирасида хизматни ўтаган ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафларидан муддатли ҳарбий хизматдан бўшатилган шахслар учун 9 та, ногиронлиги бўлган шахслар учун 134 та, пенсияолди ёшдаги шахслар учун  6 та, жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган ёки суднинг қарорига кўра тиббий тусдаги мажбурлов чоралари қўлланилишидан озод қилинган шахслар учун 7 та, одам савдоси қурбонлари учун  4 та  иш ўринлари бўлиб, жаъми  261 та иш ўринлари заҳирасини белгилайди.

2. Иш ўринлари банд қилиб қўйиладиган касблар ва лавозимлар; ҳисобчи, ўқитувчи, ҳамшира, шифокор, ҳайдовчи, компьютер оператори, тикувчи, ҳуқуқшунос, ходимлар ишлари бўйича инспектор, иктисодчи, менежер, йўл ишчиси, чилангар, боғбон, фаррош, қоровул.

3. Кўрсатиб ўтилган тоифалар учун иш жойлари санитария-гигиена нормаларига ва ходим ўз меҳнат мажбуриятларини бемалол бажаришини таъминлайдиган меҳнат шароитларига шу жумладан техника хавфсизлиги ва меҳнатни муҳофаза қилиш нормаларига мувофиқ бўлиши таъминлансин.

4. Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларга банд қилиниши керак бўлган иш ўринлари сонини ва уларга қўйиладиган талабларни белгилаш бўйича махсус комиссия таркиби 1-иловага, ҳар бир ташкилот бўйича банд қилиб қўйилиши мажбур бўлган иш ўринлари сони тоифаси бўйича 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

5. Тумандаги мавжуд корхона, ташкилот ва муассаса раҳбарларига:

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 декабрдаги 965-сон қарори билан тасдиқланган “Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш тартиби тўғрисида”ги  Низомга мувофиқ ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахслар учун кўрсатилган иш ўринлари ташкил этилишни таъминлаш;

йил бошланишидан олдин 10 кундан кечикмай ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахслар учун банд қилиб қўйилган иш ўринлари умумий сонининг камида 25 (йигирма беш) фоизи ҳажмида иш ўринлари банд қилиб қўйилишини ва тайёр бўлишини таъминласин, ушбу тўғрисида Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказига йил бошлангунга қадар ахборот бериш;

ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахслар учун иш ўринларининг қолган қисмини банд қилиб қўйиш ташкилот (иш берувчи) томонидан календарь йилнинг биринчи чорагига кадар таъминлансин, бу тўғрисида туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказига биринчи чорак тугагандан кейин 10 кундан кечикмай ахборот бериш;

ташкилотлар ҳар ойда хисобот ойидан кейинги ойнинг 5-кунигача  Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказига юқорида кўсатилган тоифадаги шахсларнинг ишга жойлаштирилиши тўғрисида ушбу Низомга  5-иловага мувофиқ шакл бўйича ахборот тақдим этиш;

банд қилиб қўйилган иш ўринларининг белгиланган сони ҳисобига ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг тайёрлиги тўғрисидаги ахборотни ташкилот томонидан тақдим этилмаганлигига ҳам, амалда уларнинг тайёр эмаслигига ҳам меҳнат органи маҳаллий давлат ҳокимияти органи қарорининг бажарилмаганлиги деб ҳисоблансин.

‎6. Ушбу қарор бажарилмаган тақдирда ташкилотнинг мансабдор шахсларига “Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 21-бандига мувофиқ қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда маъмурий жавобгарлик белгилансин.

7. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг 2019 йил 10 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан субсидия ва грантлар ажратиш тартиби тўғрисида Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 19-2019-Б сонли буйруғига (АВ рўйхат рақами №3163, 31 март 2019 йил) мувофиқ, ижтимоий эҳтиёжманд аҳоли қатламларига мансуб шахсларни квоталанган энг кам иш ўрнидан ортиқ миқдорда ишга қабул қилган ташкилотларга – режадан ортиқ қабул қилинган ҳар бир ҳодим учун 12 ой давомида ҳар ойда энг кам ойлик иш ҳақининг 2 баравари миқдорида субсидия тўлаб берилиши инобатга олинсин.

8. Туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази директори (А.Тешабоев)га бир ҳафта муддатда ушбу қарорни 2-иловасида кўрсатилган ташкилот раҳбарлари эътиборига етказсин ва ушбу қарорнинг бажарилиши устидан назоратни таъминласин.

9. Белгилансинки, мазкур қарор оммавий ахборот воситаларида расмий эълон қилиниб, 2021 йилнинг 1 январь кундан бошлаб кучга киради.

10. Ушбу қарор қабул қилиниши муносабати билан туман ҳокимининг 2019 йил 20 сентябрдаги 2895-сон қарори 2020 йил 31 декабрдан ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

11. Ушбу қарорни бажарилишини назорат қилиш туман ҳокимининг иқтисодий ижтимоий масалалар бўйича биринчи ўринбосари Ғ.Эргашев ва туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази директори А.Тешабоевлар зиммасига юклатилсин.

Туман ҳокими:          Й.Ў.БОЙИГИТОВ.